Фармонга асосан:
1) “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишони таъсис этилди;
2) “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишонининг Низоми ва тавсифи 1, 2-иловаларга мувофиқ тасдиқланди;
3) “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишони тўғрисидаги Низомга кўра:
а) “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишони билан мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, илмий, маънавий салоҳиятини ва мудофаа қудратини юксалтириш, давлатимиз сарҳадларининг дахлсизлигини таъминлаш, демократик ислоҳотларни амалга ошириш, жамиятимизда ҳукм сураётган миллатлараро дўстлик ва тотувликни, тинчлик ва барқарорликни асраш, миллий маданиятимиз ва санъатимизни ривожлантириш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, ёшларимизни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишларига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизнинг барча соҳалари вакиллари, меҳнат фахрийлари, ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамда бошқа шахслар тақдирланиши;
б) “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишони билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкинлиги;
в) “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишони Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки унинг номидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, вазирлик, идора ва жамоат бирлашмаларининг республика органлари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, шунингдек, бунга вакил қилинган бошқа шахслар томонидан тантанали вазиятда топширилиши;
г) мукофотланганларга эсдалик нишони билан бирга унинг гувоҳномаси берилиши белгиланди.
4) “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишони кўкракнинг чап томонига давлат мукофотларидан кейин тақилади.