ONLINE TRANSLATE
Ҳужжат паспорти
Қуролли Кучлар тизимида республика китобхонлик танловини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори, 07.04.2026 йилдаги ПҚ-128-сон

Қарорга кўра, 2026 йилдан бошлаб ҳар йили қуйидагилар ўртасида алоҳида-алоҳида “Маънавият қалқони” республика китобхонлик танлови 4 босқичда ўтказилади:

муддатли ҳарбий хизматчилар;
контракт бўйича ҳарбий хизматчилар;
олий ҳарбий ва олий ҳарбийлаштирилган таълим муассасалари курсантлари (курсантлар);
ҳарбий-академик лицейлар ўқувчилари (ўқувчилар).

Китобхонлик танловининг республика босқичида вазирлик ва идораларнинг муддатли ҳарбий хизматчилари, контракт бўйича ҳарбий хизматчилари, курсантлари ҳамда ўқувчилари орасидан:

1-ўринни эгаллаган 4 нафар ғолибнинг ҳар бири Олий Бош қўмондоннинг бош соврини – электромобиль ҳамда диплом билан тақдирланади;

2-ўринни эгаллаган 4 нафар совриндорнинг ҳар бири БҲМнинг 100 баробари миқдорида бирйўла тўланадиган пул мукофоти ҳамда диплом билан тақдирланади;

3-ўринни эгаллаган жами 4 нафар совриндорнинг ҳар бири БҲМнинг 70 баробари миқдорида бирйўла тўланадиган пул мукофоти ҳамда диплом билан тақдирланади.

Китобхонлик танловининг республика босқичида 1-, 2- ва 3-ўринларни эгаллаган муддатли ҳарбий хизматчиларнинг хизмат муддати рағбатлантириш тариқасида 1 ойга қисқартирилади.