Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

МИТИНГ

конституциявий ҳуқуқ нуқтаи назаридан митинг фуқароларнинг йиғилишлар ва намойишлар ўтказиш ҳуқуқининг амалга ошириш шакли ҳисобланади. Турли давлатлар қонунчилиги, жумладан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳам фуқароларнинг тинч, қуролларсиз йиғилишлар, митинглар, намойишлар ва пикетлар ўтказишлари мумкинлигини мустаҳкамлайди. «Митинг» тушунчаси, одатда, манфаатлари ва қарашлари бир хил бўлган фуқароларнинг, шунингдек мазкур йиғилишда қатнашишдан манфаатдор бўлган шахсларнинг йиғиндисини ифодалайди. Митинглар кўпинча очиқ ҳавода ўтказилиб, резолюция қабул қилиниши билан якунланади. Қоида тариқасида, митинг ўтказилиши ҳақида олдиндан ижро этувчи ҳокимият органлари хабардор қилинади. Ижроия органнинг бундай хабарни қабул қилишдан бош тортиши митинг ўтказилиши мумкин эмаслигини (яъни, амалда тақиқ этилишини) билдиради.