Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида
Шартнома
Стратегик шериклик тўғрисида
2018 йил 17 август, Тошкент
LexUZ шарҳи
Мазкур шартнома Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 18 декабрдаги ЎРҚ-505-сонли «Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги Шартномани (Тошкент, 2018 йил 17 август) ратификация қилиш ҳақида»ги
Қонуни
билан тасдиқланган.
(Ўзекистон Республикаси учун 2018 йил 18 декабрдан кучга кирган)
Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
Ўзбекистон ва Тожикистон халқларининг тарихий ва маданий умумийликлари, дўстона ва аҳил қўшничилик муносабатларини инобатга олган ҳолда,
2000 йил 15 июнда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида абадий дўстлик тўғрисидаги Шартномага асосланиб,
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми мақсад ва принципларига ҳамда халқаро ҳуқуқнинг бошқа умумэътироф этилган нормаларига содиқ эканликларини яна бир бор тасдиқлаб,
Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш борасидаги юксак масъулиятни англаган ҳолда,
икки томонлама муносабатларни ўзбек-тожик ҳамкорлигининг замонавий ривожланиш салоҳияти ва ҳақиқий эҳтиёжларига муносиб бўлган, сифат жиҳатидан янги даражага кўтаришга интилиб,
Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасидаги муносабатларнинг асоси сифатида стратегик шерикликнинг шартномавий-ҳуқуқий мустаҳкамланиши барча йўналишларда ҳамкорликни янада ривожлантириш ва чуқурлаштиришга кўмаклашишига бўлган ишончдан келиб чиқиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Мазкур Шартномага мувофиқ Томонлар узоқ муддатли ва барқарор стратегик шериклик муносабатларини ўрнатдилар ҳамда уларни суверенитет ва ҳудудий яхлитликни ўзаро ҳурмат қилиш, чегараларнинг дахлсизлиги, бир-бирларининг ички ишларига аралашмаслик, тенглик ва ўзаро манфаатдорлик, тинч-тотув яшаш ва ўзаро ишонч принципларига таянган ҳолда ҳар томонлама ривожлантиришга келишиб олдилар.
Томонлар, энг аввало, олий ва юқори даражада мунтазам учрашувлар механизмидан фойдаланиб ва уни такомиллаштириб, ўзаро аҳамиятга молик бўлган икки томонлама муносабатлар масалалари ва долзарб халқаро муаммолар бўйича мунтазам фикрлар алмашган ҳамда позицияларни келишган ҳолда стратегик шерикликни мустаҳкамлайдилар.
2-модда
Томонлар бошқа Томон суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигига зиён келтирувчи ҳар қандай хатти-ҳаракатлардан, шу жумладан, учинчи давлатлар билан шартномалар тузишдан тийилиш мажбуриятларини яна бир бор тасдиқлайдилар. Томонлардан ҳеч бири ўз ҳудудидан бошқа Томон давлат суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигига зиён келтирган ҳолда учинчи давлатларнинг фойдаланишига йўл қўймайди.
Томонлардан ҳеч бири ўз ҳудудида бошқа Томон суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигига зиён келтирувчи муассасалар (тузилмалар), ташкилот ва гуруҳларнинг ташкил этилиши ва фаолиятига йўл қўймайди.
Томонлар ўзаро хавфсизлик манфаатларига ёки улардан бирининг хавфсизлик манфаатларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган вазият юзага келган тақдирда, бундай вазиятни бартараф этиш бўйича позицияларни келишиб олиш ва амалий чора- тадбирларни мувофиқлаштириш учун ўзаро келишув асосида тегишли маслаҳатлашувлар механизмини ишга соладилар.
3-модда
Томонлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа кўп томонлама форматларда ҳамкорлик ва алоқаларни мустаҳкамлайдилар. Томонлар миллий манфаатларига дахлдор бўлган масалаларни кўриб чиқишда бир-бирларини қўллаб-қувватлайдилар ҳамда ўз позицияларини келишиб олиш мақсадида маслаҳатлашувлар ўтказадилар.
Томонлар Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги Шартнома ва унинг барча кўринишларида тарқатмаслик режимини самарали амалга оширишда ўзаро ҳамкорлик қиладилар.
Томонлар БМТнинг глобал ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш борасидаги халқаро саъй-ҳаракатларига кўмаклашиш мақсадида Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зона тўғрисидаги Шартнома доирасида ҳамкорлик бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларини давом эттирадилар.
Томонлар Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни сақлаш ва мустаҳкамлаш, минтақани хавфсиз ва барқарор ривожланаётган ҳудудга айлантириш борасида биргаликдаги саъй-ҳаракатларини амалга оширадилар.
4-модда
Томонлар ўзаро манфаатдорлик асосида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ўзбек-тожик Қўшма комиссиясининг режалаштирувчи, мувофиқлаштирувчи ва йўналтирувчи ролидан тўлиқ ҳажмда фойдаланган ҳолда, ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтиришнинг устувор йўналишлари бўйича икки томонлама амалий ҳамкорликни ҳар томонлама ва мувозанатлашган тарзда ривожлантирадилар.
Томонлар ўзаро манфаатдорлик асосида ўрта ва узоқ муддатли дастурларни ишлаб чиқадилар ва амалга оширадилар, хўжалик юритувчи субъектлар ва ишбилармон доиралар ўртасида икки томонлама ҳамкорликни ҳар томонлама ва изчиллик билан ривожлантирадилар.
5-модда
Томонлар ўз қонунчиликлари ва улар иштирокчи ҳисобланган халқаро шартномалар шартларига мувофиқ ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш, товар айланмаси барқарор ўсишини таъминлаш ва унинг тузилмасини диверсификация қилиш, тизимли ва узоқ муддатли асосларда ўзаро маҳсулот ва хизматлар етказиб бериш ҳажмини кўпайтириш, инвестицияларни жалб қилиш ва рағбатлантириш, саноат кооперациясини ривожлантириш, қўшма корхоналарни ташкил қилиш бўйича зарурий чора-тадбирларни амалга оширадилар.
6-модда
Томонлар ҳар иккала Томон иқтисодий манфаатларига мос келадиган ҳамда халқаро бозорларга энг қисқа ва самарали чиқишни таъминлайдиган ишончли ва хавфсиз транспорт йўлакларини яратишни қўллаб-қувватлайдилар ва шу муносабат билан улар эришилган келишувларни амалий татбиқ этиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларини давом эттирадилар.
Томонлар халқаро транспорт инфратузилмаларини биргаликда ривожлантириш ва улардан фойдаланиш, уларнинг рақобатбардошлиги ва жозибадорлигини ошириш борасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштирадилар.
7-модда
Томонлар Марказий Осиёда трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона ва адолатли фойдаланиш соҳасида минтақавий шерикликни ривожлантиришга, сув-энергетика масалаларида минтақанинг барча давлатлари манфаатларини ҳурмат қилиш ва ҳисобга олиш асосида очиқ ва конструктив мулоқотни қўллаб-қувватлаш, ўзаро англашувни мустаҳкамлаш, ўзаро мақбул ечимларни қидириш ва оқилона муросага эришишга кўмаклашадилар.
8-модда
Томонлар ҳарбий ва ҳарбий-техникавий соҳаларда, шунингдек фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш борасида ҳамкорлик қиладилар ҳамда алоҳида халқаро шартномалар асосида иккала давлат тегишли идораларининг алоқаларига кўмаклашадилар.
9-модда
Томонлар халқаро терроризм ва экстремизм таҳдиди, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг прекурсорлари ва қуролларнинг ноқонуний муомалада бўлиши, трансмиллий уюшган жиноятчилик, одам савдоси ва хавфсизликка оид янги таҳдид ва хуружларнинг бошқа кўринишларига қарши курашиш ва уларни бартараф этиш механизмларининг самарадорлигини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштирадилар ва бирлаштирадилар.
10-модда
Томонлар фан ва техника, соғлиқни сақлаш, таълим ва маданият, туризм ва спорт соҳаларидаги ҳамкорликни янада рағбатлантирадилар ва мустаҳкамлайдилар.
Томонлар ўз давлат органлари, оммавий ахборот воситалари, илмий, маданий, ижодий, жамоат ташкилотлари, уюшмалари ва бошқа фуқаролик жамияти институтлари ўртасида алоқа ва алмашинувларни йўлга қўйиш ҳамда қўллаб-қувватлаш, ушбу соҳада қўшма дастур ва тадбирларни амалга ошириш орқали гуманитар соҳадаги ҳамкорликни ривожлантиришни давом эттирадилар.
11-модда
Томонлар ўз қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият тармоқлари ўртасидаги ҳамкорликни рағбатлантирадилар ҳамда икки давлат фуқаролари ўртасидаги алоқаларга ҳар томонлама кўмаклашадилар.
12-модда
Томонлар ўзлари иштирокчи ҳисобланган халқаро шартномалар, шунингдек ўз қонунчиликларига мувофиқ бир Томон ҳудудида бошқа Томон юридик ва жисмоний шахсларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш учун самарали чора-тадбирларни амалга оширадилар.
Томонлар бундан буён ҳам ўз фуқароларининг ўзаро сафарларига, ўз ҳудудларида истиқомат қилаётган ўзбек ва тожик жамоатчилиги учун она тили, миллий маданияти, анъана ва урф- одатларини сақлаш ва ривожлантиришга қулай шароитлар яратишга кўмаклашадилар.
13-модда
Мазкур Шартнома учинчи давлатларга қарши қаратилмаган ва Томонларнинг улар иштирокчи ҳисобланган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
14-модда
Томонлар мазкур Шартнома қоидаларини амалга оширишда вужудга келиши мумкин бўлган низо ва келишмовчиликларни дўстона музокара ва маслаҳатлашувлар орқали ҳал этадилар.
15-модда
Томонлар ўзаро келишувга мувофиқ мазкур Шартномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритишлари мумкин бўлиб, улар мазкур Шартноманинг ажралмас қисми ҳисобланадиган алоҳида баённомалар билан расмийлаштирилади ҳамда Шартноманинг
16-моддасида
белгиланган тартибда кучга киради.
16-модда
Мазкур Шартнома ратификация қилиниши лозим ҳамда ратификация ёрлиқлари алмашинган санадан бошлаб кучга киради.
Мазкур Шартнома номуайян муддатга тузилади.
Мазкур Шартноманинг амал қилиши Томонлардан бири бошқа Томоннинг Шартнома амал қилишини тугатиш нияти тўғрисидаги тегишли ёзма хабарномасини дипломатик каналлар орқали олган санадан бошлаб олти ойдан сўнг тугатилади.
Тошкент шаҳрида 2018 йил 17 августда ҳар бири ўзбек, тожик ва рус тилларида бўлган икки асл нусхада тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Мазкур Шартнома қоидаларини талқин қилиш мақсадида Томонлар рус тилидаги матнга мурожаат қиладилар.
(имзолар)