Фармонга мувофиқ:
1) 2025 йилда бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурининг (Дастур) асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:
ҳудудларда жами 8,1 миллион м2дан иборат 135 минг квартирали уй-жойларни қуриш;
ипотека кредитлари бўйича дастлабки бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар сонини 1,5 бараварга ошириш ва мазкур мақсадларга Давлат бюджетидан 2,5 триллион сўм йўналтириш;
уй-жой ва ипотека бозорини молиявий ресурслар билан таъминлаш учун 20,9 триллион сўм миқдоридаги ипотека кредитларини ажратиш;
“Янги Ўзбекистон” ва бошқа массивларда кўп квартирали уй-жойларни барпо қилишда иштирок этадиган қурилиш ташкилотларини айланма маблағлар билан таъминлаш учун Давлат бюджетидан 700 миллиард сўм ҳамда тижорат банкларининг ўз маблағлари ҳисобидан 3,0 триллион сўм миқдоридаги маблағларни йўналтириш;
2) 2025 йилда “Янги Ўзбекистон” ва бошқа массивларда кўп квартирали уй-жойлар қуришнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди;
3) 2025 йил 1 мартдан «Янги Ўзбекистон» массивлари учун янги ҳудудлар урбанизация тамойилларига мувофиқ қуйидаги мезонларни инобатга олган ҳолда танланиши белгиланди:
массивнинг туман (шаҳар) марказида ёки унга яқин (2 километргача) бўлган яхлит битта ҳудудда жойлашганлиги ҳамда ушбу ҳудудда истиқомат қилувчи аҳолининг уй-жойга талаби мавжудлиги;
массивнинг муҳандислик-коммуникация ва транспорт инфратузилмалари билан таъминланганлиги ёки мавжуд инфратузилмаларга яқинлиги;
массив ташкил этилмоқчи бўлган ҳудудда камида 70 минг киши истиқомат қилиши ва бошқалар;
4) 2025 йил 1 майдан “Янги Ўзбекистон” массивларини барпо этиш доирасида қуйидаги тартиб ўрнатилди, унга мувофиқ:
а) ер участкаларини кўп квартирали уй-жойлар қуриш учун ижарага бериш бўйича аукцион савдоларида қатнашиш, кўп квартирали уй-жойларни қуриш ва уларни реализация қилишга фақат ҚҚС тўловчи юридик шахсларга рухсат этилади;
б) ер участкаларини кўп квартирали уй-жойлар қуриш учун ижарага бериш бўйича аукцион савдолари офертасида лойиҳа олди ҳужжатлари тайёрлашга 15 кунлик, лойиҳа ишларини бажаришга 2 ойлик ва қурилиш ишларини бошлашга 3 ойлик муддат белгиланади, шунингдек, унда қурилишни якунлаш ва объектни фойдаланишга қабул қилиш муддатлари кўрсатилади ва бошқалар;
5) 2025 йил 1 мартдан реновация асосида кўп квартирали уй-жойларни барпо этишнинг қуйидаги тартиби жорий этилди, унга мувофиқ:
а) реновация лойиҳасини бошлашга барча мулкдорлар билан нотариал тасдиқланган келишув битими имзоланганидан сўнг рухсат берилади;
б) мулкдорларга, уларнинг хоҳишига кўра, қуйидаги компенсация турларидан бири тақдим этилади:
бузилаётган тураржой объектлари ўрнига уларнинг майдонидан кам бўлмаган реновация дастурига мувофиқ янги қуриладиган тураржойлардан яшаш учун тайёр ҳолдаги квартираларни мулк ҳуқуқи асосида бериш ҳамда қурилиш даврида кўчиш, шу жумладан, бошқа тураржой объектини вақтинчалик ижарага олиш билан боғлиқ харажатларни тўлиқ қоплаш;
бузилаётган турар ва нотурар жой объектининг бозор қийматини тўлиқ қоплаб бериш;
реновация лойиҳаси ташаббускори билан келишилган ҳолда бошқа турдаги компенсацияни тақдим этиш.