Қарорга кўра, 2026 йил 1 январдан:
ҚҚСдан тушган тушумлардан Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетига 5 фоиз ва қолган ҳудудлар маҳаллий бюджетларига 20 фоиз ўтказилади;
маҳаллий бюджетларга келиб тушадиган ҚҚС, фойда солиғи ва бензин, дизель ёқилғиси ва газни якуний истеъмолчига реализация қилишда тўланадиган акциз солиғи, давлат божи, жарима ва йиғимлар ҳисобидан тушадиган даромадлардан туман (шаҳар)лар бюджетларига ажратмалар меъёрлари белгиланади;
Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларига алкоголь маҳсулотларини реализация қилиш ҳуқуқи учун ҳамда умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголь маҳсулотларини реализация қилиш ҳуқуқи учун йиғимларнинг чекланган ставкаларини 20 фоизгача ошириш ваколати берилади ҳамда мазкур йиғимлардан тушган тушумлар тўлиқ миқдорда туман (шаҳар)лар бюджетларига йўналтирилади;
қуйидаги тушумлар маҳаллий бюджетларга ўтказилади
ва қўшимча манба сифатида фойдаланилади:
қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни тўғридан-тўғри ижарага беришдан Давлат бюджетига ўтказилиши белгиланган маблағлар тегишли туман (шаҳар)лар бюджетларига йўналтирилади;
деҳқон бозорлари, ихтисослаштирилган ва буюм бозорларидан республика бюджетига тушган солиқлар ушбу соҳадаги ҳамда маҳаллаларда инфратузилмани яхшилаш учун мазкур бозорлар жойлашган туман (шаҳар)лар бюджетларига ўтказилади.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 январдан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда туман (шаҳар)лар ҳокимликлари ҳузуридаги жамғармалар ва маҳаллий бюджетлар қўшимча манбалари маблағларининг бўш турган қисмини аукцион орқали тижорат банкларида депозитга қўйиш ҳисобига қўшимча даромад топишга рухсат берилади.
2026 йил 1 январдан туман (шаҳар)лар бюджетлари харажатларини камайтиришга йўл қўйилмайди.
2026 йил 1 январдан туман (шаҳар)лар ҳокимларининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосарлари бир вақтнинг ўзида туман (шаҳар)лар ободонлаштириш бошқармалари бошлиғи ҳисобланади.
2026 йил 1 апрелдан шаҳар ободонлаштириш бошқармаларига бириктирилган ҳудудларга улар томонидан етиштирилган мавсумий гул кўчатлари экилиши чоралари кўрилади.
Бунда мазкур тартиб 2027 йилдан республиканинг барча ҳудудларидаги ободонлаштириш бошқармаларида жорий этилади.