Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркманистон Ҳукумати ўртасида
Битим
Илмий-технологик ҳамкорлик тўғрисида
2011 йил 5 май, Тошкент
LexUZ шарҳи
Мазкур Битим Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 19 июлдаги ПҚ–1581-сон «Халқаро шартномаларни тасдиқлаш тўғрисида»ги
қарори
билан тасдиқланган
(2011 йил 25 июлдан кучга кирган)
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Туркманистон Ҳукумати, бундан кейин Томонлар деб аталувчилар,
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркманистон Ҳукумати ўртасида фан, техника ва ахборот соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида 1996 йил 16 январдаги Битимга амал қилиб,
Томонлар давлатлари фани, техникаси ва технологияларини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича илмий-технологик соҳадаги қўшма инновацион фаолиятга давлат ёрдами зарурлигини эътироф этиб,
инновациялар ва технологик тараққиёт соҳасида икки томонлама алоқаларнинг муҳим эканини англаб, уларни иккала давлат иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим ва зарур омил деб ҳисоблаб,
бундай ўзаро алоқалар давлатлар ва уларнинг халқлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга ёрдам кўрсатишига, шунингдек ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий алоқаларнинг ривожланиши учун узоқ муддатли асос яратишига қатъий ишонган ҳолда, қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаат принциплари асосида ўз давлатларининг миллий қонунчилигига мувофиқ илмий-технологик соҳадаги ҳамкорликни амалга оширадилар.
2-модда
Томонлар ўртасидаги илмий-технологик ҳамкорлик уларнинг миллий манфаатлари асосида қуйидаги асосий йўналишлар бўйича амалга оширилади:
— илмий-технологик соҳа — дастурлар, лойиҳалар ва уларни молиялаштириш механизмларини ишлаб чиқиш;
— энергетика, шу жумладан энергиядан самарали фойдаланиш, тикланадиган энергия манбалари ва янги технологиялар;
— қишлоқ ва сув хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш;
— фан, технологиялар ва муҳандис-конструкторлик ишлари соҳасидаги ҳамкорликнинг бошқа ўзаро келишилган йўналишлари.
3-модда
Ушбу Битим доирасидаги ҳамкорлик қуйидаги шаклларда амалга оширилиши мумкин:
— чуқур илм талаб қиладиган ва ресурсларни тежайдиган технологияларни яратиш ва ўзлаштириш бўйича биргаликдаги илмий-тадқиқот дастурларини, лойиҳаларини амалга ошириш;
— очиқ илмий-техникавий маълумот ва инновацион технологияларни алмашиш;
— биргаликдаги илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва технологик ишларни бажариш;
— илмий тадқиқотлар ва саноат ишланмаларини амалга ошириш учун олимлар ва мутахассисларни алмашиш;
— техника ва технологияларнинг янги турларини яратиш;
шунингдек, Томонларнинг ўзаро келишуви бўйича бошқа шаклларда.
4-модда
Томонлар ўз давлатлари миллий қонунчилигига, шунингдек Томонларнинг улар иштирокчилари бўлган интеллектуал мулк бўйича халқаро шартномалар ва битимлардан келиб чиқувчи мажбуриятларига тегишлича риоя этган ҳолда саноат ишланмалари ва янги технологиялар соҳасида биргаликдаги инновацион фаолиятни рағбатлантирадилар.
Ушбу мақсадда тадқиқотлар ва ишланмалар натижаларини жорий этиш ва биргаликда ўзлаштиришдан манфаатдор бўлган илмий-тадқиқот марказлари, олий ўқув юртлари, корхоналар ва ташкилотлар ўртасида алоқалар ўрнатиш қўллаб-қувватланади.
5-модда
Томонлар ўзлари ва уларнинг вакиллари томонидан ушбу Битим асосида олинган илмий, муҳандис-конструкторлик ва технологик маълумотларни бошқа Томоннинг ёзма розилигисиз ҳар қандай учинчи томонга бермаслик мажбуриятини олади.
Ушбу Битим доирасида ҳамкорлик давомида олинган биргаликдаги илмий тадқиқотлар натижалари ва бошқа маълумотлар, давлат ёки бошқа қонун муҳофазасидаги сир ҳисобланиши сабабларига, шунингдек тижорат ёки ишлаб чиқариш сабабларига кўра ошкор қилиниши мумкин бўлмаганлардан ташқари, ўзаро келишув бўйича уларни топширишнинг ҳаммага маъқул усулларидан фойдаланиш йўли билан ва Томонлар давлатларининг амалдаги миллий қонунчилигига мувофиқ дунё илмий жамоатчилиги учун очилиши мумкин.
6-модда
Ушбу Битим қоидаларини мувофиқлаштириш ва амалга ошириш учун қуйидагилар Томонларнинг ижроия органлари бўлиб ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси томонидан — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси;
Туркманистон томонидан — Туркманистон Фанлар академияси.
Ваколатли органларнинг номлари ёки вазифалари ўзгарганда Томонлар дипломатик каналлар орқали ўз вақтида хабардор қилинади.
7-модда
Томонларнинг ижроия органлари, заруриятга қараб, ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаш, ушбу Битимни амалга ошириш ҳамда биргаликдаги лойиҳа ва дастурларни рўёбга чиқариш жараёнини муҳокама қилиш учун учрашувлар ўтказадилар, шунингдек ўзаро аҳамиятга эга бўлган масалалар бўйича маслаҳатлашувлар ўтказадилар.
8-модда
Томонлар ўртасида ушбу Битим қоидаларини талқин қилиш ёки қўллашга тааллуқли ихтилофлар юзага келганда, Томонлар уларни музокаралар ва маслаҳатлашувлар йўли билан ҳал этадилар.
9-модда
Ушбу Битим Томонлар иштирокчиси бўлган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқувчи ҳуқуқ ва мажбуриятларга дахл қилмайди.
10-модда
Томонларнинг ўзаро келишуви бўйича ушбу Битимга унинг ажралмас қисми бўлиб ҳисобланувчи алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
11-модда
Ушбу Битим Томонлар тарафидан унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларининг бажарилгани тўғрисидаги сўнгги ёзма хабарнома олинган кундан бошлаб кучга киради.
Ушбу Битим кучга кирган кундан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркманистон Ҳукумати ўртасида фан, техника ва ахборот соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида 1996 йил 16 январдаги Битимнинг 3-моддаси 2 ва 5-хатбошиларининг қоидалари ўз кучини йўқотади.
Ушбу Битим беш йил муддатга тузилади ва агар Томонлардан ҳеч бири навбатдаги беш йиллик давр тугашидан камида олти ой олдин бошқа Томонга ўзининг ушбу Битимнинг амал қилишини тўхтатиш мақсади тўғрисида ёзма хабарнома юбормаса, келгуси беш йиллик даврларга узайтирилади.
Тошкент шаҳрида 2011 йил 5 майда ҳар бири ўзбек, туркман ва рус тилларида бўлган икки асл нусхада тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилишда ихтилофлар юзага келганда рус тилидаги матн устувор кучга эга бўлади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2011 й., 3-4-сон)