[
ОКОЗ:
1.
13.00.00.00 Таълим. Фан. Маданият / 13.01.00.00 Таълим / 13.01.04.01 Мактабгача таълим ташкилотлари / 13.01.61.00 Таълим муассасалари;
2.
13.00.00.00 Таълим. Фан. Маданият / 13.01.00.00 Таълим / 13.01.71.00 Ўрта-махсус касб-ҳунар таълими (лицейлар, колледжлар)]
[
ТСЗ:
1.
Ижтимоий-маданий масалалар / Таълим]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ТОШКЕНТ ШАҲРИДАГИ ХАЛҚАРО ВЕСТМИНСТЕР УНИВЕРСИТЕТИ ҲУЗУРИДА АКАДЕМИК ЛИЦЕЙ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Иқтисодиёт реал секторининг малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёжларини қондириш ҳамда умумтаълим ва умумкасбий фанлар чуқур ўрганилган ҳолда менежерлар тайёрлашни ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Халқаро Вестминстер университети ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети ҳузурида инглиз тили чуқур ўрганилган ҳолда аниқ фанлар йўналиши бўйича 360 ўқувчи ўринли академик лицей ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
2. Белгилансинки:
академик лицей фаолиятига ташкилий ва ўқув-методик раҳбарлик Ўрта махсус, касб-ҳунар таълим маркази томонидан Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети билан биргаликда амалга оширилади;
академик лицейга ўқувчилар белгиланган тартибда, Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университетининг таълим йўналишлари ўзига хослигига мувофиқ ўқув йилига 150 нафар қабул қилинади;
академик лицейда ўқитиш давлат таълим стандартларига, ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ амалга оширилади;
Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети академик лицейда ўқитишга университетнинг юқори малакали, тажрибали мутахассислари жалб этилишига кўмаклашади.
3. Академик лицей қуйидаги манзилга жойлаштирилсин: Тошкент шаҳри, Шаҳрисабз кўчаси, 25.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Давлат мулки қўмитаси билан биргаликда юқорида кўрсатиб ўтилган бинони ўқув, спорт ва хўжалик мақсадидаги барча туташ бинолар ва иншоотлар билан биргаликда Тошкент давлат техника университети балансидан Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети балансига белгиланган тартибда, бепул асосда берсин.
Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети Ўрта махсус, касб-ҳунар таълим маркази билан келишган ҳолда академик лицей бинолари ва иншоотлари реконструкция қилинишини таъминласин, академик лицей 2009/2010 ўқув йили бошланишигача ишга туширилсин.
4. Белгилаб қўйилсинки:
Олдинги
таҳрирга қаранг.
академик лицейнинг бинолари ва иншоотларини реконструкция қилиш ҳамда унинг бундан кейинги жорий таъминоти Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университетининг ўз маблағлари, ҳомийларнинг маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади;
(4-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли
қарори
таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
академик лицейнинг педагоглари ва маъмурий-бошқарув ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш, шунингдек уни зарур ўқув-лаборатория ва спорт анжомлари, компьютер техникаси ва кутубхона фонди билан жиҳозлаш харажатлари таълимга ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
5. Академик лицейни ўз вақтида ишга тушириш мақсадида, истисно тариқасида, Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университетига:
академик лицейнинг бинолари ва иншоотларини реконструкция қилиш ишларини лойиҳалаштириш билан бир вақтда амалга оширишга;
лойиҳалаштириш ва реконструкция қилиш ишларини бажаришга бош лойиҳа ва қурилиш ташкилотини уларнинг иш тажрибаси мезонларидан ва зарур моддий-техника ресурслари мавжудлигидан келиб чиққан ҳолда, танлов ўтказиш йўли билан белгилашга рухсат берилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси академик лицейни реконструкция қилиш бўйича лойиҳа ва қурилиш ишларини эксперт ва техник ҳужжатлар билан таъминласин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Н.М. Ханов ва Р.С. Қосимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2008 йил 9 декабрь,
270-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 50-сон, 495-модда; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)