[
ОКОЗ:
1.
13.00.00.00 Таълим. Фан. Маданият / 13.03.00.00 Маданият / 13.03.01.00 Умумий қоидалар]
[
ТСЗ:
1.
Давлат ва жамият қурилиши / Жамоат бирлашмалари (жамғармалари), диний ташкилотлар, сиёсий партиялар]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
РЕСПУБЛИКА МАЪНАВИЯТ ВА МАЪРИФАТ КЕНГАШИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ТЎҒРИСИДА
Мамлакат ҳаётининг барча соҳаларини эркинлаштириш жараёнида аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириб боришда юксак маънавият ва маърифатли, миллий ва умуминсоний қадриятларни чуқур эгаллаган, демократик тамойиллар ҳамда фуқаролик жамияти асосларини ҳар томонлама ўзлаштирган, шахсий ва умуммиллий манфаатларни ўзаро уйғун кўра оладиган эркин шахс ва онгли авлод тарбиясининг ўта муҳимлигини ҳисобга олиб ҳамда маънавий-маърифий ислоҳотлар давлат сиёсатининг асосий, устувор йўналиши эканлигини таъкидлаган ҳолда:
1. «Маърифатчилар», «Файласуфлар», «Тарихчилар» жамиятлари, «Соғлом авлод учун», «Маҳалла», «Камолот», «Нуроний», «Наврўз», «Олтин мерос», Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва демократлаштириш жамғармалари, Республика «Маънавият ва маърифат» маркази, Ёзувчилар, Бастакорлар, «Тасвирий ойина» уюшмалари, Бадиий академия, Хотин-қизлар қўмитаси, Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус, Халқ таълими, Маданият ишлари вазирликлари каби мақсад ва вазифалари маърифий-маънавий тарбия, тарғибот билан боғлиқ қатор давлат ва нодавлат ташкилотларининг Республика Маънавият ва маърифат Кенгашини таъсис этганликлари қўллаб-қувватлансин.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, шаҳар ва туманларда Маънавият ва маърифат кенгашлари ташкил этилгани инобатга олинсин.
2. Республика Маънавият ва маърифат Кенгашининг таъсис конференциясида Кенгашнинг фаолият дастури, Низоми ва ташкилий тизими (
1
,
2
,
3-иловалар
) тасдиқлангани маълумот учун қабул қилинсин.
3. Республика Маънавият ва маърифат Кенгаши «Жаҳолатга қарши маърифат» ғоясига таянган ҳолда Кенгашга аъзо ташкилотларнинг маърифий тарғибот йўналишидаги имкон ва салоҳиятларини бирлаштириш, фаолиятларини мувофиқлаштириш ва замонавий талаблар асосида ташкил этишда қуйидагиларни ўзининг бирламчи мақсад ва вазифалари этиб белгилагани маъқуллансин:
мамлакат аҳли, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлод қалби ва тафаккурида миллий ғоя, миллий мафкура ва умумбашарий қадриятларга, демократик тамойилларга асосланган дунёқарашни шакллантириш;
жамоатчилигимиз онгига истиқлол ғояларига чексиз садоқат, она диёрга меҳр-муҳаббат, озод ва обод Ватан барпо этишдек улуғ ва олийжаноб мақсадга эътиқод, жасурлик ва фидойилик руҳини янада чуқур сингдириш;
миллий қадриятларимиз ва улуғ мутафаккирларимиз меросидан бутун халқимиз, жумладан, ёшларимизнинг ҳам баҳраманд бўлишига, ислом динининг инсонпарварлик фалсафаси, ғоялари ёш авлод қалбидан жой олишига кўмаклашиш;
ҳар бир фуқарода ўз ҳақ-ҳуқуқи, имконияти ва иродасига таяниш, ўз тақдирининг бунёдкори бўлиш, мамлакатда кечаётган янгиланишлар, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотларнинг маъно-моҳияти, мақсадини теран англаган тарзда унинг фаол иштирокчиси ва курашчисига айланиш тафаккурини камол топтириш;
маърифий тарғибот ишларининг шаклан ва мазмунан уйғунлиги ва мунтазамлигини, халқчил ва ҳаққонийликка, жамоатчилик фикри ва кучига, барча соҳалардаги соғлом фикрловчи фуқаролар салоҳияти ва ҳаракатига асосланишини таъминлаш.
4. Республика Маънавият ва маърифат Кенгашига Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ўринбосари, Кенгашнинг жойлардаги бўлимларига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоят, шаҳар, туман ҳокимлари раҳбарликка сайланганликлари инобатга олинсин.
5. Республика «Маънавият ва маърифат» маркази Республика Маънавият ва маърифат Кенгаши қарорларини жойларда амалга ошириш ва тарғибот-ташвиқот тадбирларини уюштирувчи ташкилий гуруҳга айлантирилгани, «Олтин мерос жамғармаси», «Маънавият» нашриёти, «Тафаккур» ва «Жаҳон адабиёти» журналлари Республика Маънавият ва маърифат Кенгаши ҳузуридаги ташкилотлар сифатида тасдиқланганидан келиб чиққан ҳолда мазкур ташкилотларнинг низом ҳамда меъёрий ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритилиши тавсия этилсин.
6. Республика Маънавият ва маърифат Кенгашининг ҳамда унинг таркибидаги «Маънавият ва маърифат» марказининг жойлардаги бўлимлари тегишли ҳудуд ҳокимликлари биносида жойлаштирилиши белгилаб қўйилсин.
7. Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда мазкур Фармонни амалга ошириш юзасидан тегишли қарор тайёрласин.
8. Ушбу Фармонни амалга оширишни назорат қилиш Президентнинг Давлат маслаҳатчилари Т. Алимов ва А. Зиё зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1999 йил 3 сентябрь,
ПФ-2385-сон
1-ИЛОВА
РЕСПУБЛИКА МАЪНАВИЯТ ВА МАЪРИФАТ КЕНГАШИНИНГ ФАОЛИЯТ
ДАСТУРИ
Онгни, тафаккурни ўзгартирмасдан туриб, биз кўзлаган олий мақсад — озод ва обод жамиятни барпо этиб бўлмайди. Ислом КАРИМОВ
Йигирманчи аср охирига келиб жаҳон майдонида маънавий салоҳият, ақл-заковат мусобақаси, мафкуравий кураш етакчи ўринга чиқди. Бутун дунёда инсонларнинг қалби ва онгига ҳукмрон бўлиш учун кескин кураш бормоқда. Табиийки, ҳеч қайси давлат, ҳеч қайси жамият бу жараёндан четда туролмайди.
Бугун халқаро ҳаёт, кишилик тараққиёти шундай босқичга кирдики, энди унда ҳарбий қудрат эмас, балки интеллектуал салоҳият, ақл-идрок, фикр, илғор технологиялар ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Энди қурол-яроғ билан эмас, балки «фикрга қарши фақат фикр, ғояга қарши фақат ғоя» билангина курашиб, олға бориш мумкин. Бугун кимнинг мафкураси, маънавияти, миллий ғояси қудратли бўлса, ўша енгиб чиқади. Мафкуравий кураш бир жамият, бир мамлакат ичида ҳам, халқаро ва давлатлараро миқёсда ҳам давом этмоқда.
Шу маънода Президент Ислом Каримов таъкидлаганидек, «мафкура полигонлари ядро полигонларидан кучлидир».
Ўзбекистон мустақил давлат сифатида жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллагач, биз мураккаб дунё билан кўптомонлама муносабатлар ўрнатишга киришдик. Сиёсий, иқтисодий, маданий ҳамкорлик алоқалари кенг йўлга қўйилди. Айни вақтда мамлакатимизга турли йўллар билан ҳар хил мафкуравий, ғоявий либосдаги ахборот оқимлари кириб келмоқда, хилма-хил диний мазҳаблар, секталар фаолият юритиб, ўз таъсир доираларини кенгайтиришга, жамиятнинг шимоий-сиёсий мувозанатини бузиш, маънавий беқарорликни вужудга келтириш орқали ўз мақсадларига эришишга интилмоқда. Коммунистик мафкура тарафдорлари ҳам ҳали қуролларини буткул ташлагани йўқ. Шунингдек, ён-атрофимизда шовинистик қарашлар, бизга империя кўзи билан қараш кайфиятлари, минтақада ҳукмронлик ва зўравонлик қилиш даъволари ҳам мавжуд. Экстремизм, диний ақидапарастлик ҳаракатлари, унинг ваҳҳобийчилик, «Ҳизби таҳрир», «Мусулмон биродарлар» каби турли кўринишдаги зарарли тўдалари мамлакатимизнинг хавфсизлигига, халқимизнинг тинчлиги, тотувлигига, келажакка бўлган эзгу ишончига тажовуз қилишга уринмоқда.
Мана шундай мураккаб вазиятда ҳар биримиздан, бутун халқимиздан руҳан уйғоқ ва сергак бўлиш, давр зиммамизга юклаган масъулиятни теран ҳис қилиш, миллатимиз, халқимиз, Ватанимиз озодлиги ва бахту саодати йўлида фидокорона курашиш талаб этилмоқда.
Республика Маънавият ва маърифат Кенгаши (бундан буён Кенгаш деб юритилади) ана шундай ижтимоий-сиёсий зарурат талабидан келиб чиққан ҳолда халқимизнинг ўзи танлаган тараққиёт йўлидан оғишмай олға боришига эришиш, , уни бизнинг миллий манфаатларимизга зид бўлган турли хил ёт ва бузғунчи мафкуравий тазйиқ ва таҳдидлардан ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилмоқда.
КЕНГАШНИНГ АСОСИЙ МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ
Кенгашнинг асосий вазифаси жамоатчилигимиз онгига истиқлол ғояларини янада чуқур сингдириш, унинг мустақил тафаккурини юксалтиришга кўмаклашиш, айниқса, ўсиб' келаётган ёш авлод қалбида миллий мафкура ва умумбашарий қадриятларга асосланган дунёқарашни шакллантиришдан иборат.
Бунинг учун Кенгаш уларни демократик тамойиллар, инсон ҳуқуқлари ва қадр-қимматини улуғлаш руҳида тарбиялаш, жисмонан соғлом, ақлан етук, тафаккури теран фуқароларни камол топтиришга қаратилган кенг кўламли маънавий-маърифий тарбия дастурини амалга оширади.
Бу мақсадни рўёбга чиқариш учун Кенгаш республикада фаолият кўрсатаётган тегишли давлат, жамоат ва нодавлат ташкилотларининг Низом ва Дастурларида кўзда тутилган, аҳолининг турли қатламлари, тоифалари ва табақалари манфаатларини мужассамлаштирган ҳолда маънавий-маърифий тарбия, тарғибот-ташвиқот тадбирларини амалга оширади.
Кенгаш мамлакат аҳлини истиқлол ғояларига чексиз садоқат, она диёрга меҳр-муҳаббат, озод ва обод Ватан барпо этишдек улуғ ва олийжаноб мақсадга эътиқод, жасурлик ва фидойилик руҳида тарбиялашга мўлжалланган тарғибот-ташвиқот ишларининг стратегиясини белгилайди, ҳаракат услубларини ишлаб чиқади ва уларни ҳаётга татбиқ этишга кўмаклашади.
Кенгаш барча таълим-тарбия муассасалари, аҳоли турар жойлари, ишлаб чиқариш соҳаларида маънавий-руҳий муҳитни, шахснинг кайфиятини, интилиши ва муддаоларини ўрганади, уларни ҳисобга олган ҳолда ижобий анъана ва ташаббусларни қўллаб-қувватлайди, мавжуд муаммоларни, уларнинг ижтимоий-сиёсий муҳитга таъсирини таҳлил қилади, бартараф қилиш чораларини тавсия этади.
Кенгаш маърифий-тарғибот ишларининг шаклан ва мазмунан уйғунлигини, мунтазамлигини таъминлайди, яъни маъруза, суҳбат ва баҳс-мунозаралар, семинарлар, конференциялар ўтказиш, оммавий ахборот воситаларида чиқиш йўли билан мамлакатда амалга оширилаётган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ислоҳотларнинг, қабул қилинаётган фармонлар, қарорлар ва қонунларнинг моҳиятини кенг жамоатчиликка тезкорлик билан етказиш ва кундалик фаолият дастурига айлантиришга раҳбарлик қилади.
Кенгаш ўзбек халқининг улуғ мутафаккирлари қутлуғ меросидан бутун халқимиз, жумладан, ёшларимизнинг ҳам баҳраманд бўлишига, уларнинг мана шундай маънавий муҳитда камол топишига, ислом динининг инсонпарварлик фалсафаси, буюк ғоялари ёш авлод юрагидан ҳам жой олишига шароит яратади. Жамоатчилик орасида тарғибот ишларини дунёвий билимлар билан бир қаторда Имом Бухорий тўплаган ҳадислар, Нақшбандий таълимоти, Термизий ўгитлари, Яссавий ҳикматлари сингари маданий меросимиз асосида олиб боришни ўз олдига мақсад қилиб қўяди.
Мафкурамизнинг асосий мақсадларини халққа содда, таъсирчан ва тушунарли тарзда етказиш учун эл-юрт орасида обрў-эътибор қозонган, юксак савияли, кўпни кўрган, жонкуяр, оташин, энг муҳими, ҳаққоний сўзи, ёрқин фикри билан одамлар қалбига йўл топа оладиган фидойи инсонларга таянади ва улар орқали иш олиб боради.
Жамоатчиликнинг, пешқадам зиёлиларнинг тажрибаси, билими, салоҳиятига таянган ҳолда жамият ҳар бир аъзосининг соғлом фикрли бўлиб камол топишига шароит яратиш, юрт тинчлиги, эл саодатига хизмат қиладиган интилиш, изланиш ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва кенг ёйиш йўли билан кучли давлатдан кучли жамият яратиш тамойилини рўёбга чиқариш бош вазифалардан биридир.
КЕНГАШ ФАОЛИЯТИНИНГ АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ
1. Фуқароларнинг маънавий баркамоллигига эришиш.
Бунинг учун Кенгаш аҳолининг маърифий савиясини, сиёсий, ҳуқуқий, маданий, экологик саводхонлигини ўстиришга қаратилган тадбирлар тизимини ишлаб чиқади ва амалга оширади. Бунда ўзбек халқининг бой тарихий, илмий, фалсафий, маданий ва ахлоқий меросига, буюк қадриятларига, миллий ўзлигини англаш орқали юксалиш йўлини босиб ўтган илғор давлатларнинг тажрибасига асосланади.
Дахлдор вазирликлар, ташкилот ва муассасалар, ижодий уюшмалар, «Маърифатчилар», «Файласуфлар», «Тарихчилар» каби қатор жамиятлар, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, «Маҳалла», «Соғлом авлод учун», «Камолот», «Умид», «Устоз», «Экосан», Амир Темур, Имом Бухорий, «Олтин мерос» ва бошқа жамғармалар вакилларини тарғибот ишларига жалб этиб, уларнинг билим ва тажрибаларидан самарали фойдаланади.
Кенгаш буюк аждодларимизнинг ўгитлари, ўтмиш сабоқлари, мустақиллик даврида эришилган зафарлар таҳлили асосида жамиятнинг ҳар бир аъзоси қалбида миллий ғурур туйғусини уйғотиш ва камол топтиришга хизмат қилади.
Бу борадаги устувор вазифалар қуйидагилардан иборат:
— ҳар бир хонадонда катталарга иззат-эҳтиром, кичикларга шафқат ва эътибор барқарор бўлган соғлом маънавий муҳит яратилишига, ўзаро меҳр-оқибат жамиятнинг оммавий ва эзгу фазилатига айланишига, халқимизни миллий мафкура асосида бирлаштиришга кўмаклашиш;
— «Соғлом она — соғлом бола», «Соғлом бола — соғлом келажак» тушунчасини ҳар бир оила, ота-онанинг, йигит ва қизларнинг қалбига сингдириш орқали ялпи оилавий фаровонликка эришиш;
— тарбиянинг «оила - боғча - мактаб - лицей-коллеж - олий ўқув юрти - маҳалла - жамият» тизимини вужудга келтириш.
2. Миллий ва дунёвий тафаккурни уйғунлаштириш йўлида
— жаҳон фани, маданияти, маърифий мамлакатларнинг тажрибасини тарғиб этиш, жамиятда илғор андозаларга интилишни рағбатлантириш орқали миллий фан ва маданиятнинг замонавий тараққиёт даражасига кўтарилишига ёрдамлашиш;
— хорижий мамлакатлар ҳаётида рўй бераётган ижобий ва салбий ҳодисаларнинг моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, фуқароларни лоқайд томошабиндан фаол мушоҳада юритувчи, воқеликни теран идрок этувчи онгли инсонга айлантириш учун кўмаклашиш;
— Ўзбекистоннинг ташқи ва ички сиёсатда эришаётган ютуқларини, бу ютуқларнинг бугун ва келажак учун аҳамиятини англатиш орқали миллий ифтихор туйғусини тарбиялаш.
3. Фаол фуқаролик муносабатини ривожлантириш мақсадида:
— барча ижтимоий гуруҳлар ва табақаларнинг ҳуқуқий онгини юксалтириш йўли билан Ўзбекистон Республикаси конституциясига, қонунларига ҳурмат ҳиссини тарбиялаш, айни пайтда ўзининг фуқаролик ҳуқуқи ва бурчини чуқур англаган ҳолда яшаши, жамият ҳаётида фаол иштирок этишига кўмаклашиш;
— ижтимоий адолат мезонларининг ҳар қандай шаклда тузилишига, ўтмишдан мерос иллатлар - порахўрлик, ошна-оғайнигарчилик, уруғ-аймоқчилик, мансабпарастлик, ичкиликбозлик, гиёҳвандлик, ахлоқсизликка, қонунбузарликнинг барча кўринишларига қарши жамоатчиликнинг кескин ва муросасиз муносабатини шакллантириш;
— жамиятда диний мутаассиблик ва ақидапарастликнинг барча кўринишларига, юртнинг тинчлиги, осойишталигига рахна соладиган, ватандошларимизнинг имон-эътиқоди ва ишончига путур етказадиган ҳар қандай ғоялар, назариялар ва тушунчаларга нисбатан муросасиз кураш муҳитини шакллантириш;
— мамлакатимизда яшаётган барча миллат ва элатларнинг ўзига хос жиҳатлари ва муштарак мақсадларини ҳисобга олган ҳолда фуқаролараро ўзаро ҳурмат, тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш;
— фикрлар хилма-хиллиги заминида пайдо бўлган илғор ижтимоий фикрлар, ташаббусларни оммалаштириш;
— халқнинг тарихий анъаналари, хусусиятлари, миллий онг ва турмуш тарзининг ҳаётий тамойилларига асосланган ҳолда демократик жараёнларни чуқурлаштириш, жамоатчиликнинг таъсир кучини жамият ахлоқий-маънавий ҳаётининг мезонига айлантириш;
экологик тарбияни ижтимоий-сиёсий, маънавий тарбиянинг узвий ва уйғун таркибий даражасига кўтариш.
КЕНГАШ ФАОЛИЯТИНИНГ ТАШКИЛИЙ ЖИҲАТЛАРИ
Кенгаш ўз фаолиятининг самарадорлигига эришиш учун қуйидаги ташкилий ишларни амалга оширади:
Мавжуд вазиятни, яқин истиқболимизнинг ривожланиш тамойилларини, ундаги салбий ҳолатларнинг ижтимоий сабабларини холис ўрганадиган нодавлат, мустақил ташкилотлар фаолиятини такомиллаштиришга кўмаклашади ва уларнинг имкониятидан фойдаланади. Бу ташкилотларнинг ҳар қандай манфаатдан ёки таъсирдан холи бўлиб, реал ҳаёт ҳақида, муайян ижтимоий ҳодиса ва воқеаларни келтириб чиқарадиган омиллар ҳақида аччиқ бўлса-да, холисона, ҳаққоний хулосалар беришини ташкил қилади. Кенгаш мазкур хулосалар асосида жамиятни эски асоратлардан халос этиш, дунёқарашимиз, маънавиятимиз ва мафкурамизни юксак босқичга кўтариш йўлларини ишлаб чиқади ва амалий таклифлар тавсия этади.
Кенгашнинг асосий мақсади — «Жаҳолатга қарши маърифат» ғоясига таянган ҳолда ўзбек халқининг онгини ва қалбини мустабид ўтмиш асоратлари — маънавий мутелик ва қўрқув, мустақил фикрсизлик, кўр-кўрона саждабозлик, ғоявий мувозанатсизлик сингари иллатлардан фориғ этиш, ҳур тафаккур ва эркин турмуш тарзига хос кўникмалар билан қувватлантириш, айни пайтда озодлигимиз, тараққиётимизга таҳдид солувчи ташқи ва ички ғанимларнинг турли ниқобдаги ғаразли ниятларидан ўз вақтида огоҳлантириб ва муҳофаза этиб, миллий истиқлол ғояларини, мустақиллик мафкурасини умуммиллат мафкурасига — ғоявий, руҳий ва маънавий куч-қудрат манбаига айлантириш, ҳар бир фуқарода ўз иродасига, халқининг куч -қудратига, Ватанининг ёрқин келажагига комил ишонч, собит имон туйғусини камол топтиришдан иборат.
Вилоят ва туманларда бевосита ҳокимлар раҳбарлигида Республика Маънавият ва маърифат Кенгашининг бўлимлари ташкил этилади ва Низомда белгиланган тартибда фаолият кўрсатади.
Кенгаш ва унинг бўлимлари ўқув муассасаларида, қишлоқ ва маҳаллаларда, меҳнат жамоаларида, ҳарбий қисмларда кенг кўламли, кўп қиррали, аҳолининг барча табақалари ва тоифаларининг маънавий эҳтиёжига мос келадиган, жаҳон ва мамлакатнинг ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ҳаётига оид долзарб саволларига жавоб берадиган тарғибот-ташвиқот ишларини амалга оширади, иш услубини замон талабларига биноан такомиллаштириб боради.
Кенгаш мактаблар, лицей ва коллежларда, олий ўқув юртларида, меҳнат жамоаларида, аҳоли турар жойларида бевосита маънавият масалалари билан шуғулланадиган мутасадди мутахассисларнинг маънавий савияси ва билимини оширишга кўмаклашади.
Барча ўқув муассасаларида таҳсил олаётган, ишлаб чиқаришнинг турли соҳаларида ишлаётган ёш авлоднинг онгини юксалтириш, уларни ижобий ишлар ва тарбиявий тадбирлар билан банд қиладиган турли ташкилот ва тўгараклар тузишда амалий ёрдам беради. Бу ташкилот ва тўгараклар ўғил-қизларимизни ўзлигини англашга, мустақил, онгли фикрлашга ўргатиши, уларнинг тафаккурида бўшлиқ вужудга келишига йўл қўймаслик учун хизмат қилади.
Мустақиллик ҳар бир одам, ҳар қайси оила, юртимиз учун, келажагимиз учун нима берди ва нима беради, деган масалани оддий ҳаётий мисоллар асосида кишилар онгига етказиш, онгига сингдириш орқали уларнинг дунёқарашини ўзгартириш, уни озод, ўз ҳақ-ҳуқуқини яхши биладиган, боқимандаликни ўзи учун ор деб биладиган, ўз кучи ва ақлига ишониб яшайдиган, ўз шахсий манфаатларини халқ, Ватан манфаатлари билан уйғун ҳолда кўрадиган комил инсонларни тарбиялашга кўмаклашиш — Маънавият ва маърифат Кенгаши фаолиятидан кўзланган пировард мақсад ана шундан иборат.
Келгуси наслларга биздан озод ва обод Ватан қолишини, шу азиз диёрда нафақат фарзандларимиз, балки невара-чевараларимиз, келгуси авлодларимиз ҳам тинч-омон, фаровон, бахтли-саодатли, маърифий ҳаёт кечиришини, Ўзбекистон деган юрт, ўзбек деган ном дунё тургунича туришини истар эканмиз, уни барча жабҳаларда, жумладан, мафкуравий кураш соҳасида ҳам ҳимоя қилиш, ёмон кўзлардан, ғаразли ниятлардан, бало-қазолардан асраб-авайлаш — ҳар биримизнинг муқаддас фуқаролик бурчимиздир.
2-ИЛОВА
Республика Маънавият ва маърифат Кенгашининг
НИЗОМИ
I. Умумий қоидалар
— Республика Маънавият ва маърифат Кенгаши (бундан буён Кенгаш) жамиятимиз аъзолари, айниқса, ёшлар ўртасида миллий ғоя ва миллий мафкурага таянган ҳолда миллий ва умумбашарий қадриятларга асосланган демократик тамойилларни қарор топтириш орқали инсон ҳуқуқлари ва қадр-қимматини. улуғлашга, жисмонан соғлом, ақлан етук, дунёқараши теран ва мустақил фикрловчи фуқароларни камол топтиришга йўналтирилган узоқ муддатли, кенг кўламли маънавий-маърифий тарбия дастурини амалга оширади.
— Кенгаш муассислари мамлакатда фаолият кўрсатаётган Низом ва Дастурларида аҳолининг турли қатламлари, тоифалари ва табақаларининг манфаатларини мужассамлаштирган, маърифий-маънавий тарбия, тарғибот тадбирларини амалга оширишни ўзларига асосий вазифалардан бири қилиб белгилаган давлат, жамоат ва нодавлат ташкилотларидир.
— Кенгаш Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари ва ушбу Низомга биноан фаолият кўрсатади.
II. Кенгашнинг мақсад ва вазифалари
Кенгашнинг асосий мақсади — «Жаҳолатга қарши маърифат» ғоясига таянган ҳолда ўзбек халқининг онгини ва қалбини мустабид ўтмиш асоратлари — маънавий мутелик ва қўрқув, мустақил фикрсизлик, кўр-кўрона саждабозлик, ғоявий мувозанатсизлик сингари иллатлардан фориғ этиш, ҳур тафаккур ва эркин турмуш тарзига хос кўникмалар билан қувватлантириш, айни пайтда озодлигимиз, тараққиётимизга таҳдид солувчи ташқи ва ички ғанимларнинг турли ниқобдаги ғаразли ниятларидан ўз вақтида огоҳлантириб ва муҳофаза этиб, ҳар бир фуқарода ўз иродасига, халқининг куч-қудратига, Ватанининг ёрқин келажагига комил ишонч, собит имон туйғусини камол топтиришдан иборат.
Кенг жамоатчиликнинг, пешқадам зиёлиларнинг тажрибаси, билими, салоҳиятига таянган ҳолда жамиятнинг ҳар бир аъзосининг юрт тинчлиги, эл саодатига хизмат қиладиган интилиш, изланиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш орқали кучли давлатдан кучли жамият яратиш тамойилини мунтазам тарғиб ва ташвиқ этишни уюштириш, рўёбга чиқариш Кенгашнинг бош вазифасидир.
Кенгаш ўз фаолиятининг самарадорлигига эришиш учун қуйидаги вазифаларни амалга оширади:
— мамлакат аҳлини истиқлол ғояларига чексиз садоқат, она диёрга меҳр-муҳаббат, озод ва обод Ватан барпо этишдек улуғ ва олийжаноб мақсадга эътиқод, жасурлик ва фидойилик руҳида тарбиялашга мўлжалланган тарғибот-ташвиқот ишларининг стратегиясини белгилаш, ҳаракат услубларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
— барча таълим-тарбия муассасалари, аҳоли турар жойлари, ишлаб чиқариш соҳаларида маънавий-руҳий муҳитнинг аҳволини, омманинг кайфиятини, интилиши ва муддаоларини ҳисобга олган ҳолда ижобий анъана ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, мавжуд муаммоларни, уларнинг ижтимоий-сиёсий муҳитга таъсирини таҳлил қилиш, бартараф этиш чораларини ҳаётга татбиқ этиш;
— маърифий-тарғибот ишларининг шаклан ва мазмунан уйғунлигини, мунтазамлигини, ҳаққонийликка асосланишини таъминлаш, яъни, маъруза, суҳбат, баҳс-мунозаралар, семинарлар ва конференциялар ўтказиш, оммавий ахборот воситаларида фаол иштирок этиш йўли билан мамлакатда амалга оширилаётган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ислоҳотларнинг, қабул қилинаётган фармонлар, қарорлар ва қонунларнинг моҳиятини кенг жамоатчиликка тезкорлик билан етказиш ва кундалик фаолият дастурига айлантиришга раҳбарлик қилиш;
— ўзбек халқининг улуғ мутафаккирлари қутлуғ меросидан бутун халқимиз, жумладан, ёшларимизнинг ҳам мунтазам ва тўлақонли баҳраманд бўлишига, уларнинг мана шундай маънавий муҳитда камол топишига, ислом динининг инсонпарварлик фалсафаси, буюк ғоялари ёш авлод юрагидан ҳам жой олишига шароит яратиш;
— миллий мафкуранинг асосий мақсадларини халққа содда, ҳаққоний ва тушунарли тарзда етказиш учун эл-юрт орасида обрў-эътибор қозонган, юксак савияли, кўпни кўрган, жонкуяр, оташин, энг муҳими ҳаққоний сўзи, ёрқин фикри билан одамлар қалби ва онгига йўл топа оладиган фидойи инсонларни сафарбар этиш.
— мавжуд вазиятни, яқин истиқболимизнинг ривожланиш тамойилларини, ундаги салбий ҳолатларнинг ижтимоий сабабларини холис ўрганадиган нодавлат, мустақил ташкилотлар фаолиятини такомиллаштиришга кўмаклашиш ва уларнинг имкониятларидан фойдаланиш.
III. Кенгаш фаолиятининг асосий йўналишлари
1. Фуқароларнинг маънавий баркамоллигига эришиш мақсадида:
— ўзбек халқининг бой тарихий, илмий, фалсафий, маданий ва ахлоқий меросига, миллий ўзлигини таниш орқали юксалиш йўлини босиб ўтган пешқадам давлатларнинг тажрибасига таянган ҳолда миллий истиқлол ғояларини омманинг онги ва қалбига теран сингдириш, мустақиллик мафкурасини умуммиллат мафкурасига — ғоявий, руҳий ва маънавий куч-қудрат манбаига айлантириш;
— мамлакат аҳлининг айниқса, ёш авлоднинг дунё ва мамлакат миқёсидаги сиёсий жараёнларга мустақил ва онгли муносабатини шакллантириш, фаол фуқаролик ва фидойи ватанпарварлик туйғусини камол топтириш;
— мамлакат озодлигини ҳимоя этиш, босқинчиларга қарши курашдаги буюк аждодларнинг ибрати, ўтмиш сабоқлари, мустақиллик даврида эришилган зафарлар таҳлили асосида жамиятнинг ҳар бир аъзоси қалбида миллий ғурур туйғусини уйғотиш ва тарбиялаш;
— ҳар бир хонадонда катталарга иззат-эҳтиром, кичикларга шафқат ва эътибор устувор бўлган соғлом маънавий муҳит яратилишига, ўзаро меҳр-оқибат жамиятнинг оммавий ва эзгу фазилатига айланишига кўмаклашиш;
— «Соғлом она - соғлом бола», «Соғлом бола — соғлом келажак» тушунчасини ҳар бир оила, ота-онанинг, йигит ва қизларнинг қалбига сингдириш орқали ялпи оилавий фаровонликка эришиш;
— Кадрлар тайёрлаш Миллий дастурида кўзда тутилган асосий мақсадларни, Миллий дастурнинг ҳар бир фуқаро, оила тақдири, келажаги билан чамбарчас боғлиқлигини кенг тарғиб этиш, унинг амалга оширилиши устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш, эришилган ютуқларни оммага етказиш;
- тарбиянинг «оила-боғча-мактаб-лицей-коллеж-олий ўқув юрти-маҳалла-жамият» тизимининг тўлақонли ва мунтазам фаолият кўрсатишига эришиш.
2. Миллий ва дунёвий тафаккурни уйғунлаштириш йўлида:
— жаҳон фани, маданияти, маърифий мамлакатларнинг тажрибасини тарғиб этиш, жамиятда илғор андозаларга интилишни рағбатлантириш орқали миллий фан ва маданиятининг замонавий тараққиёт чўққисига кўтаришга ёрдамлашиш;
хорижий мамлакатларнинг ҳаётида рўй бераётган ҳодисаларнинг моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, фуқароларнинг лоқайд томошабиндан фаол мушоҳада ва теран идрок этувчи замон ва макон фарзандига айланишига имкон яратиш;
— Ўзбекистоннинг ташқи ва ички сиёсатда эришаётган ютуқларини, бу ютуқларнинг бугун ва келажак учун аҳамиятини англатиш орқали миллий ифтихор туйғусини тарбиялаш.
3. Фаол фуқаролик муносабатини ривожлантиришда:
— барча ижтимоий гуруҳлар ва табақаларнинг ҳуқуқий онгини юксалтириш йўли билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, қонунларига ҳурмат ҳиссини тарбиялаш, айни пайтда ўзининг фуқаролик ҳуқуқи ва бурчини чуқур англаган ҳолда яшаши, жамият ҳаётида фаол иштирок этиши ва ишлашига кўмаклашиш;
— ижтимоий адолат мезонларининг ҳар қандай шаклда бузилишига, ўтмишдан мерос иллатлар — порахўрлик, ошна-оғайнигарчилик, уруғчилик, мансабпарастлик, ичкиликбозлик, гиёҳвандлик, ахлоқсизликка, қонунбузарликларнинг барча кўринишларига қарши жамоатчиликнинг кескин ва муросасиз муносабатини шакллантириш;
— жамиятда диний мутаассиблик ва ақидапарастликнинг барча кўринишларига, юртнинг тинчлиги, осойишталигига рахна соладиган, ватандошларимизнинг имон-эътиқоди ва ишончига путур етказадиган ҳар қандай ғоялар, назариялар ва тушунчаларга нисбатан аёвсиз курашчанлик руҳи ва вазиятини яратиш;
— мамлакатда яшаётган барча миллатларнинг ўзига хос жиҳатлари ва муштарак мақсадларини ҳисобга олган ҳолда миллатлараро ўзаро ҳурмат, тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш;
— фикрлар хилма-хиллиги заминида пайдо бўлган илғор ижтимоий фикрлар, ташаббусларни оммалаштириш;
— халқнинг тарихий анъаналари, хусусиятлари, миллий онг ва турмуш тарзининг ҳаётий тамойилларига асосланган ҳолда демократик жараёнларни чуқурлаштириш, жамоатчиликнинг таъсир кучини жамият ахлоқий-маънавий ҳаётининг мезонига айлантириш;
— экологик тарбияни ижтимоий-сиёсий, маънавий тарбиянинг узвий ва уйғун таркибий қисми даражасига кўтариш.
IV. Республика Маънавият ва маърифат Кенгашининг ҳуқуқлари
Республика Маънавият ва маърифат Кенгаши Олий ва ўрта махсус таълими, Халқ таълим, Мудофаа ва Ички ишлар вазирликларига қарашли барча ўқув муассасаларида, ҳарбий қисмларда, ҳуқуқни муҳофаза этувчи идораларда, қишлоқлар ва маҳаллалар, корхоналар, хўжаликлар, барча турдаги давлат, жамоат ва нодавлат ташкилотларида олиб бориладиган маърифий-тарғибот ишларининг йўналишларини белгилайди, мувофиқлаштиради.
V. Кенгашнинг тузилиши
1. Республика Маънавият ва маърифат Кенгаши маънавий, маърифий, тарбиявий йўналишда фаолият кўрсатадиган давлат, жамоат ва нодавлат ташкилотлари муассислигида вилоятлар, шаҳар ва туманлар конференцияларида сайланган вакилларнинг Республика конференциясида очиқ овоз бериш йўли билан тузилади.
2. Республика Маънавият ва маърифат Кенгаши таркибига Республика «Маънавият ва маърифат» Маркази, Миллий мафкура илмий-тарғибот Маркази киради ва бевосита Кенгаш раҳбарлигида ишлайди. Республика «Маънавият ва маърифат» Марказининг раҳбари Кенгашнинг масъул котиби ҳисобланади.
3. «Маънавият» нашриёти, «Олтин мерос» жамғармаси, «Тафаккур» ва «Жаҳон адабиёти» журналлари таҳририяти Республика Кенгаши қошидаги ташкилотлардир.»
4. Республика «Маънавият ва маърифат» Маркази Кенгаш қарорларини жойларда амалга оширадиган ва тарғибот-ташвиқот тадбирларини уюштирадиган ташкилий гуруҳ бўлиб, қуйидаги бешта бўлимдан иборат таркибда фаолият кўрсатади:
— тарғиботчиларни мувофиқлаштириш ташкилий бўлими;
— маънавий-маърифий тарғибот бўлими;
— ижтимоий-иқтисодий тарғибот бўлими;
— ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий тарғибот бўлими;
— молия-бухгалтерия бўлими.
5. Миллий мафкура илмий-тарғибот маркази истиқлол мафкураси ва миллий ғоянинг дастурий асослари устида иш олиб боради ва кенг жамоатчиликнинг онгига, қалбига етказишнинг замонавий, таъсирий восита ва шаклларини яратади.
VI. Кенгаш бошқаруви
1. Республика Маънавият ва маърифат Кенгашининг олий органи конференциядир. Конференция узоғи билан икки йилда бир марта чақирилади. Шунингдек, Республика Кенгашининг қарори ёки унинг таркибига кирувчи ташкилотлар талаби билан муддатидан олдин ҳам чақирилиши мумкин.
2. Республика Маънавият ва маърифат Кенгаши конференцияси:
— Кенгашнинг иш тартибини белгилайди, раҳбар ва ишчи органларини сайлайди;
— Кенгаш раисини сайлайди;
— Кенгашнинг Фаолият дастури ва Низомини тасдиқлайди, зарур ҳолатда ўзгартиришлар, қўшимчалар ва аниқликлар киритади;
3. Республика Маънавият ва маърифат Кенгаши:
Конференциялар оралиғида Республика Кенгаши юқори раҳбар орган ҳисобланади. Кенгаш икки йил муддатга сайланади.
Кенгаш:
— конференциялар оралиғида мамлакат миқёсида олиб бориладиган маънавий, маърифий, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий йўналишлардаги тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил этади;
— Республика Кенгаши раисининг ўринбосарлари, Кенгаш масъул котибини сайлайди;
— қуйи кенгаш раҳбарларининг ҳисоботларини тинглайди, улар юзасидан кўпчилик овоз билан қарорлар қабул қилади;
— Кенгашга аъзо давлат, жамоат ва нодавлат ташкилотларининг, қуйи кенгашларнинг шу йўналишдаги фаолиятини мувофиқлаштиради;
— Республика «Маънавият ва маърифат» Маркази тавсиясига биноан жамоатчи тарғиботчилар рўйхатини тасдиқлайди, уларни зарур қўлланмалар ва тавсиялар билан таъминлаш, ишини ташкил этиш билан боғлиқ масалаларни ҳал этади;
— Республика «Маънавият ва маърифат» Маркази, унинг вилоятлар, шаҳар, туманлар бўлимларининг ишига бевосита раҳбарлик қилади, моддий-маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди;
— Республика илмий, маданий ва маърифий марказлари, олимлар, адиблар, зиёлилар билан ҳамкорликда тарғибот -ташвиқот ишларининг стратегиясини белгилайди, уни амалга оширишнинг замонавий ва таъсирчан усулларини тавсия этади;
— йиллик, ярим йиллик ва қисқа муддатга мўлжалланган дастурлар режаларини белгилайди, тасдиқлайди ва амалга ошириш чораларини кўради;
— оммавий ахборот воситалари билан доимий ҳамкорликда иш олиб боради, мақсад ва вазифаларнинг, ўтказилаётган тадбирлар, илғор тажрибаларнинг телекўрсатувлар, радиоэшиттиришлар, газета ва журналлар орқали мунтазам ёритиб борилишига эришади;
— Кенгаш ўз оммавий ахборот воситаларини таъсис этиш ва бошқа оммавий нашрларга ҳам муассислик қилади;
— Кенгаш йиғилиши узоғи билан ҳар икки ойда бир марта ўтказилади.
4. Кенгаш раиси 2 йил муддатга сайланади.
Кенгаш раиси:
— Кенгаш ишига раислик қилади;
— ўринбосарлари, кенгаш аъзолари ўртасида вазифаларни тақсимлайди, ижро интизомини таъминлайди;
— Кенгаш таркибидаги ҳамда республикадаги бошқа давлат, жамоат ва нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорликни йўлга қўяди;
— Республика «Маънавият ва маърифат» Марказининг ишини ташкил этиш, фаолиятининг йўналишини белгилаш, қўйилган вазифаларнинг ўз вақтида амалга оширилишини назорат қилади.
5. Кенгаш раисининг ўринбосарлари 2 йил муддатга сайланади.
Кенгаш раисининг ўринбосарлари Кенгашнинг қарорлари ҳамда раиснинг топшириқларини бажаради, вазият тақозосига кўра Кенгаш раисининг ваколатини бажариши мумкин.
6. Кенгаш масъул котиби 2 йил муддатга сайланади. Кенгашнинг масъул котиби бир вақтнинг ўзида Республика «Маънавият ва маърифат» Марказининг раҳбари ҳисобланади ва:
— Кенгаш қарорларини жойларда амалга ошириш ва тарғибот-ташвиқот тадбирларини уюштирувчи тизим — Республика «Маънавият ва маърифат» Марказининг фаолиятни ташкиллаштиради;
— Марказ бўлимларининг ишларини мувофиқлаштиради;
— давлат, жамоат ва нодавлат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни йўлга қўяди;
— Марказнинг вилоят, шаҳар ва туман бўлимлари фаолиятини мувофиқлаштиради;
— Маънавий, маърифий, тарбиявий йўналишлардаги тарғибот ишларининг аҳволи, таъсирчанлиги ва натижасини Марказ бўлимлари орқали таҳлил этиш, Кенгашга тавсиялар тайёрлаш ишига бевосита раҳбарлик қилади;
— Марказнинг молиявий-хўжалик масалалари билан шуғулланади, хўжалик ҳисоби билан қўшимча маблағлар топишни йўлга қўяди;
— жамоатчи тарғиботчиларни танлаш, Кенгаш томонидан белгиланган вазифаларни амалга ошириш жараёнига жалб этиш, қўлланмалар билан таъминлаш, маънавий ва моддий рағбатлантириш масалаларини ҳал этади.
VII. Кенгаш аъзоларининг ҳуқуқ ва вазифалари
1. Кенгашга Республикада фаолият кўрсатаётган, низом ва дастурларда маърифий - маънавий тарбия, тарғибот тадбирларини амалга оширишни ўзларига асосий вазифаларидан бири қилиб белгилаган давлат, жамоат ва нодавлат ташкилотларининг вакиллари, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоят кенгашлари раислари 2 йил муддатга сайланадилар.
2. Кенгаш аъзолари:
— Кенгашнинг ишчи органларига сайлаш ва сайланиш;
— қабул қилинадиган қарорлар муҳокамасида иштирок этиш, таклифлар киритиш, тавсиялар бериш ҳуқуқига эга.
3. Кенгашнинг Низом ва Фаолияти дастури талабларини, қабул қилинган қарорларда белгиланган вазифаларни амалга оширадилар.
VIII. Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоят кенгашлари
1. Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоят кенгашлари (бундан буён — вилоят кенгаши) муассис ташкилотлар ва жамоатчилик вакиллари иштирокидаги конференцияларда очиқ овоз бериш йўли билан тузилади.
2. Вилоят кенгашининг раиси вилоят конференциясида, раис ўринбосари, масъул котиби вилоят кенгашида очиқ овоз бериш йўли билан сайланади.
3. Вилоят кенгаши таркибига Республика «Маънавият ва маърифат» Марказининг вилоят бўлими киради. Бўлим раҳбари кенгашнинг масъул котиби ҳисобланади.
4. «Маънавият ва маърифат» Марказининг вилоят бўлими кенгаш қарорларини жойларда амалга ошириш ва тарғибот-ташвиқот тадбирларини уюштирувчи ташкилий гуруҳ бўлиб, қуйидаги тўртта йўналишда фаолият кўрсатади:
— тарғиботчиларни мувофиқлаштириш ташкилий гуруҳи;
— маънавий - маърифий, ҳуқуқий тарғибот гуруҳи;
— ижтимоий-сиёсий, иқтисодий тарғибот гуруҳи;
— молия - бухгалтерия гуруҳи.
5. Вилоят кенгаши бевосита Республика Кенгаши раҳбарлигида ва Республика Маънавият ва маърифат Кенгашининг Фаолият дастури ва Низоми асосида фаолият кўрсатади.
IX. Шаҳар ва туман кенгашлари
1. Шаҳар ва туман кенгашлари (бундан буён — туман кенгаши) муассис ташкилотлар ва жамоатчилик вакиллари иштирокидаги конференцияларда очиқ овоз бериш йўли билан тузилади.
2. Туман кенгашининг раиси туман конференциясида, раис ўринбосари, масъул котиби туман кенгашида очиқ овоз бериш йўли билан сайланади.
3. Туман кенгаши таркибига Республика «Маънавият ва маърифат» Марказининг туман бўлими киради. Бўлим раҳбари кенгашнинг масъул котиби ҳисобланади.
4. «Маънавият ва маърифат» Марказининг туман бўлими кенгаш қарорларини жойларда амалга ошириш ва тарғибот-ташвиқот тадбирларини уюштиради ва унинг таркибида тарғиботчиларни мувофиқлаштириш ташкилий гуруҳи фаолият кўрсатади.
5. Туман кенгаши бевосита вилоят кенгаши раҳбарлигида ва Республика Маънавият ва маърифат Кенгашининг Фаолият дастури ва Низоми асосида фаолият кўрсатади.
X. Кенгашнинг молиявий маблағлари
1. «Маънавият ва маърифат» Маркази ҳамда Кенгаш қошидаги ташкилотлар Ўзбекистон Республикаси қонунлари доирасида хўжалик ва ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эгадир.
2. Жамоатчи тарғиботчиларнинг сафар харажатлари, маърузалар ҳақи тегишли давлат ва нодавлат ташкилотлари, муассасалар билан тузилган шартнома асосида шакллантирилади.
XI. Кенгашнинг тугатилиш тартиби
1. Республика Маънавият ва маърифат Кенгаши фаолияти конференция қарорига биноан тугатилади.
2. Кенгаш фаолияти суд қарорига биноан ҳам тугатилиши мумкин.
3. Кенгаш фаолияти тугатилганда унинг маблағлари Кенгашнинг асосий мақсад ва вазифалари йўлида сарфланади.
XII. Кенгашнинг қароргоҳи
1. Республика Маънавият ва маърифат Кенгашининг қароргоҳи Тошкент шаҳри, Мавораунаҳр кўчаси, 6 уйда жойлашган.
3-ИЛОВА
Маънавий-маърифий тарғибот ишларини мувофиқлаштириш тизими
Вилоятларда маънавий-маърифий тарғибот ишларини мувофиқлаштириш тизими
Туманларда маънавий-маърифий тарғибот ишларини мувофиқлаштириш тизими
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 й., 9-сон, 242-модда)