Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат
ҲУҚУҚ ТИЗИМИ
ҳуқуқнинг ички тузилиши бўлиб, жамиятдаги мавжуд муносабатларга боғлиқ равишда, ҳуқуқни ташкил этиш тартибини ва таркибий қисмларини жойлашишини кўрсатиб беради. Ҳуқуқ тизими у ёки бу мамлакатдаги ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий мавжудлигини акс эттирувчи ҳуқуқнинг ички шакли сифатида майдонга чиқади. Ҳуқуқ тизимини ташкил қилган нормалар ўзаро чамбарчас боғлиқ бўлиб, ижтимоий муносабатларни тартибга солишга хизмат қилади.
Ҳуқуқнинг тизимга солиниши ҳар қандай ҳуқуқ типининг ажралмас хусусиятидир. Ҳуқуқ тизимининг мавжудлиги, ҳуқуқнинг турли хил, пала-пархиш юридик нормалардан иборат эмаслигини тасдиқлаб, ҳуқуқ тизими бутун бир барқарор тузилма эканлигини исботлайди. Ҳуқуқ тизими бир бутун, ягона асосга эга эканлиги кўпдан-кўп объектив ва субъектив омилларга боғлиқ. Кундалик ҳаётда улар бир-бирини доимо тўлдириб туради.
Ҳ.т. нинг объектив характерга эга дейишимизнинг маъноси шуки, мавжуд ижтимоий муносабатлар ва уларнинг реал манзараси ҳуқуқ тизимини белгиловчи омил ҳисобланади. Ижтимоий муносабатларнинг ўзгариши, янгиланиши ҳуқуқ тизимида ўзининг айнан ифодасини топади, шу жиҳатдан ҳар бир давлат ҳуқуқ тизими, шу жамиятдаги ижтимоий муносабатларнинг инъикоси, ифодаси ҳисобланади.
Ҳ.т. жамиятда мавжуд бўлган ва доимо ривожланиш жараёнини бошидан кечираётган ижтимоий муносабатларнинг ифодаси бўлиб, у ҳуқуқнинг ички тузилишини, унда ҳуқуқ нормаларининг ҳам умумланиш, ҳам фарқланиш хусусиятларини кўрсатади.
Ҳ.т. ни ўрганиш учун, уни чуқурроқ англаш учун, мазкур тизим асосида ётадиган мезонларни аниқлаш аҳамиятга моликдир. Шу мақсадда илмий-ўқув адабиётида қатор ёндашувлардан фойдаланилади. Генетик ёндашув асосида бирламчи ва иккиламчи (ҳосила) мезон бўлиб, турли йўллар билан шаклланган ижтимоий ва ижтимоий-сиёсий тузилмалар, энг аввало, давлат ва жамият ҳисобланади. Тарихий ёндашувга асосан эса ҳуқуқнинг тизим сифатида шаклланишининг бутун ривожланиш йўлини кузатиб таҳлил этиш мумкин, бу жараёнда энг муҳим мезон сифатида ҳуқуқнинг шакли (манбаи) олдинги ўринга чиқади. Ҳуқуқ шаклларини таҳлил этиш орқали, биз у ёки бу ҳуқуқ тизими учун хос бўлган тизим шакллантирувчи асосларни аниқлашимиз мумкин. Тарихий ёндашув ҳ.т. нинг генетик алоқаларини очиб бериши билан бир қаторда, тарихий ривожланиш жараёнда ҳуқуқ тизимида бўлган динамик ўзгаришларни ҳам кузатишга имкон беради. Бу аввало инсоннинг ўзининг индивид сифатида, турли ижтимоий-сиёсий тузилмалар аъзоси сифатида, ривожланиши билан боғлиқ. Ундан ташқари, ҳуқуқ тизимига турли диний, этник, ғоявий омиллар ва уларнинг ўзаро таъсири ҳам мавжуд.
Ҳ.т. га тизимли-тузилмавий ёндашув, унинг ички тузилмасида ҳуқуқ нормаларининг маълум тартибда жойлашганлигини кўрсатади. Ҳ.т. да жойлашган нормаларнинг тартибга солинганлиги, ўзаро мувофиқлик ва алоқадорлиги ҳамда айни пайтда фарқланиши, ижтимоий муносабатларнинг ҳам худди шундай тузилмавий характери ва уларни ҳуқуқий тартибга солишнинг боғлиқлиги билан ҳам белгиланади.
Ҳ.т. бир неча даражаларни ўз ичига олади. Улардан биринчиси, ўз ички алоқаларга эга бўлган ҳуқуқ нормасидир. Шу алоқадорлик сабабли, у конкрет ҳуқуқий муносабатларни тартибга солади. Ҳуқуқ нормаси давлат томонидан санкцияланган умуммажбурий юриш-туриш қоидаларидир. Ҳуқуқ нормаси орқали жамиятдаги барча муносабатлар эмас, балки жамият ва инсоннинг фаолиятига доир энг муҳим муносабатлар тартибга солинади.
Айни бир муносабат бир неча нормалар билан тартибга солишга, улар ҳуқуқ тизимининг иккинчи даражаси бўлмиш ҳуқуқ институтига бирлаштиришга асос бўлади ва бу ҳуқуқ нормасининг ташқи алоқалари натижаси сифатида вужудга келади. Ҳуқуқ институти, ҳуқуқ нормаларининг алоҳида гуруҳи бўлиб, у ижтимоий муносабатларнинг муайян турини тартибга солади. Одатда, ҳуқуқ институти ҳуқуқий нормаларнинг унча катта бўлмаган барқарор гуруҳи бўлиб, у ижтимоий муносабатларнинг маълум бир турини тартибга солади. Демак, агар ҳуқуқий норма, ҳуқуқ тизимининг бирламчи элементи бўлса, ҳуқуқ институти эса, унинг дастлабки ҳуқуқий умумлашмасидир. Ҳуқуқ институтлари алоҳида олинган ҳуқуқ соҳалари доирасида мавжуд бўлади ва амал қилади. Яъни ҳуқуқ институти, ҳуқуқ соҳасининг таркибий қисми, бўлаги, бўғини сифатида намоён бўлиб, айни пайтда, муайян мустақил характерга эга, чунки улар маълум даражада мустақил масалаларни тартибга солади. Масалан, Конституциявий ҳуқуқ соҳаси, фуқаролик институти, Президентли институти ва бошқа шу каби институтлардан, фуқаролик ҳуқуқи соҳаси, фуқароларнинг мажбурият ҳуқуқи институти, олди-сотди институти, шартномалар институти ва бошқа шу каби институтлардан, меҳнат ҳуқуқи соҳаси, меҳнат шартномаларини амалга ошириш институти, нафақани расмийлаштириш институтларини ўз ичига олади.
Амалиётда алоҳида ҳуқуқ соҳалари доирасидаги ҳуқуқ институтларидан ташқари, бир неча ҳуқуқ соҳасининг нормаларини ўзида жамлаган, камдан-кам учрайдиган ҳуқуқ институтларини ҳам ўз ичига олади. Бундай ҳуқуқ институтлари, илмий-юридик адабиётларда, аралаш ҳуқуқ институтлари, деб номланади. Аралаш ҳуқуқ институтларига мисол қилиб, интизомий жавобгарлик институтини келтиришимиз мумкин. Мазкур институт ўз хусусиятга кўра, меҳнат ҳуқуқи соҳасига тегишли. Корхона ёки муассаса маъмурияти айбдор шахсга интизомий жазони қўллаш ҳуқуқига эга. Аммо интизомий жазо олган шахс судга мурожаат қилса, меҳнат низоларини судда кўриш, ҳуқуқнинг бошқа соҳаси - фуқаролик-процессуал ҳуқуқ соҳасига тегишлидир.
Ҳ.т. нинг анча юқори даражаси, ҳуқуқ тизимининг чўққисида ҳуқуқ соҳалари туради. Ҳуқуқ соҳаси - маълум бир турдаги ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқ нормалари ва ҳуқуқ институтларининг мажмуидир. Ҳуқуқ тизимида ҳуқуқ соҳаларининг мавжуд бўлиши, унга бўлган объектив зарурат ҳисобланади, давлат эса бу заруриятни ўз вақтида англаб, уни расмийлаштиради холос. Ҳуқуқ соҳаси, қонун чиқарувчи идора томонидан ўйлаб топилмай, балки ижтимоий ва амалий эҳтиёж маҳсули сифатида шаклланади. Мас., меҳнат муносабатларига тегишли ҳуқуқ нормаларининг йиғиндиси, меҳнат ҳуқуқи соҳасини ташкил этади; молиявий муносабатлар тааллуқли нормалар тизими, молия ҳуқуқ соҳасини шакллантиради; ерга бўлган муносабатларни тартибга солувчи ва мустаҳкамловчи ҳуқуқ нормалар, ер ҳуқуқи соҳасини яратади ва ҳ.к. Ҳуқуқ соҳалари, ҳам ўзларининг ҳажми, ижтимоий муносабатларга таъсири ва умуман ҳуқуқий тартибга солишда тутган ўрнига қараб, ҳуқуқ тизимида ўз ўрнига эга. Анъанавий тарзда, ҳуқуқ тизимида етакчи ўринни конституциявий (давлат) ҳуқуқ соҳаси эгаллайди. Шунингдек, маъмурий, молия, меҳнат, фуқаролик, оила, жиноят, фуқаролик-процессуал, жиноят-процессуал, ер, қишлоқ хўжалик, экология ва бошқа шу каби ҳуқуқ соҳалари мавжуд.
Ҳуқуқ соҳалари ва институти ичида, халқаро ҳуқуқ алоҳида ўринга эга. Халқаро ҳуқуқ - халқаро, энг аввало, давлатлараро муносабатларни тартибга солади. Шу сабабли, у бирорта ҳам давлатнинг миллий ҳуқуқ тизимига кирмайди.
Ҳ.т. тушунчасини, мазкур тушунчага ўхшаш тушунчалар, яъни ҳуқуқий тизим ва қонунчиликни тизимлаштириш тушунчалари билан аралаштириб юбориши керак эмас. Ҳ.т. деганда, тор маънода «миллий ҳуқуқий, тизим», деб аталадиган, маълум давлатнинг ҳуқуқи билан бирга, жамият ҳуқуқий ҳаётининг бошқа қатор таркибий қисмларини ҳам ўз ичига олади. Кенг маънода ишлатиладиган «ҳуқуқий тизим» тушунчаси, қиёсий ҳуқуқшунослик билан боғлиқ. «Қонунчилик тизими», у ёки бу мамлакатда мавжуд норматив - ҳуқуқий актларни (қонунлар, фармонлар, статутлар, декретлар, ҳукуматнинг қарорлари ва ҳ.к.) йиғиндиси бўлиб, улар турли хил мезонлар асосида, сифат жиҳатидан белгилаб қўйиладиган, маълум таркибий қисмларга бўлинади. Қонунчиликни тизимлаштириш, жўшқин қонунчилик ва ҳуқуқ ижодкорлик фаолияти билан шуғулланувчи органларнинг таъсири остида бўлиб, улар томонидан яратилади ва маълум бир йўналишга солинади.