Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 й., 46-сон, 527-модда; 2017 й., 26-сон, 575-модда)
«Ўзпахтасаноатэкспорт» холдинг компаниясининг пахта хом ашёсини қабул қилиш ва қайта ишлаш, пахта толасини экспорт қилиш ягона комплекси ташкил этилишини ҳисобга олган ҳолда пахта толасини сотиш механизмини янада такомиллаштириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига иловага мувофиқ ўзгартишлар киритилсин.
2. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, молия вазири Р. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2016 йил 2 ноябрь,
ПФ-4854-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 2 ноябрдаги ПФ-4854-сонли Фармонига
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига киритиладиган ўзгартишлар
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июндаги ПФ-5095-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 26-сон, 575-модда)
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Пахта нархини шакллантириш механизми тўғрисида» 2002 йил 20 августдаги ПФ-3114-сонли Фармони 2-бандидаги «Ўзпахтасаноат» уюшмаси» сўзлари «Ўзпахтасаноатэкспорт» ХК, «Ўзпахтасаноат» АЖ» сўзлари билан алмаштирилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тўқимачилик саноати корхоналарини молиявий соғломлаштириш ва уларга пахта толаси сотиш механизмини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2006 йил 21 апрелдаги ПҚ-330-сонли қарори 3-бандининг учинчи хатбошидаги «ташқи савдо компаниялари» сўзларидан кейин «ва Ўзпахтаэкспорт» АЖ» сўзлари билан тўлдирилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Чигит етказиб бериш механизмини ҳамда ўсимлик ёғи ва ёғ-мой маҳсулотлари сотишни тартибга солиш тўғрисида» 2006 йил 31 майдаги ПҚ-360-сонли қарорида:
а) 1-бандининг биринчи хатбошидаги «Ёғ-мой ва озиқ-овқат саноати уюшмаси, «Ўзпахтасаноат» уюшмаси» сўзлари «Ўзпахтасаноат» АЖ, «Ўзпахтаёғ» АЖ» сўзлари билан алмаштирилсин;
б) 6-бандининг биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзпахтасаноат» АЖ ва «Ўзпахтаёғ» АЖ, ёғ-мой ҳамда пахта тозалаш саноати корхоналари раҳбарлари зиммасига тегишли тарзда:».
5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тўқимачилик соҳасининг иқтисодий ночор корхоналарини сотиб олган ёки ишончли бошқарувга қабул қилган инвесторларни давлат томонидан қўллаб- қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2006 йил 21 сентябрдаги ПҚ-474-сонли қарори 2-бандининг иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Пахта толасини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда «Ўзпахтаэкспорт» АЖ орқали хорижий валютага харид қилиш механизми».
6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Пахта толасини республиканинг ички истеъмолчиларига сотишни такомиллаштириш ва тўқимачилик саноатини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2007 йил 21 ноябрдаги ПҚ-733-сонли қарорининг 1-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«1. Республиканинг пахта толасини қайта ишлайдиган барча корхоналари учун пахта толасини эркин айирбошланадиган валютада «Ўзпахтаэкспорт» АЖ ва Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси орқали қонун ҳужжатларида назарда тутилган шартларга мувофиқ харид қилишнинг ягона тартиби ўрнатилсин.»
7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2012 — 2016 йилларда Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини янада модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш дастури тўғрисида» 2012 йил 21 майдаги ПҚ-1758-сонли қарори 4-бандининг иккинчи хатбошидаги «Ўзпахтасаноат» уюшмасининг ҳудудий бўлинмалари» сўзлари «Ўзпахтасаноат» АЖнинг ҳудудий филиаллари» сўзлари билан алмаштирилсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзпахтасаноатэкспорт» холдинг компанияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2015 йил 28 октябрдаги ПҚ-2422-сонли қарори 4-бандининг иккинчи хатбоши қуйидаги мазмундаги иккинчи ва учинчи хатбошилар билан алмаштирилсин:
«Ўзпахтасаноат» АЖга қарашли пахтани қайта ишлаш корхоналарининг уларга бириктирилмаган пахта терминаллари ва ёғ заводларига пахта толаси ва техник чигитни тайёр маҳсулот сифатида етказиб бериши тақиқлансин, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.
«Ўзпахтасаноатэкспорт» ХК бошқаруви раисига «Ўзпахтасаноат» АЖнинг тегишли пахтани қайта ишлаш корхоналарининг пахта терминалларига пахта толасини жўнатишнинг вилоят ички дислокациясини тасдиқлаш ҳуқуқи берилсин».