ONLINE TRANSLATE
Ҳужжат паспорти
Тиббиёт соҳасида хусусий секторни қўшимча қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, 05.05.2026 йилдаги ПФ-74-сон

Фармонга кўра, 2026 йил 1 июлдан:

нодавлат тиббиёт ташкилотларига давлат тиббий суғуртаси ҳамда лицензия доирасида барча йўналишларда беморларга Давлат бюджети ҳисобидан тиббий хизматларни кўрсатишга рухсат берилади. Бунда даволаш харажатлари давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотлари учун ягона базавий нархлар асосида қоплаб берилади;

Давлат тиббий суғуртаси жамғармасига ажратилган маблағлар доирасида беморларга тиббиёт ташкилотларида ихтисослаштирилган амбулатор тиббий хизматлар кўрсатиш ва жарроҳлик амалиётларини ўтказиш учун йўлланма бериш тартиби жорий этилади;

беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш учун Давлат бюджетидан ажратилган маблағларни тиббиёт ташкилотлари кесимида тақсимлаш амалиёти бекор қилинади ҳамда касалликлар йўналишлари кесимида ойлик маблағлар ҳажмини белгилаш тартиби жорий қилинади;

тиббиёт ташкилотлари томонидан тиббий фаолият учун лицензия талаблари ва шартлари бузилган тақдирда, лицензиянинг амал қилишини фақат бундай бузилишларга йўл қўйилган тиббий ихтисослик тури қисмида тўхтатиб туриш амалиёти йўлга қўйилади;

туғуруқни қабул қилиш йўналишида тиббиёт ташкилотларини ташкил этишда бактериологик лаборатория хизматларини аутсорсинг асосида йўлга қўйишга рухсат берилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги (Агентлик) этиб қайта номланади.

Фармонга кўра, Миллий ёки халқаро аккредитациядан ўтган нодавлат тиббиёт ташкилотларига 2027 йил 1 майдан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартиб асосида трансплантация амалиёти билан шуғулланишга рухсат берилади. Бунда:

нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини трансплантация қилиш тартибига риоя этилиши тиббий фаолият учун лицензия талаб ва шартлари этиб белгиланади;

нодавлат тиббиёт ташкилотларининг инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини трансплантация қилиш билан боғлиқ фаолияти “хавфни таҳлил қилиш” тизими орқали хавфи юқори кўрсаткичга эга фаолият ҳисобланади;

нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан трансплантация амалиёти амалга оширилган беморлар ва донорлар тўғрисидаги маълумотлар мажбурий тартибда Соғлиқни сақлаш вазирлигига мунтазам тақдим этиб борилади.

2027 йил 1 январдан тажриба-синов тариқасида Самарқанд вилоятида ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига киритилган бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари бино-иншоотларини қуриш ва уларда реконструкция ишларини олиб бориш бўйича қуйидаги таклифлар маъқулланди:

объектларда тадбиркорлар ўз маблағлари ҳисобидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган лойиҳалар асосида қурилиш-монтаж ишларини олиб боради;

қурилиш-монтаж ишлари якунлангандан сўнг белгиланган тартибда объектларда назорат ўлчови ўтказилади;

объектларни қабул қилиш ишлари якунлангач тадбиркорларга белгиланган маблағлар тўлаб берилади.