ONLINE TRANSLATE
Ҳужжат паспорти
«Келажак» марказлари фаолиятини тартибга солишга қаратилган айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори, 10.12.2025 йилдаги 776-сон

Қарорга кўра, “Келажак” марказларида ўқиганлик учун ота-оналар бадали тўлови ойига БҲМга нисбатан қуйидаги миқдорларда белгиланди:

2026 йил 1 январдан:

Тошкент шаҳрида – 30 фоиз;
вилоятлар марказларида – 25 фоиз;
республиканинг қолган туман (шаҳар)лари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус ва Хоразмнинг Урганч шаҳарларида – 15 фоиз;
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразмнинг қолган туман (шаҳар)ларида – 10 фоиз;

2026 йил 1 сентябрдан:

Тошкент шаҳрида – 60 фоиз;
вилоятлар марказларида – 50 фоиз;
республиканинг қолган туман (шаҳар)лари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус ва Хоразм вилоятининг Урганч шаҳарларида – 30 фоиз;
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг қолган туман (шаҳар)ларида – 20 фоиз.

Қарор билан тасдиқланган низомга, жорий ой учун тўлов мазкур ойнинг 10-санасидан кечикмасдан тўланади. Бунда сентябрь ойи учун тўлов 30-санага қадар амалга оширилади.

Ота-оналар тўловидан қуйидагилар озод этилади:

“Камбағал оилалар реестри”га киритилган оилаларнинг фарзандлари (таълим олувчилар умумий сонининг 15 фоизи миқдорида);

алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернат ўқувчилари;

етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, умумий ўрта таълим ташкилотларининг инклюзив синфларида таълим оладиган алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган ўқувчилар.