Безориликка оид ишлар бўйича суд амалиётида қонунларнинг тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида, «Судлар тўғрисида»ги Қонуннинг 17-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарор қилади:
1. Тушунтирилсинки, безорилик жамоат тартибига қарши қаратилган жиноят бўлиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасликда ифодаланган ҳаракатлар шахсни уриш-дўппослаш, унга енгил тан жароҳати етказиш ёки ўзганинг мулкига анча миқдорда шикаст етказиш ёхуд уни анча миқдорда нобуд қилиш билан боғлиқ ҳолда содир этилади. Қилмишни Жиноят кодекси 277-моддасининг 1-қисми билан квалификация қилиш учун юқорида кўрсатилган оқибатларнинг барчаси бир вақтда мавжуд бўлиши талаб этилмайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик деганда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, одоб ва ахлоқ нормалари, урф-одат, анъаналар билан белгиланган жамоат тартибини (одамлараро муносабатлар, юриш-туриш қоидалари, шаклланган ижтимоий турмуш тарзини) қўпол тарзда бузиш тушунилади. Жамоат тартиби қўпол тарзда бузилиши шахс томонидан ЖК 277-моддаси биринчи қисми диспозициясида назарда тутилган ҳаракатлардан бирортаси содир этилишида ифодаланади.
(1-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 19 майдаги 16-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Майда безорилик тушунчаси Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддасида берилган бўлиб, унинг мазмунига кўра, ушбу ҳуқуқбузарлик жамоат жойларида уятли сўзлар айтиш, беҳаё қилиқлар кўрсатиш, фуқароларга нисбатан ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартиби ва фуқаролар осойишталигини бошқача тарзда бузиш каби жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимасликда ифодаланади. Бунда Жиноят кодекси 277-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноий оқибатлар мавжуд бўлмаслиги керак. Гуруҳ томонидан содир этилган майда безориликни, башарти, ҳуқуқбузарларнинг ҳаракатида Жиноят кодекси 277-моддасининг 1-қисми аломатлари бўлмаса, Жиноят кодекси 277-моддаси 2-қисмининг «б» банди билан квалификация қилиш мумкин эмас.
(2-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 19 майдаги 16-сонли қарори таҳририда)
3. Қилмишни Жиноят кодекси 277-моддасининг 1-қисми билан квалификация қилиш учун безорилик замирида шахснинг баданига енгил даражада шикаст етказилганлиги кифоя. Бунда шахснинг баданига етказилган тан жароҳати унинг соғлиғини бузилишига олиб келган-келмаганлигининг аҳамияти йўқ.
4. Қилмишни Жиноят кодекси 277-моддаси 2-қисмининг «в» банди билан квалификация қилиш учун безорилик замирида совуқ қурол ёки шахснинг соғлиғига амалда шикаст етказиши мумкин бўлган бошқа нарсаларни намойиш қилиш (кўрсатиш)нинг ўзи етарлидир. Бунда уларни қўллашга нисбатан таҳдид бўлган-бўлмаганлигининг аҳамияти йўқ, бироқ бу ҳолат суд томонидан жазо тайинлаш пайтида ҳисобга олиниши керак.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Судлар жиноят қуролини совуқ қурол ёки совуқ қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган ашё деб топишда Ўзбекистон Республикасининг «Қурол тўғрисида»ги Қонунида баён этилган тушунчаларга амал қилишлари лозим. Зарур ҳолларда ушбу масала бўйича қарор қабул қилиш учун суд-криминалистик экспертизаси тайинланиши мумкин.
(4-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2022 йил 14 майдаги 9-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(4-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2022 йил 14 майдаги 9-сонли қарори таҳририда)
5. Безорилик ҳаракатларини Жиноят кодекси 277-моддаси 2-қисмининг «г» банди билан квалификация қилишда суд айбдорнинг айнан қайси ҳаракатлари ўтакетган беҳаёлик деб баҳоланаётганлигини ҳукмда кўрсатиши шарт.
6. Айбдорнинг қилмишини Жиноят кодекси 277-моддаси 2- қисмининг «д» банди билан квалификация қилиш учун безорилик ҳаракатлари ёш болани, қарияни, ногирон ёки ожиз аҳволдаги бошқа шахсларни хўрлаш шаклида содир этилган бўлиши керак.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 19 майдаги 16-сонли қарорига асосан тўртинчи хатбоши билан тўлдирилган)
7. Кўп миқдорда зарар етказиш, бировнинг мулкини нобуд қилиш ёки унга шикаст етказиш билан боғлиқ ҳолда содир этилган безорилик Жиноят кодекси 277-моддаси 2-қисмининг «е» банди билан қамраб олинади ва шунинг учун ҳам ушбу ҳолатни Жиноят кодексининг 173-моддаси билан қўшимча квалификация қилиш талаб қилинмайди. Худди шунингдек, безорилик оқибатида ўзганинг мулкига шикаст етказиш ёки нобуд қилиш анча миқдорда зарар етказиш билан боғлиқ ҳолда содир этилган бўлса, қилмишни Жиноят кодекси 277-моддасининг 1-қисми билан квалификация қилинишининг ўзи кифоядир.
8. Айбдорнинг ҳаракатини Жиноят кодекси 277-моддаси 3-қисмининг «б» банди билан квалификация қилиш учун унинг безорилик ҳаракатлари давомида ўқотар қуролни намойиш қилганлиги фактининг ўзи етарлидир. Иш бўйича айбдор томонидан ўқотар қуролни қўллашга таҳдид қилинганлиги ёки қўлланилганлиги ҳолатлари жазо тайинлашда эътиборга олиниши лозим.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўқотар қурол тушунчасини қўллашда судлар Ўзбекистон Республикасининг «Қурол тўғрисида»ги Қонунига амал қилишлари керак.
(8-банднинг иккнчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2022 йил 14 майдаги 9-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Шу билан бирга, судлар шуни эътиборга олишлари лозимки, айбдорнинг ҳаракатини Жиноят кодекси 277-моддаси 3-қисмининг «б» банди билан квалификация қилиш учун ўқотар қурол жиноят содир этиш пайтида отишга яроқли деб топилган бўлиши шарт. Башарти, яроқсиз бўлса, безорилик Жиноят кодекси 277-моддаси 2-қисмининг «в» банди билан квалификация қилиниши лозим.
(8-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2022 йил 14 майдаги 9-сонли қарори таҳририда)
Безорилик жиноятини содир этишда ишлатилган ёки намойиш этилган ўқотар қурол тегишли рухсатномасиз айбдорнинг эгалигида бўлган бўлса, қилмиш Жиноят кодексининг 248-моддаси билан ҳам қўшимча квалификация қилинади.
10. Безорилик ҳаракатлари давомида айбдор жамоат тартибини сақлаш вазифасини бажариб турган ҳокимият ёки жамоатчилик вакилига ёхуд безорилик ҳаракатларининг олдини олиш (тўхтатиш) чорасини кўрган бошқа фуқароларга фаол қаршилик кўрсатса, шу жумладан, уларга нисбатан ўртача оғир шикаст етказиш даражасида зўрлик ишлатса, бундай қилмиш Жиноят кодекси 277-моддаси 3-қисмининг «г» банди билан тўлиқ қамраб олинади ва Жиноят кодексининг бошқа моддалари билан қўшимча квалификация қилишни талаб этмайди.
Маъмурий жавобгарликка сабаб бўладиган майда безорилик давомида жамоат тартибини сақлаш вазифасини бажариб турган ҳокимият ёки жамоатчилик вакилига ёхуд бундай ҳаракатларни тўхтатиш чорасини кўрган фуқарога нисбатан қаршилик кўрсатилса, бундай қилмиш Жиноят кодекси 277-моддаси 3-қисмининг «г» банди билан квалификация қилиниши мумкин эмас. Бу ҳолда айбдорнинг ҳаракатлари, кўрсатилган қаршиликнинг хусусиятига қараб, Жиноят кодекси Махсус қисмининг тегишли моддалари билан квалификация қилинади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
11. Суриштирув ва дастлабки тергов органлари шахсни айбланувчи тариқасида жиноят ишида иштирок этишга жалб қилиш тўғрисидаги қарорда, айблов далолатномаси ёки айблов хулосасида, суд эса айблов ҳукмида айнан қайси белгиларига кўра айбдорнинг қилмиши Жиноят кодекси 277-моддасининг тегишли қисми ва бандлари билан квалификация қилинганлигини кўрсатиши шарт.
Агар суд, судланувчи зиммасига илгари қўйилган айблов билан боғлиқ бошқа айбловни қўйиш учун ёхуд айбловни оғирроқ айблов билан ёки ҳақиқий ҳолатларга кўра айблов далолатномаси ёки айблов хулосасида назарда тутилганидан жиддий фарқ қиладиган айблов билан алмаштириш, бошқа шахсни айбланувчи тариқасида жиноят ишида иштирок этишга жалб қилиш учун асослар мавжуд деган фикрга келса, Жиноят-процессуал кодексининг 416 ва 417-моддаларига мувофиқ қарор қабул қилади.
(11-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 19 майдаги 16-сонли қарори таҳририда)
12. Агар Жиноят кодекси Махсус қисмининг муайян моддаларида (Жиноят кодексининг 277-моддасидан бошқа) безорилик, ўша жиноятни квалификация қилувчи алоҳида белги сифатида назарда тутилган бўлса, бу ҳолат қилмишни Жиноят кодексининг 277-моддаси билан қўшимча квалификация қилишни истисно этади (масалан, Жиноят кодекси 104-моддаси 2-қисмининг «е» банди, 97-моддаси 2-қисмининг «л» банди).
Олдинги таҳрирга қаранг.
13. Судлар айбдор қасдининг моҳияти ва у нимага қаратилганлигидан, содир этилган ҳаракатнинг мотиви, мақсади ва муайян ҳолатларидан келиб чиққан ҳолда безориликни бошқа жиноятлардан фарқлай олишлари керак. Жумладан, оилада, уйда (хонадонда) қариндош-уруғ, таниш-билишларга нисбатан содир этилган ҳақоратлаш, уриш-дўппослаш, баданга енгил шикаст етказиш каби ҳаракатлар, агар улар шахсий келишмовчилик натижасида келиб чиққан бўлса ёхуд жабрланувчининг ножоиз хатти-ҳаракатлари оқибатида содир этилган бўлса, шахсга қарши жиноят деб баҳоланиши ва Жиноят кодекси Махсус қисмининг тегишли моддалари билан квалификация қилиниши лозим. Башарти, шахс ўз хатти-ҳаракатлари билан айни вақтда жамоат тартибини бузаётганлигини ва жамиятга нисбатан очиқдан-очиқ ҳурматсизлик қилаётганлигини ҳам яққол англаган бўлса, қилмиш безорилик сифатида квалификация қилинади ва шахсга қарши жиноятларни назарда тутувчи моддалар билан қўшимча квалификация қилишни талаб этмайди.
(13-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2015 йил 26 июндаги 11-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
14. Судлар безорилик жиноятларини содир этган шахсларга нисбатан жазо тайинлашда жазо тайинлашнинг умумий асосларидан ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги «Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида»ги 1-сонли қарорида берилган тушунтиришлардан келиб чиқишлари лозим.