Қарорга кўра, муҳандислик ва IT соҳасида кадрлар тайёрлашга ихтисослашган Ал-Хоразмий университети ташкил этилади.
Университетнинг асосий фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди, жумладан
математика, аэрокосмик технологиялар, муҳандислик, IT ва сунъий интеллект соҳалари учун замонавий билим ва малакага эга олий маълумотли кадрлар тайёрлаш;
ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги мавжуд эҳтиёжлардан келиб чиқиб, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, шунингдек, чет эллардаги нуфузли, тан олинган илмий марказлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиш, талабаларни илмий ва инновацион фаолиятга кенг жалб этиш.
Университетда таълим жараёни 2025/2026 ўқув йилидан ташкил этилади ҳамда талабаларни ўқитиш давлат ва инглиз тилларида кредит-модуль тизими асосида олиб борилади.
В.И.Романовский номидаги Математика институтининг Урганч филиали Университет биносида ташкил этилади ҳамда ҳар бир илмий ходимга талаба бириктириш амалиёти йўлга қўйилади.
Университетда таълим жараёни давлат гранти ва тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
Қарорга кўра, 2025/2026 ўқув йилидан Тошкент ахборот технологиялари университетининг Урганч филиали Урганч давлат университетига қўшиб юборилади.
Тошкент ахборот технологиялари университетининг Урганч филиалида таҳсил олаётган барча талабалар ўқишини 2025/2026 ўқув йилидан Урганч давлат университетининг мос бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларида давом эттиради.
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг Урганч филиали Ал-Хоразмий мажмуаси ҳудудида ташкил этилади.
Ихтисослаштирилган мактабда ўқув жараёни 7 йиллик дастур асосида STEM модели бўйича ташкил этилади. Бунда:
дастлабки 5 йилда устуворлик ўқувчиларда физика, математика, информатика ва инглиз тили бўйича фундаментал билимларни шакллантиришга, кейинги 2 йилда эса муҳандисликка бошланғич тайёргарликни таъминлашга қаратилади;
ўқувчилар танлови умумий ўрта таълим ташкилотларининг математика ва информатика фанлари бўйича қобилияти бор 4-синф битирувчилари орасидан амалга оширилади.
Ихтисослаштирилган мактабга Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб раҳбари, ходимлари ва ўқувчилари учун белгиланган ташкилий, академик ва молиявий шарт-шароитлар татбиқ этилади.