Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 й., 45-сон, 522-модда)
Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш тартибини тубдан такомиллаштириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш асосида уларнинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида бевосита мулоқот қилмайдиган шаклларидан фойдаланишни жадал рағбатлантириш мақсадида:
1. Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш тартибини тубдан такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар комплекси 1-иловага* мувофиқ маъқуллансин. Ушбу чора-тадбирларда тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишни автоматлаштирилган тизимини (кейинги ўринларда — Тизим) босқичма-босқич ишлаб чиқиш ва жорий этиш, 2017 йил 1 апрелдан бошлаб тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан Ўзбекистон Республикаси Давлат интерактив хизматлари ягона порталига (кейинги ўринларда — Ягона портал) интеграциялашган Интернет тармоғидаги Тизим орқали кечаю-кундуз ўтказиш ва ҳисобга қўйиш таъминлансин.
Мазкур қарорнинг талаблари банклар ва кредит бюролари, уларнинг филиаллари ва ваколатхоналари, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотларига татбиқ этилмайди, уларнинг давлат рўйхатидан ўтиши қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
2. 2013 — 2020 йилларда Ўзбекистон Республикасида миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш Комплекс дастурини амалга оширишни мувофиқлаштирувчи Республика комиссиясининг янги таркиби 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 1-2-иловалар рус тилидаги матнда берилган.
3. 2013 — 2020 йилларда Ўзбекистон Республикасида миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш Комплекс дастурини амалга оширишни мувофиқлаштирувчи Республика комиссияси (А.Н. Арипов):
чора-тадбирлар Комплексида назарда тутилган ахборот-коммуникация технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш тадбирларини ўз вақтида ва сифатли бажариш бўйича вазирлик, идора, компания, уюшмалар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштиришни таъминласин;
чора-тадбирлар Комплексида назарда тутилган тадбирлар амалга оширилишини ҳар чоракда ўз йиғилишларида муҳокама қилиб борсин.
4. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги зиммасига Тизимнинг тўлақонли ва ўз вақтида техник фаолият юритиши устидан доимий назоратни таъминлаш;
рўйхатга олувчи ва бошқа ваколатли органларнинг мансабдор шахслари зиммасига — тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартиб ва муддатларини бузганлиги, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишдан ноқонуний бош тортиши ёки бўйин товлаши учун шахсий жавобгарлик;
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги зиммасига — тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг тартиб ва муддатларига риоя қилиш устидан назорат юклатилсин.
5. Белгилансинки,
давлат органларининг мансабдор шахслари Тизимнинг фаолият юритишида нуқсон ва носозликларни аниқлаган вақтдан бошлаб уч иш соатида Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигини бу ҳақда хабардор этадилар;
Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Тизимнинг фаолият юритишида нуқсон ва носозликлар ҳақида олинган маълумотларни таҳлил қилади ҳамда зарур ҳолларда Тизимга тузатишлар киритади;
Тизим фаолиятидаги нуқсон ва носозликлар, улар аниқланган пайтдан бошлаб уч иш кунида бартараф этилиши керак.
6. Тижорат банклари, Ўзбекистон банклари уюшмаси, электрон тўловлар хизматини кўрсатадиган ташкилотларга электрон тўловларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасида мавжуд бўлган электрон тўлов тизимлари, Ягона порталда фойдаланувчининг шахсий кабинети ва «тадбиркорлик субъекти кабинети» билан Интернет тизими орқали банк ҳисоб рақамларини бошқариш тизимини интеграциялашувини амалга ошириш тавсия этилсин.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги электрон тўловлар хизматини кўрсатадиган ташкилотларга Ўзбекистон Республикаси банкларида очилган банк ҳисоб рақамларидан Интернет тармоғи орқали ҳисоб-китоблар хизматини кўрсатиш механизмини белгиланган тартибда амалга оширишда ёрдам кўрсатсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Миллий ахборот-коммуникация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2013 йил 27 июндаги ПП-1989-сонли қарори:
3-иловаси ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;
4-илованинг:
9-банди «Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси» сўзлари «Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги» сўзлари билан алмаштирилсин;
10-банди «масалалари бўйича» сўзларидан кейин «ёшлар сиёсати, маданият» сўзлари билан давом эттирилсин, кейинги ўринлар матн бўйича давом этиб кетсин.
8. Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, вазирлик ва идоралар икки ой муддатда ушбу қарорга ўзининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини мувофиқлаштирсин.
9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2016 йил 28 октябрь,
ПҚ-2646-сон