Қашқадарё вилояти ҳокимининг
Қарори
Вилоятдаги қоракўлчилик ширкат хўжаликлари балансидаги яйловлар, ҳайдаладиган лалми ерлар ва боғ-токлардан фойдаланганлик учун тўлов миқдорини белгилаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрдаги 290-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш ва ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисида»ги низом (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 йил 43-сон, 530-модда) талабига мувофиқ вилоятдаги қоракўлчилик ширкат ҳўжаликлари балансидаги ерлардан самарали фойдаланишни яхшилаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонуннинг (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил 9-сон, 320-модда) 6-моддасига асосан қарор қиламан:
1. Вилоятдаги қоракўлчилик ширкат ҳўжаликлари балансида бўлган яйловлар, ҳайдаладиган лалми ерлар, боғ-токлардан ва бошқа объектлардан фойдаланганлик учун тўлов миқдори иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Яйловлар, ҳайдаладиган лалми ерлар, боғ-токлардан фойдаланиш мавсуми йилнинг келишига қараб, йил якунигача белгилансин.
3. Қоракўлчилик ширкат хўжаликлари балансидаги яйловлар, ҳайдаладиган лалми ерлар, боғ-токлардан ундириладиган тўловлар тўлиқ ширкат ҳўжаликларнинг жорий йил учун бюджет ва бюджетдан ташқари мақсадли жамғармаларга ҳисобланадиган солиқ тўловларига, бюджет ва давлат мақсадли жамғармалар олдидаги кредиторлик қарзларини сўндиришга йўналтирилсин.
4. Ушбу қарор «Қашқадарё» газетасида эълон қилинсин ҳамда ҳокимликнинг qashqadaryo.uz расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
5. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кириши белгилансин.
6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари М. Ҳайитмуродов зиммасига юклатилсин.
Ҳоким З. РУЗИЕВ
Қарши ш.,
2016 йил 12 май,
Х-223/05-сон
Вилоят ҳокимининг 2016 йил 12 майдаги Х-223/05- сонли қарорига
ИЛОВА
Вилоятдаги қоракўлчилик ширкат ҳўжаликлари балансида бўлган яйловлар ва бошқа объектлардан фойдаланганлик учун белгиланган тўлов
МИҚДОРИ
1. Қоракўлчилик ширкат ҳўжаликлари балансида бўлган яйловлар, ҳайдаладиган лалми ерлар, боғ-токлардан ташкилотлар, корхоналар, фермер ва ёрдамчи ҳўжаликларининг бир бош чорваси учун мавсумда:
йирик шохли мол учун — энг кам иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида;
қўй ва эчкилар учун — энг кам иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида;
от ва туялар учун — энг кам иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида;
2. Қоракўлчилик ширкат ҳўжаликлари балансида бўлган яйловлар, ҳайдаладиган лалми ерлардан қўшимча фойдаланиш учун фуқаролардан бир мавсумда:
йирик шохли мол учун — энг кам иш ҳақининг 15 фоизи миқдорида;
қўй ва эчкилар учун — энг кам иш ҳақининг 8 фоизи миқдорида;
от ва туялар учун — энг кам иш ҳақининг 15 фоизи миқдорида;
3. Қоракўлчилик ширкат ҳўжаликларидаги пичанзорлардан хашак тайёрлашда бир гектар майдон учун энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида;
4. Қоракўлчилик ширкат ҳўжаликлари балансидаги боғ ва токлардан фойдаланганлиги учун 1 йилга энг кам иш ҳақининг 5 баробари миқдорида;
5. Қоракўлчилик ширкат ҳўжаликлари балансидаги қўра қутон ва сув иншоотларидан фойдаланганлиги учун 1 йилга энг кам иш ҳақининг 10 баробари миқдорида.
6. Бир гектар майдонга чорва молларини жойлаштириш меъёри:
бир бош майда шохли молларни жойлаштириш учун 2 гектар майдон;
бир бош йирик шохли мол, от, туя жойлаштириш учун 3 гектар майдон белгиланади.