LexUZ шарҳи
Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикаси 2022 йил 3 августдаги ЎРҚ-786-сонли «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги Қонунига асосан 2022 йил 5 ноябрдан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши қарор қилади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи, прокурор ҳузурига ёки судга чақириладиган гувоҳлар, жабрланувчилар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар ва холисларга ўз турар жойидан шу чақирилган ерга келиш ва бу ердан қайтиб кетиш харажатлари корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ходимларига хизмат сафарига бориш ва қайтиш харажатларини қоплаш учун белгиланган тартибда тўланади.
(1-модда Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 23 майдаги ЎРҚ-542-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.05.2019 й., 03/19/542/3177-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Гувоҳлар, жабрланувчилар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар ва холислар ўзларининг доимий яшаш жойларидан ташқаридаги терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи, прокурор ҳузурига ёки судга чақирилганда ва улар шу чақирилган жойда бир суткадан ортиқ туришлари лозим бўлганда, уларга турар жой биносини ижарага олганлик учун қилинган харажатлар ва суткалик харажатлар, шунингдек хизмат сафари билан боғлиқ қўшимча харажатлар корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ходимларининг хизмат сафари билан боғлиқ бўлган харажатларни қоплаш учун белгиланган тартибда ва миқдорда тўланади.
(2-модда Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 23 майдаги ЎРҚ-542-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.05.2019 й., 03/19/542/3177-сон)
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги хизмат сафарлари тўғрисидаги Йўриқнома (рўйхат № 1268 29.08.2003 й.).
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Экспертлар, мутахассислар бажарган иш учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига нисбатан — ишнинг бир соатига 0,0053-0,0071 коэффициенти бўйича ҳақ тўланади.
(3-модда Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 3 декабрдаги ЎРҚ-586-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.12.2019 й., 03/19/586/4106-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
4. Таржимонлар ёзма таржимага — ҳар 1000 босма (қўлёзма) белги учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига нисбатан — 0,0036-0,0053 коэффициенти бўйича ҳақ оладилар.
Суд мажлисларида ёки суриштирув органлари ва дастлабки тергов органлари ўтказадиган сўроқларда таржимон сифатида қатнашганлик учун таржимонлар меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига нисбатан — ишнинг бир соатига 0,0053-0,0071 коэффициенти бўйича ҳақ оладилар.
(4-модда Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 3 декабрдаги ЎРҚ-586-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.12.2019 й., 03/19/586/4106-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
5. Экспертлар, мутахассислар ва таржимонлар бажарган ишлари учун терговга қадар текширувни амалга оширувчи органларнинг, суриштирув ёки дастлабки тергов органларининг қарорига ёхуд суднинг ажримига биноан ҳақ оладилар.
(5-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 23 майдаги ЎРҚ-542-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.05.2019 й., 03/19/542/3177-сон)
Бу ҳақнинг миқдори эксперт, мутахассис ёки таржимонни чақирган идора томонидан уларнинг малакаси ва ишнинг мураккаблиги, шунингдек бажарилган иш учун сарфланган вақтни ҳисобга олиб белгиланади.
6. Ушбу Қонунда кўрсатилган барча пуллар чақирувчи орган томонидан: жиноий ишлар бўйича — смета бўйича махсус ажратиладиган маблағлар ҳисобидан, фуқаролик ишлари бўйича эса — тарафлар берадиган пуллар ҳисобидан тўланади, тарафлар иш юзасидан қилинадиган харажатларни тўлашдан озод этилган ҳоллар бундан мустаснодир. Бундай ҳолларда пуллар смета бўйича ажратиладиган маблағлар ҳисобидан тўланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
7. Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 318-моддасига мувофиқ гувоҳлар, жабрланувчилар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар ва холисларга тўланадиган маблағлар жиноий ишлар бўйича процессуал чиқимларга қўшилади ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 320-моддасида белгиланган тартибда ундириб олинади.
(7-модда Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 6 майдаги 70-I-сон Қонуни таҳририда — Олий Кенгаш Ахборотномаси, 1995 й., 6-сон, 118-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
8. Гувоҳлар, жабрланувчилар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар ва холисларга ҳақ уларни чақирган орган томонидан бу шахслар ўз вазифаларини бажариб бўлганларидан кейин, тегишли пуллар иш юзасидан қилинган харажатлар тарзида ёки ҳукм этилганлардан процессуал чиқимлар тарзида ташқаридан олинган ва ундириб олинган ёки олинмаганлигидан қатъи назар дарҳол тўланиши керак.
(8-модда Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 6 майдаги 70-I-сон Қонуни таҳририда — Олий Кенгаш Ахборотномаси, 1995 й., 6-сон, 118-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
9. Терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи, прокурор ҳузурига ёки судга гувоҳлар, жабрланувчилар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар ва холислар сифатида чақириладиган ҳарбий хизматчиларнинг харажатларини (йўлкира ҳақи, суткалик ҳақ ва квартира ҳақи) суд ҳарбий қисмларнинг талабига биноан ва ҳарбий хизматчиларнинг пул таъминоти тўғрисидаги низомда белгиланган нормалар бўйича тўлайди.
(9-модда Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 23 майдаги ЎРҚ-542-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.05.2019 й., 03/19/542/3177-сон)
10. Ушбу Қонун хизмат топшириғи сифатида ўз вазифаларини бажарадиган экспертлар, мутахассислар ва таржимонларга тааллуқли эмас.