ONLINE TRANSLATE
Ҳужжат паспорти
«Янги Ўзбекистон» университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори, 28.04.2025 йилдаги ПҚ-151-сон

Қарорни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсадлар этиб қуйидагилар белгиланди, жумладан:

энг иқтидорли ёшлар ва юқори салоҳиятли профессор-ўқитувчиларнинг илмий мактабларини шакллантириш;

халқаро стандартлар ва илғор тажриба асосида тиббиёт соҳасида таълим, амалиёт ҳамда илмий тадқиқот фаолияти уйғунлигини таъминлаш, соҳа учун рақобатбардош ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш.

Университет ҳузурида Илғор билим ва тажрибалар трансфери маркази ташкил этилади.

2025/2026 ўқув йилидан Университетнинг магистратура мутахассисликлари талабаларига Вазирлар Маҳкамасининг қарори (https://lex.uz/ru/docs/6045973) билан таълимнинг бакалавриaт босқичига жорий қилинган давлат грантини ажратиш тартиби жорий этилади.

2027 йил 1 декабргача Университет учун олиб келинадиган ва муқобили Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган қурилма, дастурий ва техник воситалар, бутловчи қисмлар божхона тўловларидан (ҚҚС, акциз солиғи ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилади.

Қарорга кўра, Университетда техника ва тиббиёт соҳаларидаги илмий-тадқиқот лойиҳаларини грант асосида молиялаштиришнинг янги механизми жорий этилади. Бунда:

илмий-тадқиқот лойиҳасини 1 йиллик молиялаштириш қиймати БҲМнинг 2 500 баробаридан юқори бўлган ҳолларда ушбу лойиҳани молиялаштириш халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингида юқори 30 талик рўйхатга кирган олий таълим ташкилоти хулосаси асосида амалга оширилади;

илмий-тадқиқот лойиҳаларига ажратилган маблағларнинг камида 60 фоизи ушбу лойиҳа доирасида фойдаланиш учун тегишли асбоб-ускуна харид қилишга йўналтирилади.

Шунингдек, илмий-тадқиқот лойиҳасини 1 йиллик молиялаштириш қиймати БҲМнинг 5 000 баробаридан юқори бўлган ҳолларда ушбу лойиҳа раҳбарига қуйидаги мажбуриятлар юкланади:

илмий-тадқиқот лойиҳаси умумий қийматининг камида 20 фоизини ҳамкорликда молиялаштириш мақсадида хорижий грантларни жалб қилиш;

илмий-тадқиқот лойиҳасини 3 нафар докторант ва 10 нафар магистрантни жалб қилган ҳолда амалга ошириш;

илмий-тадқиқот лойиҳасини амалга оширишда камида 10 нафардан иборат тадқиқотчилар гуруҳини тузиш ҳамда камида Хирш индекси 20 дан юқори бўлган 1 нафар чет эллик олимни жалб қилиш.

Университетда Европа стандартлари асосида Германия Федератив Республикасининг олий таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда тиббиёт факультети ташкил этилади.