ONLINE TRANSLATE
Ҳужжат паспорти
Ҳуқуқий ахборотни проактив шаклда етказиш тизими самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, 08.09.2025 йилдаги ПФ-160-сон

Фармонга кўра, қуйидагилар соҳани такомиллаштиришнинг асосий вазифалари этиб белгиланди, жумладан:

ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни оширишда сунъий интеллектдан фойдаланиш орқали инновацион ёндашувларни жорий этиш;

аҳолининг ҳуқуқий ахборотга бўлган ҳақиқий талаб ва эҳтиёжларини ўрганган ҳолда ҳуқуқий маълумотларни манзилли ва мақсадли етказиш.

Фармонга кўра, Lex.uz асосида “проактив қонунчилик” тамойили билан ҳуқуқий ахборотни “ақлли тарғибот” шаклида етказишнинг қуйидаги тизими жорий этилади:

Lex.uz Солиқ органларининг электрон давлат хизматлари портали ва ЯИДХП (my.gov.uz) билан интеграция қилинади;

тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг розилигига асосан, soliq.uz тизимидаги шахсий кабинетига улар фаолиятига оид янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юборилади;

ЯИДХП (my.gov.uz) фойдаланувчиларнинг шахсий кабинетига уларнинг розилигига асосан кундалик ҳаётда қўллаш учун зарур бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳаволалари юборилади.

Фармонга кўра, 2026 йил 1 мартдан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларини ижрочиларга етказиш, уларнинг моҳиятини ижрочилар ва аҳолига тушунтириш ишларини “Ijro.gov.uz” идоралараро ягона электрон ижро интизоми тизими орқали назорат қилиш тартиби йўлга қўйилади. 

Бунда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнлари “Ijro.gov.uz” тизими ва “Рақамли маҳалла” платформаси орқали “республика-вилоят-туман-маҳалла” тамойили асосида давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига юборилади. 

Шунингдек, эндиликда ҳуқуқий тарғибот ишлари соҳага масъул бўлган давлат органлари томонидан амалга оширилади. Уларнинг бу фаолияти Адлия вазирлиги томонидан “Ijro.gov.uz” тизимида Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш картотекаси орқали назорат қилиб борилади.

Картотекада Адлия вазирлиги томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжат дахл қиладиган субъектлар тоифаси, уларга ҳуқуқий ахборотни етказиш усуллари ҳамда тарғиботни ташкил қилишга масъул давлат органлари ва ташкилотлари белгиланади.

Бундан ташқари, интернетдаги оммабоп платформаларда ҳуқуқий ахборотни ижтимоий тармоқлар орқали етказиш қамровини ошириш мақсадида  “Adliya TV” саҳифаси ишга туширилади.