Олий суд Пленумининг 2002 йил 25 октябрдаги «Ярашув тўғрисидаги ишлар бўйича суд амалиёти ҳақида» ги 27-сонли қарори 7-бандида, қонунда ярашув тўғрисидаги ишлар бўйича суд мажлисида гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, жабрланувчи (фуқаровий даъвогар), уларнинг қонуний вакиллари, ҳимоячилари ва прокурор иштирок этиши назарда тутилганлиги, бироқ бу суднинг иш юзасидан қонуний, асосли ва адолатли қарор қабул қилиши учун зарур бўлган ҳолларда юқорида кўрсатилганлардан ташқари ўзга шахсларни ҳам ишга жалб этиш ҳамда қонунда назарда тутилган бошқа ваколатлардан фойдаланиш ҳуқуқини чекламаслиги, суд ажрим чиқаришда Жиноят процессуал кодексининг 586-моддасида назарда тутилган талабларга қатъий риоя этиши шартлиги;
Олий суд Пленумининг 1997 йил 22 августдаги «Судлар томонидан жиноят ишларини биринчи босқич судида муҳокама этиш жараёнида процессуал қонунчиликка риоя қилиниши тўғрисида»ги 12-сонли қарори 4-бандида, судларнинг эътибори ҳар бир ишни кўришда далилларни бевосита суд мажлисида текширишга, яъни судланувчиларни, жабрланувчиларни, гувоҳларни сўроқ қилиш, эксперт хулосасини тинглаш, ашёвий далилларни кўздан кечириш, баённомаларни ва бошқа ҳужжатларни эълон қилишга;
6-бандида, ашёвий далилларни, ҳужжатларни текшириш, жойни ва бинони кўздан кечириш иш бўйича ҳақиқатни аниқлаш учун аҳамиятли эканлигини инобатга олиб, ашёвий далиллар ва ҳужжатлар суд мажлисида иш бўйича бошқа далиллар қаторида чуқур текширилиши (шунингдек, кўздан кечирилиши, эълон қилиниши) лозимлиги ҳақида тушунтиришлар берилган.
Айтиш керакки, Жиноят процессуал кодексининг 2-моддасига кўра, айби бўлмаган ҳеч бир шахс жавобгарликка тортилмаслиги ва ҳукм қилинмаслиги учун айбдорларни фош этиш ҳамда қонуннинг тўғри татбиқ этилишини таъминлаш жиноят-процессуал қонун ҳужжатларининг вазифаси ҳисобланади.
Шунингдек, ушбу кодекснинг 3-моддасига мувофиқ, жиноят ишларини юритиш, жиноят содир этилган жойдан қатъи назар, башарти Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлатлар билан тузилган шартнома ва битимларида ўзгача қоидалар белгиланмаган бўлса, иш юзасидан суриштирув, дастлабки тергов ва суд муҳокамаси юритилаётган пайтда амалда бўлган қонун ҳужжатларига мувофиқ олиб борилади.
2017 йил 1 апрелдан кучга кирган «Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун билан Жиноят процессуал кодексининг 586-моддаси тўртинчи қисми 1-банди янги таҳрирда баён этилди, унга кўра, суд ажримининг қарор қисмида жиноят ишини тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан ёки ушбу кодекснинг 83 ва 84-моддаларида белгиланган бошқа асослар бўйича тугатиш ёхуд уни умумий қоидалар бўйича дастлабки терговни амалга ошириш учун прокурорга юбориш тўғрисидаги масалаларни ҳал этади.
Жиноят кодексининг 111 -моддаси 1-қисмида эҳтиётсизлик орқасида баданга ўртача оғир шикаст етказганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
Олий суд Пленумининг 2007 йил 27 июндаги «Баданга қасддан шикаст етказишга оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги 6-сонли қарори 2-бандида, баданга шикаст етказишга оид ишлар бўйича қилмишни тўғри квалификация қилиш учун айб шакли, баданга шикаст етказиш мотиви, мақсади ва усули, айбдорнинг қилмиши билан келиб чиққан оқибат ўртасида сабабий боғланиш мавжудлиги, шунингдек, ишнинг тўғри ҳал этилиши ва айбдорга адолатли жазо белгиланиши учун аҳамиятли бўлган бошқа ҳолатлар батафсил аниқланиши, 22-бандида эса, агар айбдор қўллаган зўрлик жабрланувчини дўппослаш, унинг баданига енгил ёки ўртача оғир шикаст етказишга сабаб бўлса, жабрланувчи баданига оғир шикаст (ёки жабрланувчининг ўлими) айбдорнинг айби билан қамраб олинмаган ҳолатлар бўйича (масалан, зарбадан сўнг йиқилиш натижасида) келиб чиққан бўлса, айбдор оқибатига кўзи етмаган, бироқ кўзи етиши шарт ва мумкин бўлган ёхуд кўзи етса-да, етарли асосларсиз унинг олдини олишни мўлжаллаб қилган ҳаракатлари натижасида келиб чиққан оқибатлар Жиноят кодексининг 111 ёки 102-моддалари билан квалификация қилиниши ҳақида тушунтиришлар берилган.
Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатларини юритган Тошкент транспорт прокуратураси томонидан ушбу ҳолат бўйича Ф.га нисбатан 2017 йил 15 февралда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси билан маъмурий иш қўзғатилган ва иш судда кўриб чиқилиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 21-моддасига асосан тугатилиб, Ф. маъмурий жавобгарликдан озод этилган.
Тергов органи иш бўйича тўпланган объектив далиллар йиғиндисига ҳуқуқий баҳо бермасдан, С.ни Жиноят кодексининг 111-моддаси 1-қисми билан ишда гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиб, ишни ярашилганлиги муносабати билан судга юбориш тўғрисида қарор чиқарган.
Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандида, қилмишда жиноят таркиби бўлмаса, гумон қилинувчи айбсиз деб топилиши ва реабилитация этилиши лозимлиги кўрсатилган.
Жиноят процессуал кодексининг 401 -моддасига мувофиқ, ушбу кодекснинг 83-моддасида назарда тутилган ҳолатлар мавжуд бўлса, суд жиноят ишини тугатади. Шу кодекснинг 493-моддасида, жиноят ишини назорат тартибида кўриб, суд ушбу кодекснинг 83-моддасида назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда, шунингдек, биринчи инстанция судида кўриб чиқилган далиллар судланувчини айбдор деб топиш учун етарли бўлмаса ва қўшимча далиллар тўплаш имконияти қолмаган бўлса, жиноят ишини тугатиши кўрсатилган.
Олий суд Пленумининг 2008 йил 15 майдаги «Судлар томонидан жиноят ишларини назорат тартибида кўриш амалиёти тўғрисида»ги 12-сонли қарори 28-бандида берилган тушунтиришларга кўра, назорат инстанцияси суди ҳукмни, ажримни, қарорни бекор қилганда, Жиноят процессуал кодексининг 83, 84-моддаларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда, ишни тўлиқ ҳажмда ёки мустақил квалификация қилинган айблов қисми бўйича тугатади.