Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
2017 — 2019 йиллар даврида Наманган шаҳрининг йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 й., 50-сон, 568-модда)
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2016 — 2019 йилларда Наманган вилоятининг саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури тўғрисида» 2015 йил 24 ноябрдаги ПҚ-2439-сон қарорини бажариш юзасидан, Наманган шаҳрини ривожлантиришнинг бош режасини амалга ошириш доирасида йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини янада такомиллаштириш, шунингдек магистрал кўчалар бўйидаги замонавий қурилиш ва ободонлаштиришни амалга ошириш йўли билан шаҳарнинг архитектуравий қиёфасини янгилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
2017 — 2019 йиллар даврида Наманган шаҳрининг мукаммал таъмирланиши керак бўлган кўчалари рўйхати (кейинги ўринларда рўйхат деб аталади) 1-иловага* мувофиқ;
2017 — 2019 йиллар даврида Наманган шаҳрининг муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини — сув таъминоти, канализация, электр таъминоти, газ таъминоти ва телекоммуникациялар тизимларини реконструкция қилиш ва қуриш ишларининг прогноз ҳажмлари 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
2. Қуйидагилар:
Наманган вилояти ҳокимлигининг «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси» давлат унитар корхонаси — Наманган шаҳрининг рўйхатга киритилган кўчаларини мукаммал таъмирлаш, шунингдек Наманган шаҳрининг сув таъминоти ва канализация тизимларини реконструкция қилиш ва қуриш ишларининг буюртмачиси этиб;
«Йўл — лойиҳа бюроси» масъулияти чекланган жамият — Наманган шаҳрининг рўйхатга киритилган кўчаларини мукаммал таъмирлаш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқувчи бош лойиҳалаш ташкилоти этиб;
Наманган шаҳрининг сув таъминоти ва канализация тизимларини реконструкция қилиш ва қуриш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича бош лойиҳалаш ташкилотлари — белгиланган тартибда танлов савдолари натижалари бўйича;
Наманган шаҳрининг рўйхатга киритилган кўчаларини мукаммал таъмирлаш, шунингдек Наманган шаҳрининг сув таъминоти ва канализация тизимларини реконструкция қилиш ва қуриш бўйича бош пудрат ташкилотлари — белгиланган тартибда танлов савдолари натижалари бўйича белгилансин.
3. Қуйидагилар 2017 — 2019 йилларда Наманган шаҳрининг йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини реконструкция қилиш ва қуриш ишларини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
Наманган шаҳрининг тасдиқланган рўйхатга киритилган кўчалари қизил линиялари доирасида мукаммал таъмирлаш бўйича — Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси маблағлари;
Наманган шаҳрининг тасдиқланган рўйхатга киритилган кўчалари бўйлаб жойлашган объектларни кўчириш бўйича — маҳаллий бюджет маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар;
Наманган шаҳрининг тасдиқланган рўйхатга киритилган кўчалари бўйлаб жойлашган, ушбу қарорга 2-иловада* назарда тутилган сув таъминоти ва канализация тизимларини реконструкция қилиш ва қуриш бўйича — капитал қўйилмалар маблағлари;
Наманган шаҳрининг тасдиқланган рўйхатга киритилган кўчалари бўйлаб жойлашган, ушбу қарорга 2-иловада* назарда тутилган электр таъминоти, газ таъминоти ва телекоммуникациялар тизимларини — муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини реконструкция қилиш бўйича — тегишли равишда «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти, «Ўзтрансгаз» ва «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияларининг ўз маблағлари.
4. «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси ва «Шўртан газ-кимё комплекси» масъулияти чекланган жамият 2017 — 2019 йиллар даврида Наманган шаҳрининг сув таъминоти ва канализация тизимларини реконструкция қилиш ва қуриш ишларини бажариш учун белгиланган тартибда аниқланган пудрат ташкилотларига, буюртмачининг асосланган буюртманомаларига биноан, полиэтилен гранулаларга декларация қилинган нархлар бўйича 3-иловага* мувофиқ ҳажмларда полиэтилен қувурлар ажратилишини таъминласинлар.
* 1 — 3-иловалар рус тилидаги матнда берилган.
5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини шакллантиришда келгуси йил учун Наманган шаҳрининг сув таъминоти ва канализация тизимларини лойиҳалаш, реконструкция қилиш ва қуришга тегишли капитал қўйилмалар маблағларини назарда тутсинлар.
6. Наманган вилояти ҳокимлиги:
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси ва «Йўл — лойиҳа бюроси» масъулияти чекланган жамият билан биргаликда — Наманган шаҳрининг тасдиқланган рўйхатга киритилган кўчаларини босқичма-босқич мукаммал таъмирлаш бўйича;
«Ўзкоммунхизмат» агентлиги билан биргаликда — Наманган шаҳрининг сув таъминоти ва канализация тизимларини реконструкция қилиш ва қуриш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларининг ишлаб чиқилишини ва белгиланган тартибда тасдиқланишини таъминласин.
7. Ўзбекистон Республикаси «Давархитектқурилиш» қўмитаси лойиҳа-смета ҳужжатларининг давлат экспертизасидан ўтказилишини таъминласин ва объектларнинг қурилиш-монтаж ишларини бажариш сифати юзасидан давлат архитектура-қурилиш назоратини ўрнатсин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.И. Закиров ва Наманган вилояти ҳокими Х.Х. Бозаров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2016 йил 13 декабрь,
404-сон