Ўзбекистон Республикасининг орденлари, медалларини, планкалардаги орден ленталари ва медаль ленталарини тақиб юришни тартибга келтириш мақсадида:
Ўзбекистон Республикасининг орденлари, медалларини, планкалардаги орден ленталари, медаль ленталарини тақиб юришнинг илова қилинаётган қоидалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси орден ва медаллари ленталарининг тавсифи тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотларига сазовор бўлган фуқаролар Ўзбекистон Республикаси орден ва медалларини, одатда, умумдавлат байрамлари ҳамда бошқа байрамлар ва тантанали мажлислар вақтида тақиб юрадилар.
Бошқа ҳолларда эса нишондорлар Ўзбекистон Республикасининг ё орден, медалларини, ёхуд уларнинг планкалардаги ленталарини тақиб юришлари мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотларини, планкалардаги орден ленталари ва медалларнинг ленталарини тақиб юриш чоғида Ўзбекистон Республикасининг орден ва медалларни таъсис этиш тўғрисидаги қонунларига, шунингдек қуйидаги қоидаларга риоя этилади:
1. «Олтин Юлдуз» медали бошқа алоҳида ўрнак кўрсатганлик учун олинган нишонларни тақиб юриш чоғида орден ва медаллардан юқорида, аввалги «Олтин Юлдуз» медалидан ҳамда «Ўроқ ва Болға» олтин медалидан ўнгроқда қадалади.
2. Ўзбекистон Республикасининг орденлари колодкаларда тақиб юриладиган бўлса, собиқ ССР Иттифоқи орденларидан ўнгроқда жойлашади.
Ўзбекистон Республикасининг орденлари колодкасиз тақиб юрилганда собиқ ССР Иттифоқи орденларидан чапроқда жойлашади.
Ўзбекистон Республикасининг медаллари собиқ ССР Иттифоқи медалларидан ўнгроқда, орденлардан кейин тақилади.
Ўзбекистон Республикасининг планкалардаги орден ленталари собиқ ССР Иттифоқининг орден ленталаридан ўнгроқда тақиб юрилади.
Ўзбекистон Республикасининг планкалардаги медаль ленталари собиқ ССР Иттифоқи медалларининг ленталаридан ўнгроқда, орден ленталаридан кейин тақилади.
3. Ўзбекистон Республикасининг икки ва ундан кўпроқ орденлари колодкаларда тақиб юрилганда улар қуйидаги тартибда жойлаштирилади: I даражали «Соғлом авлод учун» ордени, «Дўстлик» ордени, II даражали «Соғлом авлод учун» ордени.
Ўзбекистон Республикасининг (собиқ ССР Иттифоқининг) икки ва ундан кўпроқ медаллари тақиб юрилганда улар орденлардан кейин қуйидаги тартибда жойлаштирилади «Жасорат» медали, «Шуҳрат» медали.
4. «Мустақиллик» орденини ҳар куни тақиб юриш учун орден лентаси тайёрланади. Шойи лентанинг эни 24 мм ва бўйи 12 мм. Лентанинг ўртасидан эни 4 мм бўлган ёқутранг чизиқ ўтади. Унинг ҳар икки томонига эни 1 мм оқ чизиқлар, эни 3 мм сариқ чизиқлар, эни 1 мм оқ чизиқлар, эни 2 мм зангори чизиқлар, эни 1 мм ёқутранг чизиқлар, эни 2 мм яшил чизиқлар кетма-кет жойлашган.