Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди Раис Б. Эшонов, судьялар Б. Мирбобоев, У. Бозоров, Г. Пиржанов ва С. Ҳакимовадан иборат таркибда, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 109-моддаси биринчи қисмининг учинчи бандига ва «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Қонуннинг 1-моддасига амал қилган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 25 майда қабул қилинган «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуни 16-моддасининг иккинчи қисмини шарҳлаш тўғрисида»ги ишни очиқ суд мажлисида кўриб чиқди.
Маърузачи судья С. Ҳакимованинг ахборотини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Иқтисодиётни ислоҳ қилиш ва тадбиркорлик қўмитаси раисининг ўринбосари К. Йўлдошев, Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг Қонунчилик ва суд ҳокимияти органлари билан алоқалар бўйича экспертлар гуруҳининг консультанти Ю. Назаров, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг юридик бўлими мудири Б. Қўчқоров, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Қонунчилик бош бошқармасининг бошлиғи X. Содиқов, Давлат солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари Э. Гадоев, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг солиқ сиёсати бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Т. Минибаева, Давлат солиқ қўмитасининг услубиёт ва даромадларни декларациялаш бўлими бошлиғи О. Ғаниев, Ўзбекистон Республикаси товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар Палатаси раиси М. Собиров ва Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ҳузуридаги Илмий-маслаҳатлашув кенгашининг аъзолари: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатларини мониторинги институти директорининг ўринбосари М. Гасанов, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди раисининг ўринбосари М. Азимов, Тошкент шаҳар адвокатлар ҳайъати Раёсатининг раиси С. Ёқубов, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясининг кафедра бошлиғи X. Одилқориевларнинг фикрларини эшитиб, ишга доир барча материаллар ва ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, Конституциявий суд аниқлади:
В. Фролов 1999 йил октябрь ойидан эътиборан якка тадбиркор бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 641-моддасига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 31 декабрдаги 541-сонли қарорига мувофиқ энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баравари миқдоридаги ставка бўйича солиқ тўлаб келган. Кейинроқ солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилган ва жисмоний шахслардан қатъий белгиланган миқдорларда олинадиган даромад солиғининг энг кўп ставкаси энг кам ойлик иш ҳақининг 10, сўнгра 20 ва 30 баравари миқдоригача оширилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 31 декабрдаги 554-сонли ва 2000 йил 26 декабрдаги 500-сонли қарорлари).
В. Фролов «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 16-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган имтиёзлардан фойдаланиши кераклигига қарамай, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан Давлат солиқ қўмитаси 2001 йил 13 июндаги № ТД/04-01-05/213 № 15/3-3987 рақамли биргаликдаги тушунтириш хати билан уни бундай ҳуқуқдан маҳрум этганлар.
«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 2-моддасига мувофиқ, «Ушбу Қонунда белгиланган шаклда қабул қилинган, умуммажбурий давлат кўрсатмалари сифатида қонун ҳужжатлари нормаларини белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилишга қаратилган расмий ҳужжат норматив-ҳуқуқий ҳужжат деб ҳисобланади». Шу Қонуннинг 5-моддасида норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланувчи ҳужжатларнинг турлари санаб ўтилган. Шунга асосланиб, Конституциявий суд қайд этадики, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан Давлат солиқ қўмитасининг 2001 йил 13 июндаги № ТД/04-01-05/213 № 15/3-3987 рақамли тушунтириш хати норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланмайди. Шу боис ундаги, шунингдек шунга ўхшаш хатлардаги «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 16-моддаси иккинчи қисмини қўлланишга доир тушунтиришлар Конституцияга хилофдир.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида (15-модда) Конституция ва қонунларнинг устунлиги тан олинади ва бошқа даражадаги ҳеч қандай ҳужжатлар қонун кучига эга эмас.
1. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 18-моддасининг иккинчи қисмига биноан имтиёзлар фақат қонун билан белгиланиб қўйилади ва ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши лозим.
2. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 19-моддасида шундай дейилган: «Ўзбекистон Республикаси фуқароси ва давлат бир-бирига нисбатан бўлган ҳуқуқлари ва бурчлари билан ўзаро боғлиқдирлар. Фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас».
3. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 51-моддасига биноан, фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлашга мажбурдирлар. Солиқ кодекси 11-моддасининг иккинчи бандида айтиладики, солиқ тўловчилар ушбу Кодексда ва бошқа қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган тартибда ва асосларда солиқ имтиёзларидан фойдаланиш ҳуқуқига эгадирлар.
4. «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 16-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун бирмунча ноқулайроқ шароитларни юзага келтирадиган ўзгартишлар киритилган тақдирда, мазкур субъектлардан кейинги икки йил мобайнида бундай ўзгартишлар кучга киргунга қадар амалда бўлган қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқ ундирилади.
2. «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 16-моддасининг иккинчи қисмида мустаҳкамлаб қўйилган норма тадбиркорларга солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун бирмунча ноқулайроқ шароитларни юзага келтирадиган ўзгартиришлар киритилган пайтдан эътиборан икки йил мобайнида, улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтда амалда бўлган ставка бўйича солиқ тўлаш ҳуқуқини беради.