Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг баъзи қарорларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 й., 40-сон, 469-модда)
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2015 — 2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида» 2015 йил 4 мартдаги ПФ-4707-сонли Фармонига мувофиқ:
1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг баъзи қарорларига иловага мувофиқ қўшимча ва ўзгартишлар киритилсин.
2. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2016 йил 4 октябрь,
ПҚ-2624-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 4 октябрдаги ПҚ-2624-сонли қарорига
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг баъзи қарорларига киритиладиган қўшимча ва ўзгартишлар
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2011 — 2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида» 2010 йил 15 декабрдаги ПҚ-1442-сонли қарори 2-бандининг иккинчи хатбоши, шунингдек унинг 1 ва 1а-иловалари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 2 августдаги 180-сонли қарори билан тасдиқланган инвестиция шартномаларини тузиш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 7-бандида:
а) қуйидаги мазмундаги бешинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«халқаро стандартларга, шунингдек энергия самарадорлиги ва экология нормалари бўйича замон талабларига мос келадиган замонавий ускуналар ва технологияларни етказиб бериш юзасидан чет эллик инвесторнинг мажбуриятлари»;
б) бешинчи — ўн бешинчи хатбошилар тегишли равишда олтинчи — ўн олтинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.