Қарорга кўра, қуйидагилар саратон касалликларига қарши курашишнинг асосий мақсадлари этиб белгиланди, жумладан:
аҳолини энг кўп учрайдиган (бачадон бўйни, кўкрак бези, йўғон ичак, ошқозон, простата бези ва ўпка) саратон касалликлари бўйича мақсадли тиббий текширувлар билан қамраб олиш кўрсаткичини камида 60 фоизга етказиш;
аҳоли ўртасида энг кўп учрайдиган саратон касалликларини 1-2- босқичларда аниқлаш даражасини 30 фоиздан 40 фоизгача ошириш;
аҳоли ўртасида энг кўп учрайдиган саратон касалликларини 3-4-босқичларда аниқлаш даражасини 65 фоиздан 55 фоизга камайтириш ва бошқалар.
2027 йил 1 январдан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва халқаро экспертлар иштирокида ишлаб чиқилган Саратонга қарши курашиш миллий дастури (Дастур) асосида аҳоли ўртасида ошқозон, йўғон ичак (колоректал), ўпка ва простата бези саратони касалликларини эрта аниқлаш ва уларнинг олдини олиш чора-тадбирлари ҳудудларда босқичма-босқич амалга оширилади.
Қуйидагилар Дастурнинг устувор вазифалари этиб белгиланди:
аҳолининг саратон касалликлари хавф омиллари, дастлабки белгилари ва олдини олиш усуллари тўғрисидаги хабардорлигини ошириш;
саратон касалликларининг олдини олиш, эрта аниқлаш, ташхислаш ва даволаш тизимини қуйидагилар орқали такомиллаштириш;
тиббий ёрдам сифатини ошириш ва ўлим ҳолатларини камайтириш.
Қарорга кўра, 2027 йил 1 январдан Давлат бюджетидан қопланадиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари доирасида саратон касалликларига чалинган беморларга тиббий ёрдам кўрсатишда қуйидаги хизматлар харажатлари Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан қопланади:
саратон касалликларини эрта аниқлаш ва уларнинг олдини олишда ўтказиладиган лаборатор ва инструментал диагностик текширувлар;
саратон касалликларини ташхислаш ва уларнинг босқичини аниқлаш;
жарроҳлик амалиётлари;
медикаментоз (1-гуруҳдаги (базавий) ўсмага қарши, гормонал ҳамда қўллаб-қувватловчи терапияда қўлланадиган дори воситалари) ва нур терапияси;
паллиатив ёрдам;
реабилитация ва диспансер кузатуви бўйича хизматлар.
Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ҳузурида Ноинфекцион касалликларга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилади.