Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 й., 50-сон, 567-модда; 2017 й., 34-сон, 893-модда)
2017 — 2019 йилларда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида
Саноат ва экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш, мавжуд ресурслардан тўлиқроқ ва самарали фойдаланиш ҳамда муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини жадал қуриш, хизматлар ва сервис соҳасини ривожлантириш, аҳолининг бандлиги ва даромадларини ошириш асосида Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманини комплекс ривожлантиришни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. 2017 — 2019 йилларда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманини комплекс ривожлантириш дастури (кейинги ўринларда Дастур деб аталади) тасдиқлансин. Дастур қуйидагиларни ўз ичига олади:
озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат истеъмол товарлари, шунингдек замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича ишлаб чиқариш қувватларини янгидан қуриш, модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш бўйича инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати 1-иловага* мувофиқ;
импортнинг ўрнини босадиган рақобатбардошли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этишни назарда тутувчи ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш лойиҳалари рўйхати 2-иловага* мувофиқ;
хизматлар соҳасини ва сервис инфратузилмасини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳалари рўйхати 3-иловага* мувофиқ;
меъморий қиёфани ўзгартириш, муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини жадал қуриш дастурининг асосий параметрлари 4-иловага* мувофиқ;
ижтимоий инфратузилмани янада такомиллаштириш бўйича инвестиция лойиҳалари рўйхати 5-иловага* мувофиқ.
2. Тошкент шаҳри ҳокимлиги инвестиция лойиҳалари ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини, ишлаб чиқаришнинг мўлжалланган ҳажмлари ўзлаштирилишини ва янги иш ўринлари ташкил этилишини назарда тутган ҳолда Дастур параметрлари сўзсиз бажарилишини таъминласин.
3. 2017 — 2019 йилларда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманини комплекс ривожлантириш дастури параметрлари бажарилишини таъминлаш юзасидан вазирликлар, идоралар, тижорат банклари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика ишчи гуруҳи 6-иловага* мувофиқ ташкил этилсин.
* 1 — 6-иловалар рус тилидаги матнда берилган.
Республика ишчи гуруҳи (У.У. Розукулов):
Дастур амалга оширилишига жалб этилган вазирликлар, идоралар, тижорат банклари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти мувофиқлаштирилишини таъминласин;
муаммоли масалаларни мунтазам равишда кўриб чиққан ҳамда уларни ҳал этиш юзасидан зарур тезкор ва амалий чора-тадбирлар кўрган ҳолда Дастур бажарилиши юзасидан тизимли мониторинг олиб борсин;
тайёрланган ва белгиланган тартибда келишилган лойиҳа ҳужжатлари мавжуд бўлган тақдирда Дастурга, зарурат бўлганда, ўзгартириш ва қўшимчалар киритсин.
4. Вазирликлар, идоралар, Тошкент шаҳри ва Мирзо Улуғбек тумани ҳокимликлари лойиҳаларнинг ташаббускорлари ва Дастур доирасида жалб этилган бошқа ташкилотлар билан биргаликда бир ой муддатда Дастурга киритилган инвестиция лойиҳалари амалга оширилишининг тармоқ жадваллари тасдиқланишини, уларда лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказишнинг, қурилиш-монтаж ишларини бажаришнинг, замонавий технологик асбоб-ускуналар билан бутлаш ва қувватларни фойдаланишга топширишнинг аниқ муддатларини назарда тутсинлар.
5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда ҳар йили Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция дастурини шакллантиришда ушбу қарорга мувофиқ амалга ошириш назарда тутилган инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш ҳажмлари ва манбаларини аниқлаштирган ҳолда унга белгиланган тартибда киритсин.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 21 августдаги 651-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 34-сон, 893-модда)
6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда асосланган ҳисоб-китоблар бўйича Дастурни бажариш учун зарур маблағларни назарда тутсин.
7. Тошкент шаҳрида ер участкалари бериш амалиётини ўрганиш бўйича комиссия шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ 2017 йил 1 февралгача бўлган муддатда Тошкент шаҳри ва Мирзо Улуғбек тумани ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси «Давархитектқурилиш» қўмитаси, «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси билан биргаликда Дастурга киритилган инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши учун ер участкалари белгиланган тартибда ажратилишини таъминласин.
8. Тижорат банкларига Дастурга киритилган инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш, республикада ишлаб чиқарилмайдиган асбоб-ускуналар ва уларга бутловчи буюмларни харид қилиш учун белгиланган тартибда кредитлар, шу жумладан хорижий валютадаги кредитлар ажратиш тавсия этилсин.
9. Тошкент шаҳри ҳокимлиги ҳар чоракда:
халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг мажлисларида Дастурда назарда тутилган тадбирлар ўз вақтида ва сифатли бажарилиши бўйича фаолиятнинг натижадорлигини кўриб чиқсин;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Дастурнинг бажарилиши тўғрисидаги ахборот тақдим этсин.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У.У.Розуқулов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2016 йил 12 декабрь,
400-сон