LexUZ шарҳи
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сонли «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Аграр соҳадаги иқтисодий ислоҳотлар жараёнини чуқурлаштиришни таъминлаш, қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкатлар)ни шакллантириш, мулкий пайлар ва оилавий пудрат тизимини жорий этиш асосида қишлоқда ҳақиқий мулкдорлар синфини шакллантириш, тупроқ унумдорлигини ошириш, ердан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш, селекция ва уруғчиликни яхшилаш, рақобатбардош қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш мақсадида:
1. 1998 — 2000 йиллардаги даврда Қишлоқ хўжалигидаги иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш дастури* маъқуллансин.
2. Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришга оид ушбу Дастурнинг бажарилишини назорат қилувчи Республика комиссияси тузилсин.
Республика комиссияси ҳар чоракда Дастур қандай бажарилаётганлиги якунларини чиқариб, унинг натижалари тўғрисида республика ҳукуматига маълум қилиб борсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда ушбу Дастурни амалга ошириш юзасидан тадбирлар ишлаб чиқиб, тасдиқласин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги, Молия вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда бошқа тегишли вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ҳафта муддат ичида ҳудудлар бўйича Дастур қоидаларини амалга оширишга доир аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсинлар.
5. 1998 — 2000 йиллардаги даврда Қишлоқ хўжалигидаги иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш дастури бажарилишини таъминлаш учун вазирликлар ва идораларнинг раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси ва вилоятларнинг ҳокимлари шахсан жавобгар эканликлари белгилаб қўйилсин.
6. Дастурнинг бажарилиши ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларида муҳокама қилиб борилсин.
7. Мазкур Фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ў.Т. Султонов зиммасига юклансин.