Норасмий таржима
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тизимига кирувчи телерадиоканаллар эфирини юқори сифатли теле-радио маҳсулотлари билан тўлдириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Телевидение ва радиоэфирга узатиш учун жаҳон ишлаб чиқарувчиларининг энг яхши асарлари ва турдош ҳуқуқлар объектларидан фойдаланиш ҳуқуқларини сотиб олиш йўли билан томошабинлар аудиториясининг қизиқишлари ва эҳтиёжларини қондириш учун қўшимча шарт-шароитларни таъминлаш, муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этиш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига (кейинги ўринларда Ўзбекистон МТРК деб аталади) реализация қилишда мутлақ ҳуқуққа эга бўлган умумэътироф этилган хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини телерадиоэфирларда жойлаштиришга лицензия ҳуқуқларини сотиб олиш бўйича танлов (тендер) савдоларини ўтказмасдан, кейинчалик уларни Ўзбекистон МТРК телерадиоканалларида жойлаштирган ҳолда импорт шартномаларини тузиш ҳуқуқи берилсин.
2. Белгилаб қўйилсинки:
Ўзбекистон МТРКнинг тегишли буйруғи билан ташкил этилган Ижодий кенгашнинг қарорлари умумеътироф этилган хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини телерадиоэфирларда жойлаштириш учун лицензия ҳуқуқларини сотиб олиш бўйича импорт шартномаларини тузиш учун асос ҳисобланади;
Ўзбекистон МТРК раиси Ижодий кенгаш томонидан шакллантирилган хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг телерадиомаҳсулотлари рўйхатини тасдиқлайди ва харид қилинаётган телерадиомаҳсулотларнинг миллий урф-одатлар ва умумқабул қилинган маданий қадриятларга мувофиқлиги учун шахсан жавоб беради;
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги «Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» ДУКда умумэътироф этилган хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини реализация қилиш бўйича мутлақ ҳуқуқларга эга бўлган телерадиоэфирларда жойлаштириш учун лицензия ҳуқуқларини сотиб олишга доир импорт шартномалари экспертизадан ўтказилмайди;
умумэътироф этилган хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини реализация қилишда мутлақ ҳуқуқларга эга бўлган телерадиоэфирларда жойлаштириш учун лицензия ҳуқуқларини сотиб олиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон МТРКнинг ушбу мақсадлар учун назарда тутилган бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари доирасида амалга оширилади.
3. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига ваколатли банк билан биргаликда умумэътироф этилган хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини телерадиоэфирларда жойлаштириш учун лицензия ҳуқуқларини сотиб олиш бўйича импорт шартномалари ҳақини тўлаш учун маблағларни белгиланган тартибда хорижий валютага конвертация қилинишини таъминлаш тавсия этилсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари М.М. Каримов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2016 йил 23 август,
272-сон