Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ТАДБИРКОРЛИК МАҚСАДЛАРИДА ФОЙДАЛАНИШ УЧУН ДАВЛАТ МУЛКИ ОБЪЕКТЛАРИНИ СОТИШНИ ЖАДАЛЛАШТИРИШ ВА УНИНГ ТАРТИБ-ТАОМИЛЛАРИНИ ЯНАДА СОДДАЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 3-сон, 41-модда, 27-сон, 608-модда)
Хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, давлат мулки объектларини сотиш тартиб-таомилларини янада соддалаштириш ва бу жараённи жадаллаштириш, уларни хусусийлаштиришда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, хусусий мулк қилиб сотилган объектларда рақобатбардош товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишни ташкил этиш мақсадида:
1. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг раисига, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларига давлат мулки бўлган ностратегик объектларни, шу жумладан давлат кўчмас мулк объектларини инвестиция мажбуриятлари қабул қилинган ҳолда «ноль» харид қиймати бўйича сотиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ҳуқуқи берилади;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг қарорлари асосида сотиладиган давлат мулки объектларини сотишдан тушадиган маблағлар тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг маҳаллий бюджетларига йўналтирилади, белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси тасарруфида қолдириладиган маблағлар бундан мустасно;
янги иш ўринлари яратиш имконини берган асосий фондларни модернизациялаштирган ва мукаммал таъмирдан чиқарган давлат мулки объектининг ижарачисига уни хусусийлаштиришда ижарага олинган объектни биринчи навбатда сотиб олиш учун устун ҳуқуқ берилади;
танлов ва аукционнинг бирдан бир қатнашчисидан савдо шартларига тўлиқ мос келадиган таклиф тушганида давлат мулки объектини харид қилиш-сотиш тўғрисидаги шартномани тузишга рухсат берилади;
2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб давлат мулки объектларини баҳолаш активлар қийматига таъсир қилувчи бозорнинг жорий конъюнктурасини ва объектив омиллар йиғиндисини ҳисобга олувчи янгиланган миллий стандартлар асосида амалга оширилади;
сотилаётган давлат кўчмас мулк объектлари ва давлат улушлари бўйича харид тўловларини тўлаш муддати давлат мулкини хорижий инвесторларга сотишда Ҳукумат ёки Тендер савдоларини ўтказувчи давлат комиссиясининг қарорларида бошқача тартиб ўрнатилмаган бўлса, 3 йилгача муддатни ташкил этиши мумкин;
Ўзбекистон Республикаси «Давархитектқурилиш» қўмитасининг Давлат архитектура-қурилиш назорати хулосасига мувофиқ яроқсиз деб топилган давлат кўчмас мулк объектларини бузиш тўғрисидаги қарорлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари томонидан қабул қилинади.
2. Қуйидагилар тақиқлансин:
Ўзбекистон Республикасининг талабгор резидентларидан танлов савдоларида давлат мулки объектларини сотиш вақтида буюртманома ва бизнес-режадан бошқа ҳужжатларни талаб қилиш, давлат мулкининг стратегик объектларини сотиш ҳоллари бундан мустасно;
давлат органлари, шу жумладан назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва судлар томонидан хусусийлаштириш натижаларини, шу жумладан, объектлар қийматини баҳолаш натижаларини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш масалаларини ўртага қўйиш.
3. Давлат мулки объектларини сотишда халқаро амалиётда кенг фойдаланилаётган қуйидаги шакллар жорий этилсин:
фонд биржасида аҳолига ва тадбиркорлик фаолияти субъектларига акцияларни бирламчи (IPO) ва иккиламчи (SPO) ошкора таклиф этиш;
ихтисослаштирилган ташкилотлар томонидан электрон шаклда ўтказиладиган танлов ва аукцион.
Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 2017 йилнинг 1 апрелига қадар акциядорлик жамиятларининг рўйхати ҳамда уларнинг акцияларини халқаро амалиётга мувофиқ аҳолига ва тадбиркорлик фаолияти субъектларига бирламчи (IPO) ва иккиламчи (SPO) ошкора таклиф этиш тартиби юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
4. Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда давлат мулки объектларини сотиш бўйича ҳудудий танлов комиссиялари зиммасига:
Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда фойдаланилмаётган давлат мулки объектларини ўз вақтида топиш ва рўйхатини аниқлаш ҳамда уларни танлов савдоларига тезкорлик билан қўйиш;
фойдаланилмаётган давлат мулки объектларининг оммавий ахборот воситаларида, Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг расмий веб-сайтларида албатта эълон қилинишини таъминлаш;
аниқ белгиланган мезонларга, шу жумладан, инвестицияларнинг ҳажмлари ва янги иш ўринлари яратиш шартларига риоя этилган ҳолда савдолар ўтказилиши тўғрисидаги эълонлар расмий нашр этилган кундан бошлаб 60 кундан ошмаган муддатда давлат мулки объектларини сотиш бўйича танлов ўтказишни ташкил қилиш вазифаси юклансин.
5. Маълумот учун қабул қилинсинки, Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан республика минтақаларида ўтказилган ёппасига хатлов натижалари бўйича хусусий мулк қилиб, шу жумладан «ноль» харид қиймати бўйича сотиш учун 600 тадан кўпроқ фойдаланилмаётган давлат мулки объектлари аниқланди.
Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда хатлов натижаларига кўра аниқланган давлат мулки объектларини хусусий мулк қилиб, шу жумладан «ноль» харид қийматида сотиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳаси Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилишини таъминласин.
6. Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда:
давлат мулки стратегик объектларининг ягона рўйхатини;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари томонидан хусусийлаштириш тўғрисидаги қарорлар қабул қилинадиган давлат мулки объектларини аниқлаш мезонларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин.
7. Умумбелгиланган солиқлар тўловчи давлат мулки объектларининг сотиб олувчилари — ташкилотлар олди-сотди шартномаси имзоланган пайтдан бошлаб 12 ой муддатга янги сотиб олинаётган давлат мулки объектлари бўйича мол-мулк солиғи ва ер солиғи тўлашдан озод қилинсин, бўшаган маблағлар хусусийлаштирилган объектларни модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш ҳамда уларни ривожлантиришга мақсадли тарзда йўналтирилсин.
8. Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
9. Мазкур Фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2017 йил 17 январь,
ПФ-4933-сон