ONLINE TRANSLATE
Ҳужжат паспорти
Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, 05.07.2021 йилдаги ПФ-6256-сон

Фармонга мувофиқ:

1) Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришнинг 2021 – 2025 йилларга мўлжалланган концепцияси (Концепция);

Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришнинг 2021 – 2025 йилларга мўлжалланган концепцияси бўйича 2021 – 2023 йилларда амалга ошириладиган ишлар юзасидан «йўл харитаси»;

 Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришнинг 2021–2025 йилларга мўлжалланган концепциясини амалга ошириш бўйича Кенгаш таркиби (Кенгаш) тасдиқланди;

2) Суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

суд экспертларининг холислиги ва мустақиллигини таъминлаш, соҳадаги норматив-ҳуқуқий базани мунтазам такомиллаштириб бориш;

суд-экспертлик фаолиятини кенгайтириш ҳамда суд экспертизаларининг сифати ва ишончлилигини ошириш;

суд-экспертлик фаолиятида илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш, шу жумладан услубиёт ва регламентларни такомиллаштириш ҳамда соҳага фан ва техника ютуқларини жорий этиш ва бошқалар;

3) Х.Сулаймонова номидаги Республика суд-экспертиза тузилмасида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда 15 та штат бирлигидан иборат Суд-экспертлик илмий-тадқиқот институтини (Институт) ташкил этиш тўғрисидаги таклифга розилик берилди ва қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

суд экспертизаси соҳасида илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш;

давлат суд-экспертиза муассасалари ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотларига илмий-услубий кўмак бериш;

суд-экспертлик вазифаларини ҳал қилишнинг илмий асосларини такомиллаштириш ва ягона илмий-методик ёндашувларини ишлаб чиқиш;

суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, таълим муассасалари ва илмий ташкилотларга услубий ёрдам кўрсатиш ва бошқалар;

4) Қуйидаги тартиб ўрнатилди, унга мувофиқ:

а) 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб:

давлат ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотларига Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатга кўра шартнома асосида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига мувофиқ, суд экспертизаси турлари бўйича тадқиқот ўтказиш ҳуқуқи берилади;

иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий иш юритишда адвокатга судга қадар тайёргарлик ва суд жараёнида эксперт хулосасини суд муҳокамасида тақдим этиш ҳуқуқи асосида давлат ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотларида шартнома асосида адвокат сўровига кўра экспертиза ўтказиш ташаббуси билан чиқишга рухсат берилади;

нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари экспертларининг касбий малакасини аниқлаш ҳамда уларнинг мунтазам равишда билим ва кўникмаларини ошириб боришни таъминлаш мақсадида уларни ҳар уч йилда бир маротаба аттестациядан ўтказиш механизми жорий қилинади;

б) 2022 йил 1 мартдан бошлаб суд экспертлари ва экспертиза тўғрисидаги маълумотларни йиғиш, уларга ишлов бериш жараёнларини комплекс автоматлаштириш, аҳолига ва ваколатли органларга суд-экспертлик фаолиятига доир маълумотларни етказиш, экспертиза ҳаракатларини амалга оширишга алоқадор ташкилотлар билан ахборот ҳамкорлигининг барча турларини таъминлаш учун мўлжалланган «E-ekspertiza» ягона электрон ахборот тизими ишга туширилади.

5) суд-экспертиза соҳасида кадрларни тайёрлаш олий таълим муассасаларида дуал таълим принципига мувофиқ, бакалавриат ёки магистратура босқичларида таълим олаётган даврда шартнома асосида тегишли экспертиза турлари бўйича камида олти ойлик экспертлар тайёрлаш курсларида амалга оширилиши мумкинлиги;

тайёрлаш курслари олий таълим муассасалари ва давлат суд-экспертиза муассасалари билан тузиладиган шартнома асосида амалга оширилиши;

тайёрлаш курслари татбиқ этилган олий таълим муассасаларида таълим стандарти, ўқув режаси, ўқув дастур (модул)лари, ўқув ва ишлаб чиқариш амалиёти дастурларидан иборат ҳужжатлар олий таълим муассасаси ва давлат суд экспертиза муассасаси ўртасида тасдиқланиши;

тайёрлаш курслари натижаларига кўра тегишли суд-экспертиза фаолияти билан шуғулланиш учун сертификат берилиши;

Адлия вазирлиги икки ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда экспертлар тайёрлаш курсларини ташкил этиш тартибини тасдиқлаши белгиланди;

6) Адлия вазирлигига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилди:

нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари суд экспертлари томонидан ўтказиладиган суд экспертизаларининг мураккаблик даражасини аниқлаш, суд экспертизаларининг мураккаблик даражасига қараб уларни амалга ошириш муддатларини ҳисоблаш тартибини, суд экспертлари юкламаларининг нормативларини белгилаш ва уларга риоя этилиши юзасидан назорат олиб бориш;

нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари, уларнинг суд экспертлари ва суд-экспертлик тадқиқотлари услубларининг давлат реестрларини юритиш;

нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари томонидан ўтказиладиган ҳар бир суд-экспертиза турлари бўйича моддий-техника базасининг жиҳозланишига қўйиладиган минимал талабларни тасдиқлаш ва бошқалар;

7) Адлия вазирлиги ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил қилинди;

8) Давлат ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари 2023 йил 1 июнга қадар уларнинг фаолиятини таъминлаш учун ўхшаши Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, четдан олиб келинадиган асбоб-ускуналар, махсус жиҳозланган автотранспорт воситалари, дастурий таъминотлар, реактивлар, реагентлар ва сарфлаш материаллари ҳамда фойдаланишда бўлган асбоб-ускуналарнинг эҳтиёт қисмлари учун божхона тўловларидан озод қилинди.