Фармонга мувофиқ:
1) 2024 йил 1 мартдан бошлаб алоҳида ишлаш талаб этиладиган, шунингдек, истеъдодли ва иқтидорли ёшлар Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси қарори билан “Ёшлар баланси” асосида вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат иштирокидаги корхона ва ташкилотлар ҳамда олий таълим ташкилотлари раҳбарларига бириктирилиши белгиланди;
2) Ёшларнинг салоҳияти, истеъдоди ва ташаббусларини тўлақонли рўёбга чиқариш мақсадида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида:
2024 йил 1 мартдан бошлаб маҳалла, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар тизимида мукофот жамғармаси 600 миллион сўм миқдорида хорижий тиллар (“Ибрат фарзандлари”) бўйича танловлар, киберспорт мусобақалари ва “Заковат” интеллектуал ўйинлари юқори савияда ташкил этилиши;
Ёшлар ишлари агентлиги ва маҳаллий ҳокимликлар томонидан касблар танловида ғолиб бўлган ёшларни ўз ҳудудларида жиҳозланган устахоналар билан “Ёшлар дафтари” жамғармаси маблағлари ҳисобидан таъминлаш амалиёти йўлга қўйилиши белгиланди;
3) Экология, соғлом турмушни тарғиб қилиш каби ижтимоий аҳамиятга молик 100 та волонтёрлик лойиҳалари бўйича 1-босқичда базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваригача маблағни танлов асосида ажратиш тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифга розилик берилди;
4) 2024 йил 1 июндан бошлаб “Ёш тадбиркор” танловларини ўтказиш амалиёти йўлга қўйилади;
5) 2024 йил 1 мартдан бошлаб “Ҳар бир маҳалладан икки нафар дастурчи” дастури жорий этилади;
6) 2024 йил 1 мартдан бошлаб:
“Ёшлар дафтари” жамғармаси маблағларини ёшларни чет тиллари ва касб-ҳунарга ўқитиш мақсадларига йўналтириш амалиёти йўлга қўйилиши;
ёшларни замонавий касбларга ўқитиш бўйича “Устоз” махсус платформаси ишга туширилиши ва дастлабки босқичда мазкур платформа орқали 250 минг нафар ёшлар қамраб олиниши таъминланиши;
ёш хотин-қизларни тадбиркорлик, маркетинг, график-дизайн каби замонавий касбларга ўргатиш учун “Қизлар академияси” платформаси ишга туширилиши ва бу орқали ёш хотин-қизлар учун турли танлов, лойиҳалар, ўқув оромгоҳлари, стажировкалар ташкил этилиши белгиланди;
7) 2024 йил 1 июлдан бошлаб нуфузли халқаро брендлар билан ишлаб чиқаришни бошлаётган корхоналарга:
халқаро стандартларни жорий этиш ва экологик сертификатлаш харажатларини қоплаб бериш тартиби жорий қилиниши;
3 йил давомида нуфузли халқаро брендлар остида ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар учун зарур бўлган барча хомашёлар маҳаллийлаштириш даражасини камида 60 фоизга етказиш шарти билан божхона божидан озод этилиши;
нуфузли халқаро брендлардан жалб қилинган технолог, дизайнер, маркетолог каби мутахассислардан Ўзбекистон ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома берилганлиги учун тўловлар ундирилиши бекор қилиниши белгиланди;
8) Қуйидагилар:
а) 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб:
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг 1 тадан туманида (шаҳрида) синов тариқасида “Менинг мактабим” лойиҳаси амалга оширилиши ҳамда бунинг доирасида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан мактабларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баробарида маблағ ажратилиб, ушбу маблағ 5 – 11-синф ўқувчилари танловига кўра, электрон доска, компьютер, спорт жиҳозлари, китоблар каби мактаблар учун зарур товарларга сарфланиши;
умумий ўрта таълим муассасалари директорларини менежерлик бўйича сертификациялаш тизими жорий этилиши белгиланди. Бунда, директорларга малакавий талаблар аниқ белгиланиб, улар ҳар 5 йилда 1 маротаба аттестациядан ўтказилади;
б) 2025 йил 1 январдан бошлаб Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим муассасаларида она тили ва адабиёт ҳамда тарих фанлари бўйича Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг миллий баҳолаш тизимида олинган тегишли даражадаги сертификатга эга бўлган ва ушбу фанлардан дарс берувчи педагог кадрларга уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорида ҳар ойлик қўшимча устама тўланиши белгиланди;
9) Ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида:
2024 йилда ногиронлиги бўлган шахсларни замонавий протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилиш техник воситалари билан таъминлашнинг янги тизими босқичма-босқич жорий қилиниши;
2024 йил 1 сентябрдан бошлаб пенсия тайинлашда бир вақтнинг ўзида шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағидаги пулни олиш билан боғлиқ ҳаракатлар проактив тарзда амалга оширилиши, ногиронликни белгилашда эса, ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган имтиёзлар тўғрисида хабардор қилиш тартиби жорий этилиши;
2024 йил 1 декабрдан бошлаб ёлғиз яшаётган ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга Тошкент шаҳрида эксперимент тариқасида тегишли йўналишдаги нодавлат ташкилотлар орқали Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги маблағлари ҳисобидан ижтимоий хизматлар кўрсатиш амалиёти йўлга қўйилиши белгиланди;
10) Мамлакатимизда чанг бўронларига қарши курашиш ва уларнинг салбий оқибатларини юмшатиш доирасида:
а) 2024 йил 1 мартдан бошлаб:
ҳудудларда чанг бўрони содир бўлаётганда ва атмосфера ҳавосида майда дисперс заррачалари белгиланган нормадан юқори бўлгани аниқланганда аҳолини огоҳлантириш, юрак-қон томир ва нафас йўллари касалликларига чалинган ҳамда соғлиғи ҳавонинг ифлосланишига таъсирчанлиги юқори бўлган бошқа фуқароларни зарур профилактик чоралар тўғрисида доимий хабардор қилиш амалиёти йўлга қўйилиши;
ўлчами 500 метр квадрат ва ундан ортиқ бўлган қурилиш майдонларида, унга кириб-чиқиш йўлларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этиш бўйича мажбурий талаблар жорий этилиши;
Тошкент шаҳрида юк ташиш учун мўлжалланган, рухсат этилган тўла вазни 10 тоннадан юқори бўлган N2, N3, О4 тоифага кирувчи автотранспорт воситаларининг ҳаракати тиғиз вақт оралиқларида тақиқланиши;
2030 йилга қадар Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоятлар марказларида “ЕВРО — 5” ва ундан юқори стандартларига мувофиқ бўлмаган автомашиналар эксплуатацияси босқичма-босқич чекланиши белгиланди.