Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Миср Араб Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
МАДАНИЙ ҲАМКОРЛИК ТЎҒРИСИДА
2003 йил 6 ноябрь, Қоҳира
(2006 йил 10 февралдан кучга кирган)
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Миср Араб Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчилар,
ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш ва мустаҳкамлаш заруриятини эътироф этиб,
икки давлат ўртасидаги дўстона алоқалар ва кенг ҳамкорликнинг муҳимлигини англаб,
иккала давлат ўртасидаги маданий ҳамкорлик дўстона алоқалар ва ўзаро ҳамжиҳатликни рағбатлантириши ва чуқурлаштиришига ишонган ҳолда,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Аҳдлашувчи Томонлар, ўзаро тенглик ва ҳамжиҳатлик асосида ўз мамлакатларининг тегишли қонуний ҳужжатлари ва халқаро ҳуқуқ қоидаларига риоя қилган ҳолда, иккала мамлакатнинг тегишли муассасалари ўртасида маданият соҳасида алмашув ва ҳамкорликни рағбатлантирадилар ва қўллаб-қувватлайдилар.
2-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўз мамлакатлари маданий ҳаёти, шунингдек иккала мамлакатда уюштириладиган халқаро тадбирлар бўйича ахборот алмашадилар ва мазкур тадбирларда ўз вакилларининг иштирокини рағбатлантирадилар.
3-модда
Аҳдлашувчи Томонлар иккала мамлакатнинг миллий кутубхоналари ва музейлари ўртасидаги ҳамкорликни, шунингдек ўзларининг умумий манфаатлари доирасида нашрлар ва мутахассислар алмашувини рағбатлантирадилар.
4-модда
Аҳдлашувчи Томонлар археология, маданий меросни муҳофаза қилиш ва сақлаш, ўрганиш ва тиклаш соҳаларидаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлайдилар ҳамда тегишли соҳаларда нашрлар ва мутахассислар алмашувини рағбатлантирадилар.
5-модда
Аҳдлашувчи Томонлар опера ва балет, мусиқа ва театр соҳаларида ҳамкорликнинг ривожланишини рағбатлантирадилар, шунингдек артистлар, артистлар гуруҳлари, ижрочилар ўртасидаги ўзаро алмашувни қўллаб-қувватлайдилар.
6-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ҳамкорликнинг бошқа қирраларини китоблар, маданият ва санъат соҳаларига оид даврий ва бошқа нашрлар билан алмашиш йўли орқали ривожлантирадилар, ҳамда тегишли мамлакат ҳудудида унинг қонунчилигига мувофиқ ўтказиладиган халқаро китоб ярмаркаларида ўзаро иштирок этишни рағбатлантирадилар.
7-модда
Аҳдлашувчи Томонлар тасвирий ва амалий-безак санъати, шунингдек анъанавий ва фольклор санъати кўргазмаларини ўтказиш имкониятини кўриб чиқадилар.
8-модда
Аҳдлашувчи Томонлар кинематография соҳасидаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлайдилар ҳамда иккала мамлакатда бўлиб ўтадиган фильм фестивалларида фильмлар ва делегациялар алмашувига кўмаклашадилар.
9-модда
Аҳдлашувчи Томонлар маданият соҳасидаги ҳамкорликни ЮНЕСКО ва бошқа халқаро ташкилотлар билан биргаликда ривожлантирадилар.
10-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ушбу Битимни бажариш бўйича ишчи дастурлар ишлаб чиқилиши ва маданий айирбошлаш билан боғлиқ бўлган харажатлар Аҳдлашувчи Томонларнинг ўзаро маслаҳатлашувлари орқали белгиланиши юзасидан келишиб олдилар.
Аҳдлашувчи Томонлар ушбу Битимга мувофиқ Аҳдлашувчи Томонларнинг мутасадди ташкилотлари ҳар бир мамлакатдаги ўз шериклари билан тегишли соҳаларда алоҳида дастурлар ва шартномалар ишлаб чиқиш ҳуқуқига эга эканликлари ҳақида келишиб олдилар.
11-модда
Мазкур Битимнинг алоҳида моддаларини талқин қилиш ёки амалга ошириш билан боғлиқ бўлган барча келишмовчиликлар Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида музокаралар ва маслаҳатлашувлар орқали ҳал этилади.
12-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ушбу Битимга ўзаро келишув асосида мазкур Битимнинг ажралмас қисми бўлган алоҳида баённомалар шаклида расмийлаштириладиган зарур қўшимча ва ўзгартиришлар киритишлари мумкин.
13-модда
Ушбу Битим Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида тузилган бошқа халқаро битимлардан келиб чиқадиган Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
14-модда
Ушбу Битимнинг мақсадлари учун мутасадди идоралар қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси томонидан — Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги;
Миср Араб Республикаси томонидан — Миср Араб Республикаси Маданият ва таълим вазирлиги.
15-модда
Ушбу Битим Аҳдлашувчи Томонлардан бири унинг кучга кириши учун зарур бўлган барча ички процедуралар бажарилганлиги тўғрисида сўнгги ёзма хабарномани олгандан кейин кучга киради ва 5 йил муддатга тузилади, сўнг Аҳдлашувчи Томонлардан бири бошқа Аҳдлашувчи Томонни Битимнинг амал қилишини тўхтатиш санасидан олти ой илгари ёзма хабардор этмаса, кейинги беш йиллик муддатларга ўз-ўзидан узайтирилади.
Мазкур моддага мувофиқ ушбу Битимнинг амал қилиши тўхтатилган ҳолда, ушбу Битим асосида имзоланган барча дастур ва лойиҳалар тўлиқ бажарилмагунига қадар амал қилади.
Қоҳира шаҳрида 2003 йил 6 ноябрда икки асл нусхада ўзбек, араб ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча нусхалар бир хил кучга эга.
Талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолда инглиз тилидаги матн асосий ҳисобланади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2006 й., 1-2-сон)