Фармонга мувофиқ:
1) Туман (шаҳар) адлия бўлимларига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилди:
жойларда аҳоли томонидан кўтарилаётган долзарб муаммоларни кўриб чиқиш ва ҳал этиш учун ҳар ойда маҳаллаларда “Адлия куни” тадбирларини ўтказиш. Бунда олис ҳудудлардаги маҳаллаларда ҳар ойда камида 2 маротаба сайёр давлат хизматларини кўрсатиб бориш;
уйма-уй юриш ва “Ҳуқуқий кўмак” акцияларини ўтказиш орқали фуқаролар кундалик ҳаётида аниқланадиган ҳуқуқий муаммоларни бартараф этиш юзасидан қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;
“маҳалла еттилиги”га қонунчилик ҳужжатларининг моҳияти ва аҳамиятини оддий ва халқчил тилда етказиш, шунингдек улар томонидан “Online-mahalla” платформасига киритилган аҳолининг кундалик ҳаётидаги ҳуқуқий масалаларга оид муаммоларини ҳал этиб бориш ва бошқалар;
2) 2024 йил 1 июлдан фуқароларга бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатишнинг қуйидаги тартиби жорий қилиниши белгиланди:
Адлия вазирлиги томонидан “Мадад” ННТ билан ҳамкорликда республиканинг барча туман ва шаҳарларидаги давлат хизматлари марказларида “Мадад” ННТнинг ҳуқуқий маслаҳат бюролари босқичма-босқич ташкил қилинади;
ҳуқуқий маслаҳат бюролари томонидан аҳолига бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилади, шунингдек низоларни судгача ва суд орқали ҳал этишда зарур бўладиган процессуал ҳужжатларни тайёрлашда кўмаклашилади;
3) Мактабларда 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб:
Адлия вазирлигининг махсус электрон платформаси орқали ҳуқуқ фани ўқитувчиларининг касбий билим ва кўникмаларини узлуксиз ошириб бориш ҳамда уларни методик таъминлаш тизими йўлга қўйилади;
ўқувчилар ўртасида “Ҳуқуқ билимдони” фан олимпиадаси, ҳуқуқ фани ўқитувчилари ўртасида “Энг яхши ҳуқуқ ўқитувчиси” кўрик-танлови ўтказиб борилади;
4) Адлия вазирлиги давлат органлари ва ташкилотларида ҳуқуқни қўллашни методик таъминлаш бўйича ваколатли орган этиб белгиланди;
5) 2024 йил 1 июлдан:
Mobile-ID тизимида фуқароларни идентификация қилиш уларнинг хоҳишига кўра ID-карта ва хорижга чиқиш биометрик паспортини давлат хизматлари марказлари орқали расмийлаштириш жараёнида композит шаклда амалга оширилади;
корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардан архив ҳужжатлари ўрнатилган тартибда йўқ қилинишида, уларнинг электрон нусхаларини талаб этиш амалиёти бекор қилинади;
аввал давлат рўйхатидан ўтказилган (давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома берилган ёки ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатга устхат ёзиш йўли билан тасдиқланган) ва ҳозир ҳам амалда бўлган кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар тўғрисидаги маълумотларни электрон тарзда давлат реестрига киритиш ва бу ҳақида давлат реестридан кўчирма бериш бепул амалга оширилади;
нотурар жойларни бошқа шахсга ўтказишга оид битимларни расмийлаштириш битим томонлари давлат хизматлари марказига келган ва уларнинг шахси марказ ходими томонидан аниқлаштирилган ҳолда амалга оширилади ҳамда расмийлаштирилган битим бир вақтнинг ўзида давлат рўйхатидан ўтказиш учун кадастр органларига юборилади;
6) Янги давлат хизматлари кўрсатиш тартибини жорий этишдан аввал уларни, заруратга кўра, эксперимент тариқасида маълум бир ҳудудда апробация қилиш тартиби жорий қилиниши белгиланди.
7) Қуйидагилар ташкил этилиши белгиланди:
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази, Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш маркази, Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказининг Суд экспертларининг малакасини ошириш ўқув маркази ҳамда “Ўзархив” агентлиги ҳузуридаги Архив иши ва иш юритиш бўйича малака ошириш илмий-методик маркази негизида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти;
Адлия вазирлигининг “Давлат хизматларини ривожлантириш маркази” давлат муассасаси негизида Қонунчиликни таҳлил қилиш ва тартибга солиш таъсирини баҳолаш институти;
8) Адлия вазирлигига қуйидаги ҳуқуқлар берилиши белгиланди:
интеллектуал мулк тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилиши ҳолатлари юзасидан белгиланган тартибда хулоса бериш;
контрафакт маҳсулотларни яширин ишлаб чиқариш ҳолатларини аниқлаш бўйича махсус ваколатли органлар билан ҳамкорликда тадбирлар ўтказиш ва аниқланган контрафакт маҳсулотларни олиб қўйиш ва йўқ қилиш;
интеллектуал мулк соҳасидаги қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширишларни ваколатли органни хабардор қилиш тартибида амалга ошириш.
9) 2025 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахсларнинг фуқаролик ҳолати ҳамда уларнинг шахсига доир бошқа маълумотларни ўз ичига олувчи Аҳолининг ягона электрон реестри жорий этилиши белгиланди;
10) 2024 йил 1 июлдан 2026 йил 1 июлгача ҳуқуқий эксперимент тариқасида Тошкент шаҳрида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган айрим давлат хизматларини кўрсатиш бўйича маъмурий ҳужжатларни судгача кўриб чиқишнинг янги тартиби жорий этилади.
Ҳуқуқий эксперимент доирасида Адлия вазирлиги ҳузурида Олий апелляция кенгаши ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаси ҳузурида Апелляция кенгаши ташкил қилиниши белгиланди.