Ҳужжат кучини йўқотган " " 19.05.2018
|
LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 19 майдаги 17-сонли «Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айримларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Хўжалик судлари томонидан чет давлат суди ёки ҳакамлик қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш ҳамда чет давлат судининг топшириғини ижро этиш тўғрисидаги ишларни кўришда қонун ҳужжатларини тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 47-моддасига асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми қарор қилади:
1. Хўжалик судлари чет давлат суди ёки ҳакамлик қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш ҳамда чет давлат судининг топшириғини ижро этиш тўғрисидаги ишларни кўришда Нью-Йорк шаҳрида 1958 йил 10 июнда имзоланган «Чет эл мамлакатлари ҳакамлик қарорини эътироф этиш ва ижро этиш тўғрисида»ги Конвенция (бундан буён — Нью-Йорк Конвенцияси деб юритилади), Киев шаҳрида 1992 йил 20 мартда имзоланган «Хўжалик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ низоларни ҳал этиш тартиби тўғрисида»ги Битим (бундан буён — Киев Битими деб юритилади), Минск шаҳрида 1993 йил 22 январда имзоланган «Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида»ги Конвенция (бундан буён — Минск Конвенцияси деб юритилади), Гаага шаҳрида 1954 йил 1 мартда имзоланган «Фуқаролик процесси масалаларига доир Конвенция» (бундан буён — Гаага Конвенцияси деб юритилади), Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги халқаро шартномалари, Ўзбекистон Республикасининг Хўжалик процессуал кодекси (бундан буён — ХПК деб юритилади) ва бошқа қонун ҳужжатларини қўллашлари лозим.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2014 йил 28 ноябрдаги 271-сонли қарори таҳририда)
6. Судлар эътиборга олишлари лозимки, чет давлат суди ёки ҳакамлик қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш ҳамда чет давлат судининг топшириғини ижро этиш билан боғлиқ ишлар, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, ХПК қоидалари бўйича кўриб чиқилади.
6.1. Чет давлат суди ёки ҳакамлик қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқишда ишда иштирок этувчи шахслар суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида ХПК 124-моддасида белгиланган тартибда хабардор қилинадилар.
6.3. Чет давлат суди ёки ҳакамлик қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги илтимоснома, шунингдек чет давлат судининг топшириғи суд томонидан ХПКнинг 16-бобида белгиланган тартибда иш юритишга қабул қилинади.
9. Судларга тушунтирилсинки, чет давлат суди ёки ҳакамлик қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш учун давлат божи ундирилмайди, бироқ ХПКда белгиланган бошқа суд харажатлари тўланиши (ундирилиши) лозим.
11. Судлар чет давлат суди ёки ҳакамлик қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги илтимоснома ХПК 88-моддасининг 6-бандида белгиланган асослар бўйича кўрмасдан қолдирилиши мумкин эмаслигини инобатга олишлари лозим.
12. Чет давлат суди ёки ҳакамлик қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш ҳақидаги ишларни кўриш якуни бўйича ХПКнинг 18-бобида ҳал қилув қарорини қабул қилиш учун белгиланган қоидалар бўйича ажрим чиқарилади ва унинг асосида ижро варақаси дарҳол берилади.
12.1. «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 6-моддасининг иккинчи қисмига кўра чет эл суди ёки арбитражининг қарори асосида Ўзбекистон Республикаси суди томонидан берилган ижро варақаси, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, қарор қонуний кучга кирган вақтдан эътиборан уч йил ичида мажбурий ижро этиш учун топширилиши мумкин.
14.1. Нью-Йорк Конвенцияси 4-моддасига кўра ҳакамлик қарорини тан олиш ва ижрога қаратишни сўраётган тараф илтимосномани беришда тегишли тартибда тасдиқланган ҳакамлик қарори ва ҳакамлик келишувининг асли ёки тегишли тартибда тасдиқланган нусхаларини тақдим этади. Агар ҳакамлик қарори ва келишув расмий (ўзбек) тилида баён этилмаган бўлса, ушбу қарорни тан олиш ва ижрога қаратишни сўраётган тараф бу ҳужжатларнинг расмий тилдаги таржимасини тақдим қилади. Таржима расмий ёки қасамёд қилган таржимон, дипломатик ёхуд консуллик муассасаси томонидан тасдиқланади.
Судларга тушунтирилсинки, ушбу талабларга риоя қилинмасдан берилган илтимоснома ХПКнинг 118-моддасига мос ҳолда қайтарилади.
14.2. Судлар эътиборга олишлари лозимки, ҳакамлик қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш Нью-Йорк Конвенциясининг 5-моддасида кўрсатилган асослар мавжуд бўлгандагина рад этилиши мумкин.
Бунда шуни назарда тутиш керакки, Нью-Йорк Конвенцияси 5-моддасининг 1-банди асосида ҳакамлик қарорини тан олиш ва ижрога қаратишни рад этишга ушбу бандда кўрсатилган ҳолатларни исботловчи далиллар мавжуд бўлган ҳоллардагина йўл қўйилади. Нью-Йорк Конвенцияси 5-моддасининг 2-банди асосида ҳакамлик қарорини тан олиш ва ижрога қаратишни рад этишга судга ҳар қандай далиллар тақдим этилганлигидан қатъи назар, йўл қўйилади.
Агар Киев Битими ёки Минск Конвенцияси иштирокчиси бўлмаган ёхуд Ўзбекистон Республикаси билан ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисида шартнома тузмаган чет давлат судининг қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисида илтимоснома берилган бўлса, бундай илтимосномани қабул қилиш ХПК 117-моддасининг 1-банди асосида рад этилади. Агар кўрсатилган ҳолат илтимоснома иш юритишга қабул қилинганидан кейин аниқланса, иш бўйича иш юритиш ХПК 86-моддасининг 1-бандига мос ҳолда тугатилади.
15.2. Чет давлат судининг қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги илтимоснома ваколатли судга фақат ундирувчи (манфаатдор шахс) томонидан берилиши мумкин. Бошқа шахслар томонидан берилган илтимоснома ХПК 118-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига мос ҳолда қайтарилади.
(15.2-банд Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2015 йил 13 мартдаги 277-сонли қарори таҳририда)
Ушбу талабга риоя қилинмасдан берилган илтимоснома ХПКнинг 118-моддасига мос ҳолда қайтарилади.
Бундан келиб чиқиб, ХПКнинг 123-моддасига асосан ишни судда кўришга тайёрлаш тўғрисида ажрим чиқарилиб, унда ишни тайёрлашга доир ҳаракатлар, ишни судда кўришга тайинлаш, уни ўтказиш вақти ва жойи кўрсатилади. Ишда иштирок этувчи шахслар суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида ХПК 124-моддасида назарда тутилган тартибда хабардор қилинадилар.
16.2. Хўжалик суди томонидан айрим процессуал ҳаракатларни бажариш тўғрисидаги топшириқларни ижро этиш, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, ХПКда белгиланган тартибда амалга оширилади.
Хўжалик суди ХПКнинг 226-моддасига мувофиқ айрим процессуал ҳаракатларни бажариш тўғрисида чет давлат судлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ёки халқаро шартномаларида белгиланган тартибда ўзига берилган топшириқларни (чақирув қоғозларини ва бошқа ҳужжатларни топшириш, ёзма далиллар олиш, экспертиза ўтказиш, жойни кўздан кечириш ва бошқаларни) ижро этади.
16.5. Чет давлат суди топшириғи ижро этилганда, ажримга ижрони тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.
Агарда бундай топшириқ тақдим этилган бўлса, уни қабул қилиш ХПК 117-моддасининг 1-бандига мос ҳолда рад этилади. Агар кўрсатилган ҳолат топшириқ иш юритишга қабул қилинганидан кейин аниқланса, иш бўйича иш юритиш ХПК 86-моддасининг 1-бандига мос ҳолда тугатилади.