Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Бирлашган Араб Амирликлари Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
Ўзбекистон Республикаси билан Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида дўстона муносабатлар ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш истагидан келиб чиқиб,
дипломатик паспорт эгалари бўлган Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари фуқароларининг саёҳат шароитларини соддалаштиришга интилган ҳолда,
1. Томонлардан бири давлатининг амалдаги дипломатик паспорт эгалари бошқа Томон давлати ҳудудига кирган санадан бошлаб, олти (6) ой ичида тўқсон (90) кундан ошмаган муддатда визалар расмийлаштирмаган ҳолда, ушбу Томон давлати ҳудудига кириш, ундан чиқиш, транзит ўтиш ҳамда унда вақтинчалик бўлиш ҳуқуқига эгадирлар.
2. Ушбу модданинг 1-бандида назарда тутилган муддатдан узоқроқ муддатга бошқа Томон давлатининг ҳудудига киришни истаган бир Томон давлатининг амалдаги дипломатик паспорт эгалари ушбу Томон давлатининг ҳудудига кириш учун виза олишлари лозим.
1.Башарти Томонлардан бири амалдаги дипломатик паспортга эга бўлган ўзининг ҳар қандай фуқаросини бошқа Томон давлати ҳудудидаги ўзининг дипломатик ваколатхоналарига ва консуллик муассасаларига ёки халқаро ташкилотларга тайинлаган тақдирда, у тайинланган шахс бошқа Томон давлатининг ҳудудига етиб келганидан сўнг, бошқа Томонни бундай тайинлов ҳақида хабардор қилади.
2. Бошқа Томон давлатининг ҳудудига етиб келганидан сўнг, ушбу модданинг 1-бандида кўрсатилган шахслар тегишли дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалари ёки халқаро ташкилотларнинг сўровига биноан ва қабул қилувчи Томон давлатининг қонунларига мувофиқ ўттиз (30) кун ичида аккредитация қилинади.
3. Ҳар қандай Томон давлатининг бошқа Томон давлати ҳудудида жойлашган ушбу Томоннинг дипломатик ваколатхоналари ёки консуллик муассасаларида ёки халқаро ташкилотларда аккредитация қилинган амалдаги дипломатик паспорт эгалари ўз аккредитация муддати давомида бошқа Томон давлатининг ҳудудига виза талабларисиз кириши, ундан чиқиши, транзит ўтиши ёки унда бўлиб туриши мумкин.
4. Ушбу модданинг 3-бандида кўрсатилган шартлар бир Томон давлати ҳудудида аккредитация қилинган дипломатик ваколатхона, консуллик муассасаси ёки халқаро ташкилот ходимининг турмуш ўртоғи, вояга етмаган фарзандлари ва қарамоғида бўлган ота- оналарига ҳам татбиқ қилинади, башарти улар бошқа Томон давлатининг амалдаги дипломатик паспорти эгалари ҳисоблансалар.
1. Томонлардан бири давлатининг амалдаги дипломатик паспорти эгалари бошқа Томон давлати ҳудудида паспортлар йўқолган ёки шикастланган тақдирда, ўз давлатининг дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасасини зудлик билан хабардор қиладилар, улар эса қабул қилувчи давлатнинг ваколатли идораларини тегишли чоралар кўриш учун хабардор қиладилар.
2. Йўқолган ёки шикастланган ҳужжат ўрнига тегишли Томон давлатининг дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасаси янги паспорт ёки йўқолган ёхуд шикастланган паспортнинг ўрнини вақтинчалик босувчи бошқа йўл ҳужжатини тақдим этади.
Томонлардан бири давлатининг амалдаги дипломатик паспорт эгалари бошқа Томон давлати чегарасини фақат ушбу Томон давлатининг қонунчилигига мувофиқ халқаро йўловчи ташиш учун очиқ бўлган чегара пунктлари орқали кесиб ўтадилар.
Томонлардан бири давлатининг ваколатли органлари бошқа Томон давлатининг амалдаги дипломатик паспорт эгаларининг, башарти уларнинг ҳудудда бўлиб туришлари номақбул деб топилса, ушбу давлат ҳудудига киришларини рад этиш ёки унда бўлиб туришларини қисқартириш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.
Бир Томон давлатининг амалдаги дипломатик паспорт эгалари бошқа Томон давлати ҳудудида бўлиш вақтида ушбу давлатнинг қонунчилигини ҳурмат қилиш мажбуриятини оладилар.
1. Ҳар бир Томон, жамоат тартибини таъминлаш, давлат хавфсизлигини ёки жамоат соғлиғини ҳимоя қилиш зарурати пайдо бўлганда, мазкур Протоколни қўллашни тўлиқ ёки қисман тўхтатиши мумкин. Бундай ҳолда, бошқа Томон ушбу қарор ҳақида зудлик билан ёзма равишда хабардор қилинади.
2. Ушбу модданинг 1-бандида назарда тутилган чора- тадбирларни қўллашга қарор қилган Томон ушбу чора-тадбирларни бекор қилиш ва мазкур Протоколни қўллашни қайта тиклаш тўғрисида зудлик билан бошқа Томонни ёзма равишда хабардор қилади.
1.Томонлар давлатларининг ваколатли органлари мазкур Протокол кучга кирган кундан бошлаб ўттиз (30) кундан кечиктирмасдан дипломатик паспорт намуналарини алмашадилар.
2. Томонлар давлатларининг ваколатли органлари дипломатик паспортга киритиладиган ўзгартиришлар ҳақида ушбу ўзгартиришлар кучга киришидан олдин ўттиз (30) кундан кечиктирмасдан бир-бирларини хабардор қиладилар ва бир вақтнинг ўзида бошқа Томон давлатининг ваколатли органларига намуналарни тақдим этадилар.
Мазкур Протоколни талқин қилиш ёки кўллаш билан боғлиқ масалалар бўйича Томонлар ўртасидаги ҳар қандай низолар маслаҳатлашув ва музокаралар орқали ҳал этилади.
Мазкур Протоколга киритиладиган ҳар қандай ўзгартиришлар иккала Томон ўртасида ўзаро келишиб олинади ҳамда дипломатик каналлар орқали расмий ноталар алмашинуви билан амалга оширилади.
1. Мазкур Протокол номуайян муддатга тузилади ва унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини Томонлар бажарганликлари тўғрисидаги охирги ёзма хабарнома дипломатик каналлар орқали олинган санадан бошлаб ўттиз (30) кундан сўнг кучга киради.
2. Ҳар бир Томон бошқа Томонга дипломатик каналлар орқали ёзма хабарнома юбориш орқали мазкур Протоколнинг амал қилишини тугатиши мумкин. Бундай ҳолда, мазкур Протоколнинг амал қилиши бошқа Томон тугатиш тўғрисидаги хабарномани олган санадан бошлаб ўттиз (30) кундан сўнг тугатилади.
Абу-Даби шаҳрида 2019 йил 25 мартда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, араб ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар тенг аутентикдир.