|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 16.01.2007
|
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ УСТЮРТ ВА ҲИСОР МИНТАҚАЛАРИДА УГЛЕВОДОРОДЛАРНИ РАЗВЕДКА ҚИЛИШ ВА ҚАЗИБ ЧИҚАРИШ БЎЙИЧА «ЎЗПЕК ЛИМИТЕД» КОМПАНИЯСИ (БУЮК БРИТАНИЯ) БИЛАН ҲАМКОРЛИК ТЎҒРИСИДА
[Кўчирма]
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 16 январдаги ПҚ-567-сонли «Ўзбекистон Республикасининг Жанубий-Ғарбий Ҳисор ва Устюрт минтақаси ҳудудларида геология-қидирув ишларини ўтказиш, углеводород конларини очиш ва қазиб чиқариш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарори билан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикасининг Устюрт ва Ҳисор минтақаларида нефть ва газ конларини разведка қилиш ва уларни қазишга бевосита чет эл инвестицияларини жалб қилиш ҳисобига утлеводород хом ашёси ресурс базасини ва уни қазиб олишни кўпайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Британиянинг «Тринити Энерджи» компанияси томонидан Ўзбекистон Республикасида нефть-газ конларини разведка қилиш ва қазиш бўйича ихтисослаштирилган «ЎзПЕК Лимитед» шуъба корхонаси ташкил этилганлиги ва у Буюк Британияда рўйхатдан ўтказилганлиги, шўьба корхона:
техник-иқтисодий асослашни ишлаб чиқишни тугаллаганлиги ва Ўзбекистон Республикасининг Марказий Устюрт ва Жанубий-Ғарбий Ҳисор лицензияланган ҳудудларида нефть-газ конларини разведка қилиш ва қазиш хамда инфратузилма қурилиши бўйича комбинациялашган инвестиция лойиҳасини амалга оширишга Маҳсулотни тақсимлаш тўғрисидаги битимни тайёрлаганлиги;
420 млн. АҚШ доллари миқдоридаги мазкур инвестиция лойиҳасини, шу жумладан, биринчи беш йилда — 200 млн. АҚШ долларидан ортиқ миқдордаги босқичма-босқич амалга ошириладиган бевосита инвестициялар ҳисобига амалга ошириши;
мавжуд истиқболли майдонларда қидирув-разведка бурғулаш ишларини ва Марказий Устюртнинг лицензияланадиган ҳудудларида янги истиқболли объектларни тайёрлаш ва бурғулашга киришиш бўйича дала геофизика ишларини олиб бориши;
Одамтош газ конденсати ва Жанубий-Қизил байроқ нефть-газ конини фойдаланишга топшириши, разведкагача, фойдаланиш қудуқлари қазиши ва Жанубий-Ғарбий Ҳисорнинг лицензияланадиган ҳудудларида жойлашган кичик ва паст самарали конларда углеводородлар қазиб олишни ташкил этиш имконини берувчи минтақанинг ягона инфратузилмасини қуриши;
лойиҳанинг техник-иқтисодий асосланишига мувофиқ Жанубий-Ғарбий Ҳисорнинг лицензияланадиган ҳудудида янги нефть тўпламларини қидириш бўйича геология-разведка ишларини амалга оширишни назарда тутганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. «ЎзПЕК Лимитед» компаниясининг инвестиция лойиҳасига Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Нефть ва газ конларини разведка қилиш ҳамда уларни қазиб чиқаришга бевосита хорижий сармояларни жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2000 йил 28 апрелдаги ПФ-2598-сон Фармони билан хорижий инвесторларга бериладиган режимлар ва имтиёзлар жорий этилсин.
3. «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги ва Адлия вазирлиги билан биргаликда мазкур инвестиция лойиҳаси бўйича Маҳсулотни тақсимлаш тўғрисидаги битимни экспертизадан ўтказсин ҳамда 2001 йил 5 мартгача уни тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин.
4. «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компаниясининг белгиланган тартибда «ЎзПЕК Лимитед» компаниясига:
кейинчалик навбатдаги уч йиллик муддатга узайтириш ҳуқуқи билан беш йил муддатга Марказий Устюрт ва Жанубий-Ғарбий Ҳисор ҳудудларида қидириш-разведка қилиш ишларини амалга ошириш учун;
ўн беш йил муддатга узайтириш ҳуқуқи билан йигирма беш йил муддатга, «ЎзПЕК Лимитед» компанияси билан келишилган жўғрофий «координатлар доирасида, углеводородлар қазиб чиқариш учун лицензия беришига рухсат этилсин.
9. «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси ва «ЎзПЕК Лимитед» компанияси:
Маҳсулотни тақсимлаш тўғрисидаги битим тасдиқланган вақтдан бошлаб бир ой муддатда мазкур лойиҳа мониторингини амалга ошириш ва мазкур лойиҳа хорижий инвестицияларини ҳисобга олиш учун доимий ишлайдиган Бошқарувчи қўмита ташкил этсинлар;
Давлат божхона қўмитаси, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги ва «Ўздавстандарт» маркази билан биргаликда божхона расмийлаштируви тартиботини белгиловчи, шу жумладан Ўзбекистон Республикасига келтириладиган товарлар, материаллар, технологик жиҳозлар ва ўлчов воситаларининг эркин айланиши ҳамда уларни сертификатлаш учун мўлжалланган, шунингдек углеводородларни ёки уларни қайта ишлашдан олинган маҳсулотларни Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқариш ва мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилган маҳсулотга ҳамда «ЎзПЕК Лимитед» компаниясига тегишли товарнинг келиб чиқишига сертификатлар бериш тартибини ишлаб чиқсинлар.
Қаранг: «ЎзПЕК Лимитед» компанияси ва унинг ёрдамчи пудратчилари томонидан Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан олиб ўтиладиган товарларнинг божхона расмийлаштируви қоидалари (рўйхат № 1057, 30.07.2001 й.).
10. Белгилаб қўйилсинки:
«Саноатконтехназорат» агентлиги томонидан «ЎзПЕК Лимитед» компаниясига кон тармоғи ажратилади, шунингдек компания қўллайдиган технология бўйича ишлаб чиқариш хавфсизлиги юзасидан эксперт хулосалари берилади;
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан Давлат геология қўмитаси билан биргаликда хар йили «ЎзПЕК Лимитед» компаниясига ер усти ва ер ости манбаларидан сув олиш учун зарур лимит ажратилади;
«Ўзгеодезкадастр» бош бошқармаси томонидан буюртмачи маблағлари ҳисобига Марказий Устюрт ва Жанубий-Ғарбий Ҳисорнинг лицензияланган ҳудудларида топография-геодезия, аэросуратга олиш ва картография ишлари амалга оширилади, ушбу ишлар натижаларини белгиланган тартибда «ЎзПЕК Лимитед» компаниясига бериш таъминланади;
Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги томонидан «ЎзПЕК Лимитед» компаниясига ва унинг субпудратчиларига алоқанинг радиоэлектрон воситаларидан ва жиҳозларнинг юқори частотали турларидан фойдаланишга рухсатномалар берилади;
«ЎзПЕК Лимитед» компанияси ва унинг хорижий субпудратчилари лойиҳани амалга оширишда атроф муҳитига етказилган зарар учун жавоб бермайди, «ЎзПЕК Лимитед» компаниясининг ёки унинг хорижига субпудратчиларининг қасддан қилинган хатти-ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги ҳоллари бундан мустасно.
11. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги «ЎзПЕК Лимитед» компанияси ходимлари ва унинг субпудратчилари ҳамда уларнинг оила аъзолари учун камида бир йил муддат билан кўп марталик келиш визалари расмийлаштиришни, шунингдек уларни яшаш жойларида рўйхатдан ўтказишни расмийлаштириш йиғимлари ва давлат божи ундирмасдан таъминласинлар.
12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў.Т.Султонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2001 йил 27 февраль,
97-сон,