Фармонга кўра, қуйидагилар 2030 йилгача яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб белгиланди, жумладан:
ялпи ички маҳсулотга нисбатан кузатилмайдиган иқтисодиёт улушини 1,3 бараварга қисқартириш;
савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида аҳоли томонидан тўловларни нақд пулсиз амалга ошириш улушини 75 фоизга етказиш.
2026 йил 1 апрелдан қуйидагилар учун тўловлар фақатгина банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилади:
давлат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар;
электр энергияси, табиий газ, ичимлик сувидан фойдаланганлик учун тўловлар;
алкоголь ва тамаки маҳсулотлари;
транспортларга ёқилғи қуйиш шохобчалари орқали аҳолига нефть-газ маҳсулотларини сотиш ва электрда ҳаракатланадиган транспортларни зарядлаш бўйича хизматлар;
қиймати 25 миллион сўмдан ошадиган товар ва хизматлар;
кўчмас мулк объектлари, ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган M, N, O ва G тоифага кирувчи транспортлар ҳамда махсус автотранспорт воситаларини сотиш ва сотиб олиш.
Фармонга кўра, 2026 йил 1 январгача барча савдо ва хизмат кўрсатувчи юридик шахслар томонидан электрон тўловларни қабул қилиш учун ягона QR код жорий қилинади.
2026 йил 1 январдан барча савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги юридик шахслар томонидан банкларда генерация қилинган ягона QR код орқали электрон тўловларни қабул қилиш йўлга қўйилади.
Бунда 2026 йил 1 июлдан:
барча савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги юридик шахсларда ягона QR кодли тўлов тизими орқали тўловларни қабул қилиш ҳам мажбурий этиб белгиланади;
ягона QR кодлардан фойдаланилмаётганлиги савдо қоидаларини бузиш деб ҳисобланади.
2026 йил 1 январдан 1 та ташқи савдо шартномаси доирасида айнан бир хил турдаги товарларга мувофиқлик ва экологик сертификат 1 йилдан ошмаган муддатга 1 маротаба берилади.
2026 йил 1 мартдан солиқ органлари ходимлари ҳамда Навоий ва Чирчиқ шаҳарларида ҳисобга қўйилган жисмоний шахслар томонидан жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш тажриба-синов тариқасида жорий этилади.