ONLINE TRANSLATE
Ҳужжат паспорти
Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори, 25.06.2026 йилдаги 327-сон

Низомга кўра, магистратурага қабул жараёни таълимнинг кундузги ва кечки таълим шакллари учун амалга оширилади.

Магистратурада ўқиш муддати – кундузги ва кечки таълим шакллари учун 1 йилни ташкил этади.

Магистратура мутахассислигининг кечки таълим шаклида 1 ҳафтада одатда, 5 кун ўқитилади ва ҳафталик ўқув соати ҳажми 20 академик соат қилиб белгиланади.

Магистратурага юриспруденция бакалавриат таълим йўналиши ва магистратурага қабул бўйича турдош олий таълим йўналишлари рўйхати бўйича бакалавр даражасига эга бўлган шахслар ўртасида танлов асосида қабул қилинади.

Танлов, қоида тариқасида, август ойида ўтказилади.

Ташқи абитурентлар учун магистратурага қабул Ҳукуматнинг 2025 йил 13 сентябрдаги 578-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим ташкилотларининг магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом асосида Академия қабул комиссияси томонидан амалга оширилади.

Ички абитуриентлар учун қабул мутахассислик фанлари, шунингдек, хорижий тилни билиш даражасини белгиловчи сертификат бўлмаганда, чет тилидан тест шаклидаги танлов орқали амалга оширилади.

Магистратура битирувчиларига магистратура мутахассислиги бўйича давлат намунасидаги диплом берилади.