Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Давлат хавфсизлигини таъминлаш манфаатлари нуқтаи назаридан гаров ва ипотека қўлланилиши мумкин бўлмаган объектлар тоифалари рўйхатининг 6-бандига ўзгартириш киритиш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг меҳнат билан бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 29 январдаги ПҚ-4138-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 8 майдаги 114-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2015 й., 5-сон, 36-модда) билан тасдиқланган Давлат хавфсизлигини таъминлаш манфаатлари нуқтаи назаридан гаров ва ипотека қўлланилиши мумкин бўлмаган объектлар тоифалари рўйхатининг 6-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«6. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг, Давлат хавфсизлик хизматининг ва Ички ишлар вазирлигининг корхоналари, объектлари ва ҳарбий-техникавий мол-мулки (саноатда қайта ишлов берилгунига қадар, шунингдек, саноатда қайта ишлов берилиши мумкин бўлмаган мол-мулк) (жазони ижро этиш муассасалари ҳузуридаги давлат унитар корхоналари тасарруфида бўлган ва давлат мулки ҳисобланган ҳамда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири билан келишилган ҳолда гаров ва ипотека қўлланиладиган бино ҳамда иншоотлар, шу жумладан бошқа мол-мулк бундан мустасно)».
2. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 3 май,
371-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.05.2019 й., 09/19/371/3080-сон)