Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Беларусь Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган нормалари ва принципларига таянган ҳолда ўзаро манфаатли шерикчиликни янада чуқурлаштиришга интилиб,
Ўзбекистон Республикаси билан Беларусь Республикаси ўртасида савдо ва ижтимоий-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва диверсификация қилиш зарурлигини таъкидлаган ҳолда,
Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикасида мавжуд иқтисодий, ишлаб чиқариш, молиявий ва бошқа имкониятлардан янада самарали фойдаланиш зарурлигини англаган ҳолда,
икки давлатнинг иқтисодий ва илмий-техник салоҳиятидан самарали фойдаланишда тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли савдо- иқтисодий ва ишлаб чиқариш муносабатларини уларга узоқ муддатли ва барқарор хусусият бахш этиб, янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришни ҳисобга олган ҳолда,
1991 йил 6 ноябрда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Беларусь Республикаси ўртасидаги давлатлараро муносабатларнинг асослари тўғрисидаги Шартномага ҳамда 1993 йил 21 январда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Беларусь Республикаси ўртасидаги савдо муносабатлари тўғрисидаги Битимга амал қилган ҳолда,
Томонлар мазкур Шартноманинг ажралмас қисми ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Беларусь Республикаси Ҳукумати ўртасида 2019 — 2023 йилларга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий ҳамкорлик Дастурини (кейинги ўринларда — «Дастур») амалга оширадилар.
Томонлар Дастурни амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқишни Ўзбекистон Республикаси билан Беларусь Республикаси ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича Қўшма ҳукуматлараро комиссияга (кейинги ўринларда — «Комиссия») топширишга келишиб олдилар.
Томонларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳамкорлиги давлатлар суверен тенглиги, тенг ҳуқуқлилик, ўзаро манфаатдорлик тамойилларига асосланади ҳамда Томонларнинг миллий манфаатларини инобатга олган ҳолда хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида мулкчилик шаклидан қатъий назар тўғридан-тўғри ҳамжиҳатлик орқали амалга оширилади.
Томонлар икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий муносабатларнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратадилар.
Томонлар тадбиркорлик ва бошқа хўжалик юритиш фаолиятини амалга ошириш учун қулай иқтисодий шароитлар яратишда, шунингдек ўзаро қизиқиш уйғотадиган лойиҳаларни амалга оширишда кўмаклашадилар.
Томонлар ўз зиммаларига бошқа Томоннинг иқтисодиёти манфаатларига зарар етказмаслик мажбуриятини оладилар.
Томонлар ўз давлатларининг иқтисодиётини диверсификация қилиш ва уларни янги технологик асосга ўтказиш соҳасидаги миллий устувор йўналишларни ҳисобга олган ҳолда икки томонлама иқтисодий, савдо, илмий ва техникавий алоқаларни ривожлантирадилар.
Томонлар иқтисодиётнинг турли соҳаларида, биринчи навбатда, саноат ва ёқилғи-энергетика комплексида, транспорт ва коммуникация соҳаларида, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштирадилар.
Томонлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва икки давлат бозорларида тарғиб қилиш, аграр сектордаги илмий ташкилотлар ўртасида кенг қамровли алоқаларни чуқурлаштириш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтирадилар.
Томонлар амалга ошираётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар соҳасида ҳамкорлик қиладилар, ишлаб чиқариш кооперациясини ривожлантириш ва қўшма ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этадилар.
Мазкур Шартнома қоидаларини талқин қилишда ёки қўллашда юзага келадиган низолар ва келишмовчиликлар Томонлар ўртасида маслаҳатлашувлар ва музокаралар йўли билан ҳал этилади.
Томонларнинг ўзаро келишувига биноан мазкур Шартномага унинг ажралмас қисмлари ҳисобланадиган, алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ҳамда мазкур Шартнома кучга кириши учун кўзда тутилган тартибда кучга кирадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
Мазкур Шартнома Томонлар давлатлари иштирокчи бўлган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқадиган Томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
Мазкур Шартнома амал қилишининг тугатилиши Дастурга мувофиқ мазкур Шартноманинг амал қилиши даврида бошланган лойиҳаларни амалга оширилишига дахл қилмайди.
Тошкент шаҳрида 2018 йил 13 сентябрда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек ва рус тилларида тузилди, мазкур Шартноманинг барча матнлари бир хил юридик кучга эга. Бунда мазкур Шартномага Илова* рус тилида тузилди.
* Илова рус тилидаги матнда берилган.