Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг
буйруғи
Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг харажатлар сметаси ва штат жадвалларини тузиш, тасдиқлаш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга қўшимчалар киритиш ҳақида
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 3-сон, 47-модда)
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2017 йил 19 январда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2634-1]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 27 декабрдаги ПҚ-2699-сон «Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2014 йил 14 ноябрдаги 74-сон буйруғи (рўйхат рақами 2634, 2014 йил 15 декабрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 51-сон, 612-модда) билан тасдиқланган Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг харажатлар сметаси ва штат жадвалларини тузиш, тасдиқлаш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ қўшимчалар киритилсин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир Б. ХОДЖАЕВ
Тошкент ш.,
2017 йил 16 январь,
5-сон
Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2017 йил 16 январдаги 5-сон буйруғига
ИЛОВА
Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг харажатлар сметаси ва штат жадвалларини тузиш, тасдиқлаш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган қўшимчалар
1. 51-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Бунда Қорақалпоғистон Республикасининг Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бошқармалари касб-ҳунар коллежларининг харажатлар сметаси, штат жадваллари ва вақтинчалик харажатлар сметасини, улар учун Ўзбекистон Республикаси республика бюджети шахсий ғазна ҳисобварақларини очиб, рўйхатдан ўтказади ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича касб-ҳунар коллежларининг жамланма харажатлар сметаси, жамланма вақтинчалик харажатлар сметаси ва жамланма штат жадвалларини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига белгиланган муддатларда рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этади.».
2. 75-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Бюджет ташкилотларининг харажатлар сметасига киритиладиган ўзгартиришлар сони ҳисобга олинаётганда бюджет ташкилотларида ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўлаш учун бюджет ташкилотининг тасдиқланган харажатлар сметаси доирасида бюджетдан ажратиладиган маблағларни бир моддадан бошқа моддага кўпайтиришни ёки камайтиришни назарда тутувчи ўзгартиришлар ҳисобга олинмайди.».