Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида
Шартнома
ИТТИФОҚЧИЛИК МУНОСАБАТЛАРИ ТЎҒРИСИДА
2005 йил 14 ноябрь, Москва
(2006 йил 19 июлдан кучга кирган)
LexUZ шарҳи
Мазкур Шартнома Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 6 мартдаги ЎРҚ-20-сонли «Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида Шартномани (Москва, 2005 йил 14 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида»ги
Қонуни
билан ратификация қилинган.
Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
Ўзбекистон билан Россия ва икки давлат халқлари ўртасидаги дўстлик ва тотув қўшничиликнинг тарихий анъаналарига таяниб,
Ўзбекистон—Россия муносабатларида Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида ҳарбий ва ҳарбий-техникавий соҳаларда ҳар томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш тўғрисида 1999 йил 11 декабрдаги Шартнома ва Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида стратегик шерикчилик тўғрисидаги 2004 йил 16 июлдаги Шартнома муҳим роль ўйнаётганини эътироф этиб,
Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги муносабатларни уларнинг халқларининг туб манфаатларига тўла жавоб берадиган, миллий, минтақавий ва халқаро хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашишига хизмат қилувчи, сифат жиҳатидан янги, иттифоқдошлик даражасига кўтаришга интилиб,
турли соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга бўлган ниятга амал қилиб,
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Уставининг, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти асосий ҳужжатларининг мақсадлари ва принципларига содиқлигини тасдиқлаб,
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги доирасида қабул қилинган ҳужжатларни ҳисобга олиб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Ушбу Шартномага мувофиқ Томонлар иттифоқдошлик муносабатларини узоқ муддатга мўлжалланган асосда боғлайдилар ва ривожлантирадилар.
2-модда
Бирор давлат ёки бир гуруҳ давлатлар томонидан Томонлардан бирига қарши тажовузкорлик ҳаракати содир этилса, бунга иккала Томонга қарши содир этилган тажовузкорлик ҳаракати деб қаралади.
Томонлардан бирига қарши тажовузкорлик ҳаракати содир этилса, бошқа Томон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Уставининг 51-моддасига мувофиқ коллектив тарзда ўзини ўзи мудофаа қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш сифатида унга зарур ёрдам беради, шу жумладан ҳарбий ёрдам, ва шунингдек ўз ихтиёрида бор бошқа воситалар билан қўллаб-қувватлайди.
Ушбу модда асосида кўрилган чоралар тўғрисида Томонлар зудлик билан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Хавфсизлик Кенгашини хабардор қиладилар. Ушбу чораларни кўраётганда Томонлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Уставининг қоидаларига риоя қиладилар.
3-модда
Томонлардан бирининг фикрига кўра тинчликка хавф солиши, тинчликни бузиши ёки унинг хавфсизлик манфаатларига дахл қилиши мумкин бўлган, ва шунингдек Томонлардан бирига қарши тажовузкорлик ҳаракати содир этилиши хавфи туғиладиган вазият юзага келса, Томонлар бундай вазиятни тартибга солиш бўйича позицияларни мувофиқлаштириш ва амалий чораларни келишиб олиш учун тегишли маслаҳатлашувлар механизмини зудлик билан ҳаракатга келтирадилар.
4-модда
Хавфсизликни таъминлаш, тинчлик ва барқарорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида Томонлар зарур ҳолларда алоҳида шартномалар асосида бир-бирига ҳудудларида жойлашган ҳарбий объектлардан фойдаланиш ҳуқуқини берадилар.
5-модда
Томонлар тинчликни мустаҳкамлаш, барқарорлик ва хавфсизликнинг глобал, ва шунингдек минтақа миқёсида кучайтириш мақсадида биргаликда ҳаракат қиладилар. Улар низоларнинг олдини олиш ва йўлга қўйиш ҳамда хавфсизлик ва барқарорликнинг минтақавий ва глобал муаммоларини ҳал қилиш ишида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг Хавфсизлик Кенгашининг марказий ролини янада мустаҳкамлашга, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳужжатларида қайд қилинган мақсад ва принципларни амалга оширишга алоҳида аҳамият берадилар.
6-модда
Томонлар халқаро терроризм, зўравонлик экстремизм оммавий қирғин қуролини тарқатиш, наркотик воситалар, психотроп моддалар ва уларнинг прекурсорларининг, қуролнинг ноқонуний айланиши, трансмиллий уюшган жиноятчилик, хавфсизликнинг бошқа янги таҳдидлари ва шаклларига қарши ҳаракат қилиш ва уларни нейтраллаштириш механизмлари самарадорлигини оширишга қаратилган ўзларининг саъй-ҳаракатларини ўзаро мувофиқлаштирадилар ва бирлаштирадилар.
Томонлар яширин миграцияга қарши курашда, шу жумладан жисмоний шахсларнинг ўз ҳудудларидан ва у орқали ноқонуний юришига қарши қурашда ҳамкорлик қиладилар.
7-модда
Томонлар инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари ишида ўзларининг халқаро мажбуриятлари ва ҳар бирининг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширишга кўмаклашишда ҳамкорлик қиладилар.
Томонлар ўзларининг халқаро мажбуриятлари ва миллий қонун ҳужжатларига мувофиқ бир Томон фуқаролари ва юридик шахсларининг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини бошқа Томон ҳудудида кафолатлайдиган самарали чоралар кўрадилар.
8-модда
Томонлар икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантириш ва такомиллаштириш учун халқаро амалиётни ҳисобга олган ҳолда тегишли чоралар кўрадилар.
Томонларнинг бу соҳадаги ҳамкорлигининг асосий йўналишлари — товарлар, хизматлар, капитал бозорини ривожлантириш ва ишлатиш, солиқ, пул-кредит, валюта, молия, савдо ва божхона соҳаларида келишилган сиёсат ўтказиш, инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш.
Томонлар, ўзларининг қонун ҳужжатлари ва халқаро мажбуриятларини ҳисобга олиб, икки давлат хўжалик субъектларига тадбиркорлик фаолияти, ишлаб чиқаришларни биргаликда ривожлантириш, ва шунингдек ўзаро манфаатли иқтисодий дастурларни амалга ошириш учун ўзаролик асосида қулай иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий шароитлар яратиб берадилар.
Томонлар икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатларда ўзларининг товарлар ва хизматлар ишлаб чиқарувчиларининг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишда халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ дискриминацияга асосланмаган чораларни бир-бирига нисбатан қўллашлари мумкин.
9-модда
Томонлар, амалдаги шартномалар асосида эришилган юқори даражадаги ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорликни ҳисобга олган ҳолда, қуролли кучларни замонавийлаштириш ва ислоҳ қилиш, уларни замонавий қуроллар ва ҳарбий техника билан таъминлаш, ва шунингдек бу соҳада бир-бирини қизиқтирадиган бошқа йўналишлар бўйича фаол ҳамкорлик қиладилар. Томонлар тегишли ташқи савдо контрактлари тузиш учун ҳарбий-техникавий ҳамкорликнинг ваколатли субъектларига зарур шароитлар яратиб беришга ҳар қанақасига ёрдамлашадилар.
10-модда
Томонлар миллий ва халқаро транспорт инфратузилмаларини биргаликда ривожлантириш ва фойдаланиш, ўз ҳудудида йўловчи ва юкларни транзит ташиш учун қулай шароитлар яратиб беришда, ва шунингдек бу мақсадларда учинчи мамлакатлар ва халқаро молиявий ташкилотларнинг инвестицияларини жалб қилиш мумкинлигида ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштирадилар.
11-модда
Томонлар илмий-техника, энергетика, молия, инвестиция, банк, авиасозлик, коммуникация соҳаларида, ядро энергетикасида, ахборот технологиялари соҳасида, бир-бирини қизиқтирадиган бошқа соҳаларда тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни таъминлайдилар ва миллий қонун ҳужжатларига мувофиқ бунинг учун зарур қулай шароитлар яратиб берадилар.
Томонлар бундай ҳамкорликнинг аниқ йўналишлари бўйича шартномалар тузадилар.
12-модда
Томонлар кишилар ўртасида бевосита мулоқотлар қилиш ва авж олдириш учун қулай шароитлар яратадилар, инсонпарварлик соҳасидаги ҳамкорликнинг шартнома-ҳуқуқий негизини такомиллаштиришда кўмаклашадилар.
13-модда
Томонлар мунтазам равишда икки томонлама масалалар бўйича, ва шунингдек бир-бирини қизиқтирадиган кўп томонлама муаммолар бўйича маслаҳатлашувлар ўтказадилар. Зарур ҳолларда улар келишилган ҳаракатларни амалга ошириш учун ўз позицияларини мувофиқлаштирадилар.
Икки томонлама маслаҳатлашувлар турли даражаларда, шу жумладан икки давлатнинг давлатлар, парламентлар, ҳукуматлар, хавфсизлик кенгашлари, ташқи сиёсат, мудофаа, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва бошқа вазирлик ва идоралар раҳбарлари даражасида ўтказилади.
Томонлар заруриятга қараб ўзлари аъзо бўлган халқаро ташкилотлардаги фаолиятини ва позицияларини ўзаро мувофиқлаштирадилар. Улар Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо бўлган бошқа давлатлар билан икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор берадилар.
14-модда
Ушбу Шартнома Россия Федерациясининг Коллектив хавфсизлик шартнома ташкилоти доирасида олган мажбуриятларига зид бўлмайди.
15-модда
Ушбу Шартнома ратификация қилиниши лозим ва унинг ратификация қилинганлиги тўғрисидаги ёрлиқлар алмашиши куни кучга киради.
Ушбу Шартнома Томонлардан бири бошқа Томонга ёзма равишда унинг амал қилишини тўхтатиш нияти борлиги тўғрисида хабар берган кундан 12 ой ўтганга қадар кучида қолаверади.
16-модда
Ушбу Шартнома кучга кирган санадан бошлаб Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида ҳарбий ва ҳарбий-техникавий соҳаларда ҳар томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш тўғрисида Тошкентда 1999 йил 11 декабрда имзоланган Шартноманинг 1 ва 2-моддалари амал қилишини тўхтатади.
Москва шаҳрида 2005 йил 14 ноябрда икки нусхада, ҳар бири ўзбек ва рус тилларида тузилди, иккала матн ҳам бир хил кучга эга.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2006 й., 3-4-сон)