Фармонга мувофиқ:
1) Қуйидагилар:
ўз фаолиятини Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрига киритилган лавозимларда амалга оширувчи Ўзбекистон Республикасининг фуқароси давлат фуқаролик хизматчиси ҳисобланиши;
хорижий давлатларнинг фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси Президентининг алоҳида қарорлари билан ўрнатилган тартибда давлат фуқаролик хизматчиси лавозимини эгаллаши мумкинлиги;
Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрига киритилган лавозимларни эгаллаб турган давлат фуқаролик хизматчиларининг фаолияти давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солиниши;
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларидаги ҳарбий хизмат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардаги хизмат давлатнинг махсус хизмати ҳисобланиши ва алоҳида қонун ҳужжатлари билан тартибга солиниши белгиланди;
2) Қуйидагилар давлат фуқаролик хизматини янада такомиллаштириш ва ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари деб ҳисобланиши белгиланди:
касбга оид сифатлари ва алоҳида хизматларини одилона ва объектив баҳолаш асосида энг муносиб ва қобилиятли шахсларни давлат фуқаролик хизматига қабул қилиш ҳамда уларнинг хизмат поғоналари бўйича кўтарилишини назарда тутувчи меритократия тамойилини қўллаш;
кадрлар малакасини мунтазам ошириб бориш, давлат фуқаролик хизматчиларини тоифалаш ва уларга малака мартабалари (даражалари) бериш орқали хизмат карьерасининг лавозим поғоналаридан босқичма-босқич ўтишни назарда тутувчи давлат фуқаролик хизматининг «карьера модели»ни жорий этиш;
номзоднинг барча фазилатлари ва устунликларини, шу жумладан унинг маънавий-ахлоқий ва ватанпарварлик сифатларини объектив баҳолаш имконини берадиган очиқ мустақил саралаб олиш асосида давлат фуқаролик хизматига қабул қилиш;
давлат органи ва ташкилоти даражасидан (республика, вилоят, туман ва шаҳар), ходимнинг малака мартабаси (даражаси) ва шахсий ҳиссасидан келиб чиққан ҳолда иш ҳақини белгилашга нисбатан унификациялаштирилган талаблар ўрнатилишини назарда тутувчи давлат фуқаролик хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлашнинг ягона тизимини жорий этиш ва бошқалар;
3) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги (Бошқарув самарадорлиги агентлиги) давлат органлари ва ташкилотларида ходимларни бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантириш, шунингдек, бошқарув самарадорлигини ошириш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш учун масъул ҳисобланиши ҳамда ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президентига бевосита бўйсуниши ва унга ҳисоб бериши белгиланди;
4) Қуйидагилар Бошқарув самарадорлиги агентлигининг асосий вазифалари этиб белгиланди:
давлат фуқаролик хизмати соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, шунингдек, давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш дастурлари ва лойиҳаларини ҳамда мазкур соҳани такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;
давлат органлари ва ташкилотларининг кадрлар сиёсати соҳасидаги фаолиятини ўз ваколатлари доирасида мувофиқлаштириш;
давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш жараёнлари ва истиқболларининг мониторинги ҳамда таҳлилини амалга ошириш, шунингдек, мазкур соҳани такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
давлат фуқаролик хизмати соҳасида кадрларни бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантиришнинг инновацион усулларини жорий этиш;
Миллий кадрлар захирасини бошқариш, Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрини юритиш, шунингдек, давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ порталини ташкил этиш ва юритиш;
давлат фуқаролик хизматчилари фаолияти самарадорлигини энг муҳим кўрсаткичлар асосида баҳолаш тизимини жорий этиш ва уларнинг натижаларини таҳлил қилиш, жамоатчилик фикрини ўрганиш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг очиқ рейтингини шакллантиришда иштирок этиш ва бошқалар;
5) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги қошида Давлат хизматини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (Жамғарма) ташкил қилинди шунингдек, унинг маблағларини шакллантиришнинг асосий манбалари ва сарфланадиган йўналишлари белгиланди;
6) Қуйидагилар:
а) давлат органлари ва ташкилотларидаги давлат фуқаролик хизматига қабул қилиш очиқ мустақил танлов асосида қуйидаги тартибда амалга оширилиши, сайланадиган ва алоҳида тартибда тайинланадиган лавозимлар бундан мустаснолиги:
2020 йил 1 январдан — тажриба тартибида, бутун вертикал бўйлаб — давлат бошқаруви органларида ва ҳудудлардаги барча давлат ташкилотларида;
2021 йил 1 январдан — давлат фуқаролик хизмати назарда тутилган республиканинг барча давлат органлари ва ташкилотларида;
б) очиқ мустақил танлов асосида давлат фуқаролик хизматига қабул қилинадиган шахслар Бошқарув самарадорлиги агентлиги ва тегишли равишда унинг филиаллари билан келишмасдан туриб лавозимдан озод қилиниши мумкин эмаслиги;
в) давлат фуқаролик хизматини тартибга солиш, шу жумладан давлат органлари ва ташкилотларини ташкил этиш (қайта ташкил этиш), ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш, Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган уларнинг ташкилий-штат тузилмаларини ўзгартириш, шунингдек, республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари, ходимлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш, шу жумладан, энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларини белгилаш масалаларига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий тартибда Бошқарув самарадорлиги агентлиги билан келишиб олиниши лозимлиги;
г) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Президентининг кадрлар сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмалари томонидан амалга оширилади;
д) давлат органлари ва ташкилотларининг кадрлар бўлинмалари фаолиятига услубий раҳбарлик қилиш ва уни мувофиқлаштириш Бошқарув самарадорлиги агентлиги томонидан амалга оширилиши;
е) давлат органлари ва ташкилотлари кадрлар бўлинмаларининг раҳбарлари:
Бошқарув самарадорлиги агентлиги ва тегишли равишда унинг филиаллари билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилиниши;
ҳар уч йилда Бошқарув самарадорлиги агентлигида аттестациядан ўтиши белгиланди.