[
ОКОЗ:
1.
09.00.00.00 Тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти / 09.17.00.00 Савдо / 09.17.10.00 Алоҳида турдаги маҳсулотлар бўйича савдо;
2.
10.00.00.00 Ташқи иқтисодий фаолият. Божхона иши / 10.09.00.00 Алоҳида турдаги маҳсулотлар, валюта ва транспорт воситаларини олиб кириш ва олиб чиқиш / 10.09.01.00 Алоҳида турдаги маҳсулотларни олиб кириш ва олиб чиқиш]
[
ТСЗ:
1.
Иқтисодиёт / Савдо ва хизматлар кўрсатиш;
2.
Ташқи иқтисодий фаолият. Божхона / Божхонага оид қонун ҳужжатлари]
PDF-файлидаги расмий манба
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида лазерли нур тарқатгичларни ишлатишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳаво кемалари парвозларининг хавфсизлигини таъминлаш ва лазерли нур тарқатгичларни ноқонуний ишлатишнинг олдини олиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 2013 йил 1 мартдан бошлаб лазер нурли кўрсаткичлар (кейинги ўринларда лазерли кўрсаткичлар деб аталади) сифатида фойдаланиладиган портатив лазерли нур тарқатгичларни (ТИФ ТН коди 9013 20 000 0) четдан олиб кириш ва сотиш тақиқлансин.
Олдинги
таҳрирга қаранг.
2. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари ҳамда Ички ишлар вазирлиги лазерли кўрсаткичларнинг четдан ноқонуний олиб кирилиши, сотилиши ҳамда улардан фойдаланилиши ҳолатларини аниқлаш ва бартараф этиш, айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрсинлар.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 сентябрдаги 748-сонли
қарори
таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 21.09.2018 й., 09/18/748/2024-сон)
3. Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси икки ой муддатда идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга учувчиларнинг кабиналари лазерли кўрсаткичлар билан нурланган тақдирда ҳаво кемалари экипажларининг ишлаш тартибини назарда тутувчи қўшимчалар киритсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ўқувчилар ва ёшлар, уларнинг ота-оналари ўртасида лазерли кўрсаткичларни одамга ва парвоз қилаётган ҳаво кемаларига қаратишнинг салбий оқибатлари тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилишини таъминласинлар.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.А. Закиров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2013 йил 20 февраль,
50-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 8-сон, 105-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 01.06.2018 й., 09/18/396/1287-сон, 21.09.2018 й., 09/18/748/2024-сон)