Сайт синов тариқасида ишга туширилган Аввалги кўринишига ўтиш
Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

НАМОЙИШ

(Демонстрация) конституциявий ҳуқуқ нуқтаи назаридан аҳолининг ўз ижтимоий-сиёсий кайфиятини ошкора билдириши, у ёки бу масала юзасидан ўз муносабатини ифода этиш учун оммавий кўча юришидир. Фуқароларнинг бу ҳуқуқи ЎзР Конституциясининг 33-моддасида белгилаб қўйилган. Ушбу моддага кўра фуқаролар ўз ижтимоий-сиёсий фаолликларини республика қонунларига мувофиқ митинглар, йиғилишлар ва намойишлар шаклида амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳокимият органлари фақат хавфсизлик нуқтаи назаридангина бундай тадбирлар ўтказилишини тўхтатиш ёки тақиқлаш ҳуқуқига эга.

Давлат фуқароларнинг намойиш ўтказиш ҳуқуқини таъминлаш учун зарур шарт-шароит яратиб бериши керак. Хусусан, давлат идоралари, ҳокимликлар намойиш ўтказиш учун майдон ва кўчаларда қулай жойлар ажратиши ҳамда у ерда жамоат тартибини сақлаш, хавфсизликни таъминлаш чораларини кўради. Намойиш ўтказувчиларнинг ташаббускор гуруҳи ўн кун илгари маҳаллий ҳокимлик идорасига ариза билан мурожаат этади ва уни ўтказиш учун расмий рухсат олади.