ONLINE TRANSLATE
Ҳужжат паспорти
Мактабгача ва мактаб таълими соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, 02.07.2024 йилдаги ПФ-98-сон

Фармонга мувофиқ:

1) Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Мактабгача таълим агентлиги (Агентлик) фаолиятини тугатиш ҳамда Агентликнинг ташкилий тузилмасидаги ташкилотларни вазирлик тасарруфига ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди;

2) Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги зиммасига қуйидаги қўшимча функцияларни бажариш юклатилди:

илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда мактабгача ёшдаги болаларни ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш;

мактабгача таълим ва тарбия жараёнига замонавий инновацион педагогик технологияларни, таълим ва тарбиянинг самарали шакллари ҳамда усулларини жорий этиш;

мактабгача таълимнинг ўқув режа, дастур ва ўқув-методик мажмуаларини такомиллаштириш, уларнинг умумий ўрта таълим дастурлари билан узвийлигини таъминлаш;

давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари орасида соғлом рақобат муҳитини яратиш ҳисобига барча болаларнинг мактабгача таълим билан босқичма-босқич қамраб олинишини таъминлаш;

нодавлат ва давлат-хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш, уларга қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ субсидия ва компенсациялар ажратиш, берилаётган давлат кўмагининг самарали ва мақсадли ишлатилиши устидан таъсирчан назоратни ўрнатиш;

мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларининг рационал ва белгиланган меъёрлар асосида соғлом ва тўғри овқатланишини таъминлаш;

соҳада замонавий ахборот технологияларини қўллаш, бошқарув жараёнларини рақамлаштириш ва ҳужжатлар айланмасини қисқартириш орқали мактабгача таълим хизматлари сифатини ошириш;

3) Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Агентликнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан халқаро шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланиши белгиланди;

4) Агентликнинг Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Амир Темур шоҳ кўчаси, 17-уй манзилидаги бино-иншоотлари оператив бошқарув ҳуқуқи асосида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига берилиши белгиланди.