Ўзбекистон Республикаси ва Италия Республикаси ўртасида
қўшма декларация
Иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида
1997 йил 3 май, Тошкент
(1997 йил 3 майдан кучга кирган)
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Италия Республикаси Ҳукумати, бундан кейин Томонлар деб аталувчилар,
иккала Томон ҳам ижтимоий тараққиёт ва сиёсий барқарорликнинг муҳим омили сифатида алоҳида аҳамият берадиган ўзаро ҳурмат,
тенглик ва ўзаро фойда кўриш қатъиятлари асосида иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш истагидан келиб чиқиб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашдилар:
1. Ушбу ҳамкорлик доирасида Италия иқтисодий ислоҳотлар, бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнига ва Ўзбекистон иқтисодининг жаҳон иқтисоди интеграциясига кўпроқ қўшилишига муайян ҳисса қўшишга тайёр.
2. Томонлар Ўзбекистон Халқаро Валюта Жамғармаси ва Халқаро Тикланиш ва Ривожланиш Банки билан муносабатлари муваффақиятли ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этадилар. Улар бу Молиявий Тузилмалар томонидан Ўзбекистонда ўтказилаётган иқтисодий ислоҳотлар дастурини амалга ошириш қўллаб-қувватланишига ёрдам беришига ишонадилар.
3. Томонлар ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик Ўзбекистонда ислоҳотлар дастурини амалга ошириш ҳаракатлари доирасига киради. Бу ҳамкорлик Халқаро Валюта Жамғармаси ва Халқаро Тикланиш ва Ривожланиш Банки билан келишилган ҳолда уларнинг қўллаб-қувватлашини таъминлаш мақсадини акс эттиради.
4. Томонлар икки тарафлама иқтисодий муносабатларнинг тўғри ва самарали ривожланишига эришиш мақсадида давлат кафолати билан мустаҳкамланган ўзаро молиявий мажбуриятларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш мажбуриятини оладилар.
Томонлар, шунингдек миллий қонунчиликка мувофиқ давлат кафолати билан таъминланмаган ўзаро молиявий мажбуриятларнинг бажарилишига доир зарур чора-тадбирлар кўришнинг муҳимлигини тан оладилар.
5. Ҳар бир Томон умумий манфаатлар йўлидаги иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида аҳамият беради. Шу мақсадда Томонлар соҳадош корхона ва ташкилотлар ўртасида ҳамкорликнинг барча шаклларига ёрдам берадилар ва иккала мамлакатда амалда бўлган қонунчиликка мувофиқ бир Томон ишбилармонларининг иккинчи Томон ҳудудидаги фаолиятини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга қаратилган энг фойдали иқтисодий шароитларни яратиш учун бутун кучларини сафарбар этадилар.
6. Томонлар ҳамкорликнинг энг илғор шаклларига ўтишга ёрдамлашиш учун қисқа фурсатларда сармоя ётқизишни рағбатлантириш ва уни муҳофаза қилиш ҳамда даромадга икки тарафлама солиқ солишни бартараф этиш бўйича битимлар тузишга қулай шароитлар яратадилар.
Бу тадбирлар Ўзбекистон ишлаб чиқариш муқаддариятининг бундан кейинги тараққиётига қаратилган сармоя ётқизишлар учун хусусий сармоялар оқимига ёрдам беришга мўлжалланган.
7. Томонлар икки тарафлама иқтисодий ҳамкорлик кўпроқ энг муҳим, айнан:
атроф муҳит;
энергетика ва нефть маҳсулотлари;
тоғ-кон саноати;
нақлиёт ва алоқа;
кимё ва дори-дармон саноати;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, консервалаш ва тарқатиш;
халқ истеъмоли маҳсулотларини ишлаб чиқариш;
саёҳат;
кичик ва ўрта корхоналарни ривожлантириш каби соҳаларга қаратилишига рози.
8. Томонлар тегишли корхоналарни учинчи мамлакатлар корхоналарига берилган қулайликлардан кам бўлмаган тенг ҳуқуқли режим билан таъминлаш учун бор кучларини сарфлайдилар.
Томонлар, шунингдек солиқ солиш соҳасида тегишли фуқароларга ва савдо Вакилликларига учинчи мамлакатлар фуқаролари ва Вакилликларига берилган қулайликлардан кам бўлмаган режим тақдим этиш бўйича бор кучларини сарфлайдилар.
Улар қўшма, шу жумладан, учинчи шерик иштирокидаги корхоналар барпо этишга ёрдамлашадилар.
9. Европа Иттифоқи кўтариб чиққан ташаббусларни ҳисобга олган ҳолда ва Италиянинг амалдаги қонунчилиги доирасида, Томонлар техникавий ёрдам, шу жумладан, мутахассислар ва раҳбарлар тайёрлаш соҳасида ҳамкорлик қиладилар.
Италия шу мақсадда Ўзбекистонга ўзининг кичик ва ўрта корхоналарни ривожлантириш борасидаги бой тажрибаларини тақдим этишга тайёр.
10. Томонлар, илмий-техникавий ҳамкорлик иккала давлат ўртасидаги муносабатлар ривожи учун муҳим аҳамиятга эга эканини ҳис этган ҳолда, бу ҳамкорлик кўпроқ қуйидаги муҳим йўналишларга қаратилишига рози:
анъанавий ва қайта тикланаётган энергия манбалари;
атроф муҳитни қўриқлаш ва табиатни муҳофаза қилиш тадбирлари;
соғлиқни сақлаш;
овқатланиш ва фармакология;
саноатда технологик жараёнлар;
биотехнологиялар ва қишлоқ хўжалигида янги технологиялар;
геология, гидрология ва сейсмология;
маъданий хом ашёни қайта ишлаш бўйича технологик жараёнлар.
11. Томонлар, энергия, нефть ва газ таъминотида хавфсизлик ва барқарорликнинг иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва қодир сармоя ётқизувчиларни жалб этиш учун муҳим аҳамиятга эга эканлигини ҳис этиб, энергетика соҳасидаги тадқиқотларга, газ ва нефть маҳсулотларидан фойдаланиш ва уларни нақлиётда ташишга алоҳида эътибор қаратадилар. Икки Томоннинг фаол иштирокини талаб этадиган ва бошқа чегарадош мамлакатлар билан муносабатларни мустаҳкамлайдиган бу ҳамкорлик инфратузилма бўйича лойиҳалар ҳамда имкон қадар кўпроқ ўзаро зарур интеграция учун зарур меъёрий ҳужжатларни биргаликда ривожлантириш мақсадида халқаро ташкилотлар доирасида ва Европа Энергетика Хартиясида кўзда тутилган қоидаларга мувофиқ ривожланади.
12. Томонлар атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорликни ривожлантирадилар. Улар ҳар қандай ифлослантириш манбаидан муҳофаза қилишни кафолатлаш мақсадида иккала мамлакат қонунчилиги доирасида, табиат бойликларидан рухсат берилган даражада фойдаланиш доирасида икки тарафлама ва кўп тарафлама даражада ҳамкорликнинг барча шаклларини илгари сурадилар ва рағбатлантирадилар.
13. Томонлар нақлиёт ва алоқа соҳасида ўз алоқаларини имкон даражасида ривожлантиришга ёрдамлашадилар.
14. Томонлар ушбу Декларацияда белгиланган мақсадларга етиш учун барча даражадаги сафарлар алмашлашга ёрдамлашадилар.
15. Ушбу Қўшма Декларация имзоланган кундан кучга киради.
Ушбунинг тасдиғи сифатида, қуйида имзо чекувчилар, Ҳукуматларининг тегишли ваколатини олган вакиллари, ушбу Қўшма Декларацияни имзоладилар.
Тошкент шаҳрида 1997 йил 3 майда ҳар бири ўзбек, итальян ва рус тилларида бўлган икки нусхада тузилди, ҳар бир матн тенг кучга эга.
(имзолар)