Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Ер қаърини геологик ўрганиш соҳасидаги тадқиқотларни ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 й., 38-сон, 443-модда)
Ер қаърини геологик ўрганиш соҳасида ўтказилаётган тадқиқотларнинг илмий савияси ва самарадорлигини тубдан ошириш, уларнинг республика минерал-хомашё базасини кенгайтиришга йўналтирилган амалий ишланмалар ҳамда геология-қидирув ишларини амалга ошириш билан ўзаро мустаҳкам алоқасини таъминлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг Ҳ.М. Абдуллаев номидаги Геология ва геофизика институтини Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тизимидан Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг тасарруфига ўтказиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин,
2. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги Ҳ.М. Абдуллаев номидаги Геология ва геофизика институти фаолиятининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
ер қобиғи геологик тузилиши ва таркибининг чуқур фундаментал тадқиқотларини олиб бориш, республика ҳудудининг теран ер қаъри тузилишини комплекс ўрганиш ва шу асосда уч ўлчовли геологик-геофизик моделларни тузиш;
геологик тадқиқотлар олиб бориш дастурларининг назарий ва методологик асосларини ишлаб чиқиш, ҳудудларнинг ресурс салоҳиятини баҳолаш ҳамда геокимёвий, геофизик ва минералогик тадқиқотларнинг замонавий технологияларини жорий этиш, геологик жараёнларни компьютерда моделлаштириш, шунингдек фойдали қазилмаларни қайта ишлашда илғор технологияларни татбиқ қилиш;
фойдали қазилма конларини геологик таҳлил этиш, прогноз қилиш ва излаш усулларини такомиллаштиришга, геологик ва геофизик тадқиқотлар соҳасида илғор хорижий технологияларни апробация қилиш ва амалиётда жорий этишга қаратилган амалий тадқиқотлар, ишланмалар ва экспериментларни тизимли равишда амалга ошириш;
геология ва геофизика соҳасида чет эл илмий муассасалари ва марказлари билан ҳамкорликни янада ривожлантириш, илмий конференциялар, семинарлар, қўшма тадқиқотлар, лойиҳалар, ходимларнинг малака ошириши (стажировка) ва ўқишини ташкил қилиш;
геология ва турдош тармоқлар соҳасида халқаро стандартлар даражасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш, олий таълим муассасалари ўқитувчилари ҳамда мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишда иштирок этиш.
3. Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги Ҳ.М. Абдуллаев номидаги Геология ва геофизика институтининг тузилмаси 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг раисига, зарур ҳолларда, Геология ва геофизика институти тузилмасига ходимларнинг умумий сони доирасида ўзгартишлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
4. Белгилаб қўйилсинки:
Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги Геология ва геофизика институти Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Геология ва геофизика институтининг амалдаги шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади, меҳнат шартномалари бундан мустасно;
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасаларининг тегишли лавозимлари учун назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари Институт ходимларига жорий этилади;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси томонидан ўтказиладиган танловларнинг натижалари бўйича ажратиладиган грантлар, хўжалик фаолиятидан тушадиган маблағлар, халқаро ташкилотларнинг грантлари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар Институт фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади.
5. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг қайта ташкил этилаётган Ҳ.М. Абдуллаев номидаги Геология ва геофизика институти илмий ва муҳандис ходимларини аттестациядан ўтказиш бўйича 2-иловага* мувофиқ таркибда Комиссия тузилсин.
* 1-2-иловалар рус тилидаги матнда берилган.
Комиссия (Ғ.И. Ибрагимов) бир ой муддатда илмий ва муҳандис ходимларни аттестациядан ўтказсин ва унинг натижаларига кўра Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги Геология ва геофизика институтини юқори малакали мутахассислар ҳамда истиқболли ёш кадрлар билан тўлдириш чораларини кўрсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси:
бир ой муддатда Геология ва геофизика институтининг уставини белгиланган тартибда тасдиқласин ва унинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;
Геология ва геофизика институти Тошкент шаҳар, Олимлар кўчаси, 49-уй манзилида жойлаштирилсин, институт биносини реконструкция қилиш ҳамда уни ва институтга бириктирилган бошқа объектларни замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш юзасидан зарур чора-тадбирларни амалга оширсин;
бир ой муддатда институтнинг илмий-техникавий лойиҳалари, конструктор-технологик ишланмалари, ускуналари ва бошқа мол-мулкининг талаб мавжудлигини ва кейинчалик амалга ошириш ва фойдаланиш мақсадга мувофиқлигини аниқлаш учун уларни танқидий таҳлил қилиб, тўлиқ инвентаризациядан ўтказсин;
икки ой муддатда геология ва геофизика институтининг 2017 — 2019 йилларга мўлжалланган истиқболли тадқиқотлар дастурини тасдиқласин ва бунда Ер тўғрисида жаҳон илм-фанининг ҳозирги замон даражасига эришишга алоҳида эътибор қаратсин;
Фанлар академияси билан биргаликда бир ой муддатда Тошкент шаҳар, Олимлар кўчаси, 49-уйда жойлашган бинони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Геология ва геофизика институтининг бошқа объектларини Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасига оператив бошқариш ҳуқуқи билан топширишни таъминласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги Геология ва геофизика институти Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғ.И. Ибрагимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2016 йил 13 сентябрь,
ПҚ-2589-сон