Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
2016 — 2020 йилларда углеводород хом ашёсини чуқур қайта ишлаш негизида экспортга йўналтирилган тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида
[Кўчирма]
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 2-сон, 30-модда, 22-сон, 419-модда)
Иқтисодиётда таркибий ўзгартиришларни амалга оширишни давом эттириш, нефть-газ саноатини модернизациялаш ва диверсификациялаш, бой нефть, табиий газ ва газ конденсати ресурсларини чуқур қайта ишлашни таъминлаш, экспортга йўналтирилган юқори қўшилган қийматли ярим тайёр ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш, ушбу мақсадларда хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш мақсадида:
1. 2016 — 2020 йилларда углеводород хом ашёсини чуқур қайта ишлаш негизида ташқи бозорларда талаб қилинадиган юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш топшириқлари 1-иловага* мувофиқ белгилансин.
«Ўзбекнефтгаз» МХК, «Ўзкимёсаноат» АЖ ҳамда бошқа акциядорлик жамиятлари ва корхоналар раҳбарлари — масъул бажарувчилар зиммасига 1-иловада назарда тутилган углеводород хом ашёсини чуқур қайта ишлаш негизида тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича топшириқлар белгиланган муддатларда сифатли ва тўлиқ ҳажмда бажарилишини таъминлаш юзасидан шахсий масъулият юклансин.
2. 2016 — 2020 йилларда углеводород хом ашёсини чуқур қайта ишлаш негизида экспортга йўналтирилган юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳалари рўйхати 2-иловага* мувофиқ маъқуллансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги «Ўзбекнефтгаз» МХК, «Ўзкимёсаноат» АЖ ва бошқа манфаатдор тузилмалар билан биргаликда бир ой муддатда 2-иловада кўрсатилган инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг тармоқ жадвалларини тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин, уларда лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказишнинг аниқ муддатлари, замонавий технологик талабларга жавоб берадиган илғор технологияларни танлаш, қурилиш-монтаж ишларини бажариш ва қувватларни белгиланган муддатларда ишга тушириш назарда тутилсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 майдаги ПҚ-2998-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 22-сон, 419-модда)
5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, «Ўзбекнефтгаз» МХК, «Ўзкимёсаноат» АЖ акциядорлик компаниялари ва корхоналар — 2-иловага киритилган инвестиция лойиҳаларининг масъул бажарувчилари билан биргаликда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида замонавий технологияларга эга бўлган ҳамда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг ташқи бозорларга олиб чиқилишини кафолатлайдиган хорижий компанияларни кенг жалб этиш юзасидан комплекс чора-тадбирларни бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва амалга оширилишини таъминласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳар йили Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция дастурини шакллантиришда ушбу қарорнинг 2-иловасида кўрсатилган инвестиция лойиҳалари, уларни молиялаштириш ҳажмлари ва манбалари аниқлаштирилган ҳолда белгиланган тартибда унга киритилишини таъминласинлар.
7-бандга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 августдаги ПФ-5158-сонли Фармонига асосан ўзгартириш киритилган. Рус тили матнига қаранг.
* 1-2-иловалар берилмайди.
8. Республикада ишлаб чиқарилмайдиган, ушбу қарор билан маъқулланган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича четдан келтириладиган технологик ускуналар, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар 2021 йилнинг 1 январига қадар муддатда божхона тўловлари тўлашдан озод қилинсин (божхонада расмийлаштириш йиғимлари бундан мустасно).
9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р. Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғ. Ибрагимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2016 йил 28 сентябрь,
ПҚ-2614-сон